Минтақалараро муносабатларнинг тарихий эврилиши дўст халқлар ҳаётига фаровонлик ва осойишталик бахш этади

    Ўзбекистоннинг 2017-2021 йиллардаги энг янги тарихи Президентимиз Шавкат Мирзиёевни буюк ислоҳотчи сифатида дунёга танитди. Бу беш йилликни халқимиз ва халқаро экспертлар ҳақли равишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги даври сифатида эътироф этмоқда. 

    Фикримиз далили сифатида яқинда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан кейинги беш йилда халқимиз ҳаётида катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлган энг самарали ташаббус ҳамда ислоҳотларни аниқлаш учун ўтказилган экспертлик сўровида маҳаллий ва хорижий 100 нафар эксперт Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга молик 15 та муҳим ислоҳотини шакллантирганини айтиш мумкин.

    Экспертлар фикрича, Ўзбекистон етакчисининг энг муҳим ислоҳотларидан бири Марказий Осиёда яхши қўшничлик муносабатлари ўрнатилгани, чегаралар очилгани ва назорат пунктлари ташкил этилгани, минтақамиз давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилганидир.

    Дарҳақиқат, Ўзбекистон кейинги йилларда, энг аввало, қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида муҳим тарихий ташаббус ва ислоҳотларни амалга оширди. Пировардида йиллар давомида ортга сурилиб келган, шу туфайли оддий фуқаролар, тадбиркорлар кўп муаммоларга дуч келган масалаларга дўстона ечим топилди. Бугун қўшни ва дўст халқларимиз борди-келдиси тикланди, сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Ўзаро маҳсулот алмашиш жонланди. Бу, албатта, ўзаро манфаатли шериклик асосида мамлакатлар иқтисодиёти юксалишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

    Гап қўшни давлатлар билан муносабатларнинг бугунги манзараси ҳақида кетар экан, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкентда ташкил этилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция аҳамиятини алоҳида тилга олиш ўринли.

    Бу конференция Ўзбекистон нафақат Марказий, балки Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳам дўстона ва конструктив руҳдаги муносабатларни йўлга қўйиш тарафдори эканини амалда намойиш этди.

    Юқори даражадаги мазкур тадбирда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, AҚШ, Озарбайжон, Беларусь, Туркия, Буюк Британия, Саудия Aрабистони, Кувайт, Қатар, Италия каби кўплаб мамлакатлар делегациялари, БМТ, ЮНЕСКО, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий кенгаш, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, халқаро молия институтлари, етакчи хорижий таҳлил марказлари экспертлари, журналистлар иштирок этди.

    Таъкидлаш жоизки, барча иштирокчилар ушбу анжуман нафақат тарихий алоқаларни тиклаш ва икки минтақа ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга, балки савдо-иқтисодий, транспорт коммуникацияси, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга ҳам муҳим туртки бўлишини алоҳида эътироф этди.

    Конференция халқаро майдонда янги Ўзбекистоннинг роли ва нуфузи ошиб бораётганини кўрсатди. Бу давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги туб ислоҳотлар, юритилаётган конструктив ва прагматик ташқи сиёсат билан бевосита боғлиқ.

    Президентимизнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қарашлари ва аниқ амалий таклифлари халқаро конференция иштирокчилари томонидан тўлиқ маъқулланди.

    Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуслари Марказий Осиё мамлакатлари учун бирдек муҳим ва нафақат минтақамиз, балки Жанубий Осиё давлатлари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади. Ўз навбатида, эълон қилинган барча ташаббуслар нафақат минтақа давлатлари, балки етакчи мамлакатлар ва халқаро молия институтлари томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани эътиборли.

    Ўзбекистон етакчиси таклифи барча давлатлар манфаатларига жавоб беради. Зеро, унинг асосий йўналиши бутун Евроосиёнинг юраги ҳисобланган Марказий ва Жанубий Осиё маконида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган.

    Ўтган қисқа даврда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақадаги муҳит тубдан ўзгариб, турли соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришга ғов бўладиган муаммоларга ечим топиш мумкин бўлди.

    Бугунги кунда Марказий Осиё жадал ривожланиш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий, транспорт коммуникацияси, маданий, илмий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш даврини бошидан кечирмоқда.

    Aнжуман олдидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё халқаро институтининг расмий очилиш маросими ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этади.

    Бу институт илмий-амалий фаолияти мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш сифатида Марказий Осиё билан боғлиқ минтақавий жараёнлар ва халқаро алоқаларни ўрганишга қаратилган. Шунингдек, у Марказий Осиё давлатлари тадқиқот марказлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.

    Тадқиқотлар ўтказиш билан бир қаторда иқтисодиёт, хавфсизлик, транспорт, энергетика, инновация соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, минтақамизнинг тарихий ҳамда маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларини ишлаб чиқиш институт фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

    Президентимиз конференцияда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, бугунги тараққиёт тенденцияларини тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида ҳар доимгидан ҳам пухта қарорларни ишлаб чиқиш муҳим.

    Марказий Осиё халқаро институти негизида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш учун Марказий ва Жанубий Осиёдаги таниқли олимлар ва тадқиқотчиларнинг доимий экспертлар жамоасини яратиш асосий вазифалар сирасидандир. Биз ҳамкорларимиз билан бирга савдо, транспорт ва коммуникация, энергетика, сув, экология, гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп томонлама лойиҳалар бўйича аниқ ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун эксперт майдонини шакллантириш мақсадида ушбу ташаббусни амалга оширишга тайёрмиз.

    Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Президентининг ташаббусларини рўёбга чиқариш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро конструктив алоқалар ривожини таъминлайди. Бу, шубҳасиз, улкан минтақа халқлари фаровонлиги ва давлатларнинг барқарор тараққиётини таъминлашга муҳим ҳисса қўшади.

    Анвар НОСИРОВ,

    Марказий Осиё халқаро институти директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates