Минг шукрки, шундай даврларга ҳам етиб келдик

    Ҳозирда такрорий экин турлари 30 дан ошиб кетган.

    Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига жадал кириб бормоқда. Бу борада сўнгги йиллардаги ўзгариш ва ютуқлар барча соҳаларда кузатилмоқда. Бугунги кунда Президентимиз ҳар бир соҳа ривожига катта эътибор қаратяпти. Мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилиб, ривожланиш, юксалишнинг мустаҳкам пойдевори яратиляпти. Энг муҳими, биз ўзлигимизни, ҳақ-ҳуқуқимизни, маданиятимиз, маъанавиятимиз, тарихимизни янада теранроқ англаб боряпмиз. Бугун дунё бизни, Ўзбекистонни тан олди. Юртдошларимиз, айниқса, келажак авлодларимиз бўлмиш ёшларимиз ўзига бек, ўзбек эканлигини ҳар соҳада намоён этиб келмоқда.

    Айниқса, Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиши, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топа билишида давлатнинг ҳаётий дастурлари тузилиши ҳамда улар негизида салмоқли ва адолатли қарорлар, шунингдек,ҳаққоний фармонлар қабул қилинишида деб биламиз. Жумладан, давлатимиз раҳбарининнг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратяпти. Бугунги кунда юртимиздаги бошқа кўплаб соҳалар сингари қишлоқ хўжалиги ва унга зарур бўлган малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

    Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармони эълон қилиниб, белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора – тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу тармоқ келажагини белгиловчи дастурга айланди. Унда белгиланган барча банд, вазифалар, албатта, мамлакат ривожининг асосий омилларидан бири бўлган қишлоқ хўжалиги истиқболи учун жуда муҳим ва қимматлидир. Хусусан, она заминимиз, тупроқдаги гумус миқдорини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишларга эътибор қаратайлик. Дастурда унинг миқдорини 2021 йилда 5, 2025 йилда 10, 2030 йилгача эса 15 фоизга ошириш кўзда тутилган. Тупроқнинг унумдорлик ҳолати ҳамда дастурда белгиланган чора – тадбирларни амалга оширилиши натижасида республика агро – озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини 2021 йил учун 2,8, 2025 йил учун, 10 миллиард АҚШ долларида, яъни 3,5 баробар ошириш белгиланган.

    Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги яқинлашиб келаётган аснода қишлоқ хўжалиги бўйича эришилган бир қатор ютуқларни ёдга олиш фойдадан холи бўлмайди.

    Мамлакатда деҳқончилик тизими буткул ўзгартирилиб, пахта яккахокимлигига бутунлай барҳам берилди. 1990 йилларда пахтачилик комплексида ғўза майдонлари 1 миллион 720 минг гектардан иборат бўлса, ҳозирда 1 миллион 033 минг гектарни, бошоқли дон экинлари суғориладиган ерларда 1 миллион 283 минг гектарни ташкил этмоқда. Суғориладиган ерларда ғаллачиликдаги ўртача ҳосилдорлик гектар бошига 22,2 центнер атрофида бўлса, сўнгги йилларда 61,6 центнерга, ялпи ҳосил 6 729 000 тоннага етди.

    Деҳқонларимиз учун яна бир қувонарли ҳолатни айтадиган бўлсак, бошоқли дон экинлари ўримидан кейин, йилнинг сув таъминотига кўра, 800-900 минг гектар майдонга такрорий экинлар экилмоқда. Бунинг ижобий томони, аввал беда, ғўза, маккажўхори ҳамда бошоқли дон экинлари экилган бўлса, ҳозирда такрорий экин турлари 30 дан ошиб кетган. Бу эса иқлим ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиб, бир йилда 2–3 марта ҳосил олиш қўшимча даромад келтириши баробарида яна кўплаб ишчи ўринлари яратиляати. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ички бозор тўлиқ таъминланиб, экспорт қилиш имкониятларини оширишига ҳам хизмат қилмоқда.

    Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда етиштирилаётган сабзавот, полиз, мева-боғдорчилик маҳсулотларига хорижий давлатларда эътибор ҳамда уларнинг географияси йилдан – йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилда коронавирус пандемияси авж олган ва дунёда турли чекловлар ўрнатилганига қарамай, 53 хилдан ортиқ мева – сабзавот маҳсулотлари 61 дан ортиқ давлатга экспорт қилинган ва бу ҳолат янада кенгаймоқда. Жумладан, бунга амалий мисол тариқасида АҚШ, Канада, Хитой, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Марокаш, Кипр, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Франция, Испания, Хорватия, Польша, Болгария, Болтиқ бўйи давлатлари, Жазоир, Корея, Япония, Бразилия, Исроил, Австрия, Россия, МДҲ давлатлари ва бошқаларни келтириш мумкин. Энг юқори талаб бўлган маҳсулотлар турларига эътибор қаратсак, булар: сабзавотлардан – қовоқ, қалампир, пиёз, кўк пиёз, картошка, қизил лавлаги, шолғом, мевалардан – шафтоли, қулупнай, лимон, анор, узум, қуритилган маҳсулотлардан – бодом, писта, майиз ва бошқалардир.

    Республикамизда 2019 йилга нисбатан 2020 йилда юқорида қайд этилган сабзавот маҳсулотлари 1,9, мевалар 1,9, узум 1,5 баробарга, полиз экинлари 6 баробарга кўп экспорт қилинишига эришилган.

    Экспорт қилинаётган маҳсулотлар ассортиментини таҳлил қилалиган бўлсак, булар қадим замонлардан буён деҳқонларимиз томонидан муваффақиятли даражада етиштириб келинишини алоҳида таъкидлаш жоиз эмас деб биламиз. Ушбу маҳсулотларни етиштиришни деҳқонларимизга ўргатишни ва тушунтиришнинг ҳам ҳожати йўқ, фақатгина ҳозирги замон, яъни, экспорт талабларига мослаштириш, инновацион етиштириш, сақлаш, қуритиш технологиялари ва техникаларини таништириш бўйича малака ошириш талаб этилади. Шунингдек, ушбу маҳсулотлар майда хўжаликларда тайёрланаётганлигини инобатга олиб, уларни массивлаштириш ёки бир ҳудудда бир турдаги маҳсулот етиштириш деҳқончилик сиёсатига жадал ўтиш талаб этилмоқда. Бу жараёнларга марказлаштирилган ҳолда, томорқа ер эгалари майдонларини жалб этилиши ҳамда уларни иқтисодий жиҳатидан ҳар тарафлама қўллаб – қувватлашнинг янги механизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ушбу йўналишда туб ўзгаришларга олиб келишади. Чунки, хусусий секторда ҳамда фермер хўжаликларида турли сабабларга кўра, 10 – 30 фоизгача маҳсулот йўқотилади ёки стандарт сифати бузилади. Бунинг асосий сабабларидан бири дастлабки сақлаш ва қайта ишлаш тизимини сустлигида деб баҳолаш мумкин. Фермерлар ва шахсий хўжалик эгалари ҳам ортиқча маҳсулотларини нобуд қилмасдан, иқтисодий фойда олиш учун етиштирилган маҳсулотини бемалол келишилган нархда топшириши мумкин бўлган ташкилот ёки корхона ҳар бир ҳудудда бўлиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, республикамизнинг саноат ташкилотлари деярлик чиқитсиз ишлаш тизимига ўтиб бўлган. Эндиги навбат албатта қишлоқ хўжалигигадир.

    Республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида худудларнинг тупроқ – иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб, биргина жорий йилда такрорий экин майдонларига жами 872,8 минг гектар, шундан 111,6 минг гектар сабзавот, 32,8 минг гектар картошка, 39,3 минг гектар полиз, 58,3 минг гектар мойли, 295,9 минг гектар дуккакли дон, 62,7 минг гектар шоли, 42,1 минг гектар тариқ, 7,6 минг гектар супурги ва 222,6 минг гектар озуқа экинлари экилиши режалаштирилган. Ушбу майдонлардан жами 10,7 млн тонна, жумладан, 2,2 млн. тонна сабзавот, 474,7 минг тонна картошка, 734,8 минг тонна полиз, 114,3 минг тонна мойли, 442,8 минг тонна дуккакли дон, 260,5 минг тонна шоли, 73,9 минг тонна тариқ, 57,9 минг тонна супурги ва 6,2 млн. тонна озуқабоп маҳсулотлар етиштирилиши прогноз қилинмоқда.

    Давлатимиз раҳбари томонидан аграр таълим тизимини янада такомиллаштиришга жуда катта эътибор қаратилиб, соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар имзоланди. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 24 мартдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун мухандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги, 2018 йил 8 майдаги “Тошкент давлат аграр университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ги, 2019 йил 19 августдаги “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда 2020 йил 30 июлдаги “Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш учун дастуруламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

    Ушбу қарорларда таъкидланганидек, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳамда янги ташкил этилган унга издош қишлоқ хўжалиги институтларида давр талабларига мос бўлган янги факультетлар ва кафедралар ҳамда сиртқи таълим жараёни ташкил этилиб, улар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Сўнгги йилларда дунёнинг 90 дан ортиқ етакчи олий ва илмий – тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ҳозирги кунда университетда АҚШ, Германия, Россия, Польша давлатларининг 7 та олий таълим муассасалари билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига асосан, 7 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 6 та магистратура мутахассислиги бўйича қўшимча таълим дастурлари жорий этилган. Бу борадаги ишлар университет филиаллари ҳамда янги ташкил этилган институтларда ҳам йўлга қўйилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мустақилликнинг сал кам 26 йили давомида собиқ тизим программаси бўйича кадрлар тайёрланди. Соҳа бўйича хорижий давлатлар билан мутлақо алоқалар бўлмаган, ҳатто, ўзаро ҳамкорликда икки давлатлар ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича сўз бўлиши мумкин эмас эди. Ана энди ҳар соҳа учун дунё эшиклари очилди ҳамда бунинг сарф-харажатларини давлат ўз зиммасига олди. Бунинг биргина натижаларини университетимиз мисолида келтирсак.

    Сўнгги уч йилда АҚШ, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Польша, Россия каби давлатларнинг 80 нафардан ортиқ етакчи мутахассислари иштирокида 150 дан ортиқ мавзуда вебинар дарс машғулотлари ва мастер класслар ўтказилди. Ўқув жараёларига Германия, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон давлатларидан 15 нафар мутахассис жалб этилди. Хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда долзарб йўналишлар бўйича 7 та ўқув адабиёти чоп этилди. Университетнинг 215 нафар педагог ходими ва илмий тадқиқотчиси чет элларда малака ошириш, стажировка ўтади, семинар ва конференцияларда иштирок этди.

    Минг шукурки, шундай даврларга ҳам етиб келдик. Бу, албатта, замон талабига мос бўлган малакали кадрлар тайёрлашга ва ватанимиз қишлоқ хўжалигини барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз, уни янада мустаҳкамлашга барча имкониятларни жалб этмоқдамиз.

    Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсати энди юқоридан бошқарилмай, ишлаб чиқариш талабларидан келиб чиққан ҳолда, Президентимизнинг кўрсатмаларига кўра, ишлаб чиқариш билан уйғунлаштирилиб, унинг ички тизимига ёндаштирилди. Натижада, тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизими шаклланди. Мисол учун, авваллари чорвачилик мутахассиси деб диплом берилар, ушбу кадр чорвачилик бўйича умумий билимларга эга бўлиб, бевосита ихтисослиги кўрсатилмас эди. Ҳозирги даврда эса бевосита ҳар бир соҳа, чорвачиликнинг ҳар бир тури бўйича етук малакали кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда. Қорамолчилик, қўй-эчкичилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик, уларга озуқа етиштиш ва бошқалар. Худди шунингдек, агрономлик, ўсимликшунослик, сабзавотчилик ва бошқа йўналишлар ҳам шуни талаб этиб, бошоқли дон экинлари, пахтачилик, мойли – дуккакли дон экинлари, шоличилик, доривор ўсимликлар, очиқ ва ёпиқ муҳитда деҳқончилик юритиш, лимончилик ва бошқа тор соҳа мутахассисларига талаб юқори бўлиб боряпти. Шуларни инобатга олган ҳолда, янги кафедралар, факультетлар ва магистратура йўналишлари ташкил этилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизими кескин такомиллаштирилди. Шуниси қувонарлики, ушбу янги йўналишларда тайёрланаётган кадрларга қизиқиш, талаб, ишлаб чиқарувчилар томонидан юқори бўлиб, уларни эгаси, яъни иш ўринлари ҳозирданоқ тўлиқ кафолатланган дейишимиз мумкин.

    Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан ўз вақтида қабул қилинган долзарб ва истиқболни кўзлаган қарор ҳамда фармонлар, бундай самарали ўзгаришларнинг негизи, яъни, мамлакат қишлоқ хўжалиги комплексини қайта қуриш, барча механизмларни бозор иқтисодиётига тўғри йўналтириш, илм–фан ва кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши ҳамда бошқа қатор муҳим масалаларнинг ютуғи эканлигини кўрсатмоқда. Демак, самарали қарор ва ижро келажакнинг серҳосил мевасидир.

    Ботир СУЛАЙМОНОВ,

    академик, Тошкент давлат аграр университети ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates