Миллий тарихни миллий руҳ билан ёзиш керак

    Хоразмликлар қиёфасида Дашти Қипчоқ, Волга бўйи халқлари ҳаётига Исломнинг инсонпарвар тамойилларини олиб киришди. Шарқий Европа ҳудудларида савдо-сотиқ қилиб, катта ҳурмат қозондилар.

    Аждодларимизнинг буюк қаҳрамонликларини билмоқчи бўлсангиз, Жалолиддин Мангубердини, улкан қудратини англамоқчи бўлсангиз, Амир Темурни эсга олинг. Аждодлари Ануштегинийлар авлоди ҳисобланган Сайфиддин Қутуз Миср султони бўлгач, туркийлар ва арабларни бирлаштириб, салибчи рицарлар ва мўғулларга қарши курашлари натижаси ўлароқ, буюк тарих ярата олди.

    Шонли ўтмишимизда кишига ифтихор бағишлайдиган бу каби мисоллар жуда кўп. Оқсоч тарих саҳифаларида қаҳрамон халқимизнинг буюк ўтмиши, аждодларимиз тақдирида белгиланган бу иноят боис Евроосиё кенгликларида халқимизга маданият тарқатувчи, давлат қурувчилик миссияси юклатилган гўё. Бироқ шундай даврлар бўлдики, турли мафкуралар таъсирида аждодларимизнинг бу шонли тарихининг айрим саҳифаларидан халқимиз бебаҳралигича қолмоқда эди. Аждодларимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссаси жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан эътироф этилиб, бу борада юзлаб тадқиқотлар юзага келаётган бир пайтда ўз тарихимиз саҳифаларидан бехабарлик бизни чуқур ўйга толдирар эди.

    Бугун, янги Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек буюк мақсад йўлида ҳаракат қилар эканмиз, бу тарихимизни чуқурроқ, ёт мафкуралардан ҳоли ўрганиш заруриятини шарт қилиб қўйди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак”, – деган сўзлари ўй-хаёлларимизни юксак ғояга айлантирганлиги боис чуқур изланишлар самараси ўлароқ ушбу Хоразмийлар изини излаб номли асаримиз тайёр бўлди.

    Ушбу китобда нафақат юртимиз, балки бутун дунёга тарқалган ўзбекларнинг 5 асрлик тарихи баён қилинади. Аждодларимизнинг Буюк Ипак йўли бўйлаб Хазария ва Булғорда, ундан ўтиб Венгрия ҳудудларида савдо-сотиқ ишларини олиб боришлари, Венгрия ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, сиёсатида алоҳида аҳамиятга эга бўлганлиги, бу эса Марказий Осиёда Биринчи Ренессанс даврида тараққий этган илм-фан натижаси сифатида кўришимиз мумкин.

    Китобда Марказий Осиёнинг қудратли давлатларидан бўлган Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар давлатининг ташкил топиши ва тараққиёти ҳамда таназзулга учраши сабаблари кўрсатиб берилади. Бу давлатларнинг тараққий этишига сабаб сифатида аждодларимизнинг бирлашиб душманларга қарши курашиши натижасида йирик давлат қурганлиги, бирлашмаган вақтида эса ташқи душман олдида ожиз қолганлиги ҳақида фикр юритилади.

    Шафқатсизлиги билан дунёни титратган Чингизхонга ва унинг авлодларига қарши муносиб курашган енгилмас саркарда Жалолиддин Мангуберди ва унинг жияни, ислом қаҳрамони – Сайфиддин Қутузнинг қаҳрамонлиги, жасорати ва метин иродаси ёт мафкуралардан холи равишда ёритилди.

    Бугунга қадар чоп этилган Жалолиддин Мангуберди тарихи тўғрисидаги китобларни ўқир эканмиз, шерюрак баҳодирнинг бевақт ўлими билан қаҳрамонлик ҳикояси тугаб қолар эди. Бу китоб орқали эса Чингизхон томонидан ёқилган уруш оловини Жалолиддин Мангуберди ўчиришга ҳаракат қилгани ва унинг ишини ануштегинийлардан бўлган Сайфиддин Қутуз охирига етказгани ҳақида сўзланади. Тақдир тақозоси билан хоразмликларнинг Яқин Шарққача чекиниб бориб, Шарқда мўғулларга, Ғарбда салибчиларга қарши курашиб, охир-оқибатда улар устидан ғалаба қозонгани бизга ифтиҳор бағишлайди.

    Ўрта асрлар араб тарихчиси Ибн Асир мўғуллар босқини жараёнида уларга қарши тинимсиз кураш олиб борган аждодларимизни ўз кўзи билан кўрган ва ўзининг “Мукаммал тарих” асарида “Аслини олганда Жалолиддин аскарларининг ҳар бири, айтилгани каби, бир қаҳрамонлик достонига соҳиб одамлар эди”, деган фикрни билдиради.

    Шу нуқтаи назардан ушбу китобда жуда кўплаб саркардаларимиз ҳақида сўз юритилади. Мана шу жангу жадаллар даврида Туркия ҳудудида қолиб кетган ҳарбий қисмлар ва уларнинг бугунги кундаги авлодлари ҳақидаги маълумотлар, Хоразм номи билан боғлиқ қишлоқлар, уларнинг рўйхатлари тузилди.

    Бугунги кунда Эрон ва Покистонда Жалолиддин Мангуберди билан боғлиқ бир нечта қалъа ва қўрғонлар, масжидларнинг борлигини ҳам ушбу китобдан билиб олиш мумкин.

    Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили Хоразмга ташрифи чоғида 2021 йил Хоразмда Уйғониш йили бўлиши ҳақидаги даъватлари бизнинг масъулиятимизни янаям оширади. Шу нуқтаи назардан ушбу тадқиқот ишимиз уйғонишимизнинг дастлабки намунаси бўлиб хизмат қилади деб ўйлайман.

    Чуқур илмий таҳлиллари натижасида дунёга келган ушбу асар келгуси авлодларга муносиб армуғон бўлишига ишонамиз.

    Бекзод Абдураимов,

    Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлим раҳбари,

    Жалолиддин Мангуберди фонди раиси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates