Доно халқимиз «Устоз ота каби улуғ» деган ҳикматли нақлни ҳам бежиз айтмаган. Қалб меъмори бўлган муаллим, ёш авлод тарбиясига бутун борлиғини, муҳаббатини, шаҳду шиддатини бахш этади. Кейинги тўрт йил мобайнида, мамлакатимизда таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Энг аввало, тизимини ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчилик касбининг даражасини юксалтириш, унинг жамиятдаги нуфузини кўтаришга муҳим эътибор қаратилди.
Таъкидлаш керакки биргина 1 октябрнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланишининг ўзиёқ ҳар бир касб эгасига садоқат ва маъсулият юклаб, кўтаринкилик, ўз ишига муҳаббат ва рағбат, шижоат бағишлайди. Устоз ва мураббийларга чексиз ҳурмат-эҳтиром ифодаси бўлган ушбу байрам тадбирида, илк бор Президентимизнинг иштироки этиши, мамлакатда устоз мураббийларнинг мартабаси қай даражада эканини, амалда ёрқин кўрсатиб берди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг устозларга мурожаат билан чиқиши, ўқитувчи меҳнатини муносиб баҳолагани ҳам мамлакат келажагига бўлган эътиборнинг юксак намунаси деб биламан. Миллион миллион Ўзбекистон ёшлари қалбига илм-фан зиёсини сингдириш, уларни элу-юрт хизматига ҳамиша шай қилиб, муносиб тарбияламоқ ҳам ўқитувчидан мунтазам меҳнат, заҳматкашлик, руҳий саховат ва қалбан олижанобликни талаб қилади.
Президентнинг эркак ўқитувчиларни зудлик билан мактабларга қайтариш, уларга керакли бўлган зарур имкониятларни яратиш, ва муаллимларнинг жамиятдаги обрўйи ва мавқеини ошириш, уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш бўйича илгари сурган таклифи ҳам мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти учун қилинган оқилона сиёсат намунасидир.
Хусусан, Юртбошимизнинг «Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим», деган жиддий фикрлари биз устозларга катта куч қувват бағишлади.
Президент мурожаатида, парламент аъзоларидан мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришлари муҳимлиги, ва Олий Мажлис палаталарига икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича зарур вазифаларни белгилаб бергани нур устига аъло нур бўлди. Зотан, бугун шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан бу масалага алоҳида ташаббус кўрсатишни талаб этмоқда.
Ҳар бир депутат, Янги Ўзбекистоннинг мактаб остонасидан бошланишига ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги, мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қараши, ёшлар билан доимий равишда мулоқот қилиши, уларнинг муаммо ва таклифлари билан қизиқиши ўз ўзидан аён бўлмоқда. Яна бир бор таъкидлашни истардимки, келажагимиз ворисларига берилаётган бугунги эътибор, таълим-тарбия Ватан истиқболини, халқнинг эртанги тақдирини белгилаб беради.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган 52 ихтисослаштирилган мактабда имконияти чекланган болажонларимиз таълим тарбия олишади.
Бугунги кунда, алоҳида ёрдамга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабимизда 200 нафар ўқувчилар таҳсил олишади. Ўқув жараёнида мактабимизда "Мен яшашни ўрганмоқчиман" дастури асосида ўз ишининг устаси бўлган маҳоратли педагоглар фаолият юритади. Мактаб асосан касбий меҳнатга йўналтирилган бўлиб, ўқувчиларни касб ҳунарга ўргатиб боради. Хусусан, бу йўналишда 40 нафар тажрибали дефектолог педагоглар иш олиб боришади. Биз эркак ўқитувчиларнинг ўрни зарур эканлигини алоҳида эътироф этган ҳолда, 10 нафар эркак ўқитувчиларни ҳам шу йўналишга муваффақиятли жалб қилганмиз. Мактабимиз замонавий таълимга йўналтирилган бўлиб, имконияти чекланган болаларни маънан ва руҳан ривожлантириш мақсадида барча дарслар коррекцион тарзда амалга оширилмоқда. Мактабда меҳнат хоналари замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Ўқувчиларни соғломлаштриш мақсадида спорт зал ва ЛФК —даволаовчи жисмоний тарбия хоналари ташкил қилинган. Мактаб маъмурияти ва фидоий устозларнинг меҳнатлари ва чексиз қалб қўри эвазига ўқувчиларимиз ҳаётда ўз ўринларини муносиб топишда ижобий муваффақиятларга эришилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир», дея таъкидлагани ёдимизда. Мурожаатда бу сўзларнинг яна такроран янграши бежиз эмас. Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Ҳа, таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига намунали татбиқ этадиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи қўлида таълим олган ўқувчилар, Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этишга қодир авлод бўлиб камол топишига ишонаман!
Мактаб остонасидан бошланаётган Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳиссамизни қўшиш эса фидоий, матонатли меҳнат жамоамизнинг ҳам асосий мақсадидир.
Муқаддас Нурмуҳаммедова,
52 сонли ихтисослаштирилган мактаб директори