“МИСиС”нинг халқаро ҳамкорлари кўпаймоқда

    Фан 15 ноябр 2022 413

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ёшлар сиёсати соҳасида устувор мақсадлардан бири ёшларни билим ва малакали этиб тарбиялаш, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлашдир.

    Бунда ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш пировард вазифа этиб белгиланган.

    Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги бошчилигида “МИСиС”нинг Олмалиқ филиали ҳамда Германиянинг дунёга машҳур тоғ-кон металлургия соҳасида 110 йиллик бой тарихга эга бўлган “Zeppelin” компанияси билан ўзаро кенг кўламли ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди. “МИСиС” ушбу немис компаниясининг Ўзбекистон ОТМлари орасида илк ҳамкоридир.

    Кўп вақт ўтмай ушбу келишув ўз ижобий натижаларини берди. Хусусан, МИСиСнинг Олмалиқ филиалида таълим сифатини янада ошириш мақсадида европалик ҳамкорлар томонидан энг замонавий тренажер симуляторлар, мультимедия ва компьютер техникалари ҳамда қатор бошқа уқув-услубий ускуналар билан жихозланган қиймати деярли 100 минг еврога яқин ишлаб чиқариш лабораторияси ташкил этиб берилди.

    Бундан ташқари, келгусида хорижий ҳамкорлар “МИСиС”да халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув маърузаларини ташкил қилиш, юқори даражадаги қурилиш ускуналарида ишлаш кўникмаларини ривожлантириш учун симуляторлар билан таъминлашни режалаштирган.

    “Zeppelin” Ўзбекистонда таълим лойиҳалари ҳамда тоғ-кон ва технология университетларига ҳомийлик қилиш учун катта ресурслар ажратишга тайёр. Бизнинг Ўзбекистон ОТМлари билан таълим лойиҳаларимиз нафақат амалий тажриба алмашиш ва саноат ривожига ҳисса қўшиш, балки келажакдаги ёш мутахассислар билан мулоқот қилишдан куч-ғайрат олиш имконияти ҳамда кончиликка янги нуқтаи назар билан қарашдир», - дейди «Zeppelin Central Asia Machinery» вакили Михаил Консевенко.