“Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми немис томошабинлари олқишига сазовор бўлди

    Берлиндаги нуфузли “delphi LUX” кинотеатрида истеъдодли ўзбек кинорежиссёри Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

    Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон кинематография агентлиги томонидан Германия Ташқи ишлар вазирлиги ва “MINZ Internationale Kulturprojekte” ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида бўлиб ўтди.

    Немис томошабинлари ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган фильмни илиқ қабул қилди. Эътиборлиси, фильм инглиз тилидаги субтитрлар билан бирга ўзбек тилида оригинал овозли шаклда намойиш этилди.

    1920 йилларда Туркистон ўлкасидаги фуқаролар уруши шароитида яшаган фильм қаҳрамонларининг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу кинодрама ўзининг фалсафий теранлиги билан немис кино ихлосмандларини эътиборини қозонди.

    Талабчан немис кино мухлислари ўзбек киноижодкорларининг маҳоратини – юқори профессионал режиссёрлик даражаси, операторлар ва овоз муҳандисларининг меҳнати ва, албатта, ажойиб актёрлик ижросини алоҳида эътироф этди.

    Габриэле Минц, “MINZ Internationale Kulturprojekte” ташкилоти директори:

    - Жуда юқори савияли фильмни томоша қилиш имконияти тақдим этилгани учун миннатдорлик билдирамиз. Фильм бизни бошқа замон ва маконга олиб кирди, қаҳрамонларнинг самимий эҳтиросларини ҳис қилдим. Бу фильм таржимага муҳтож эмас.

    Ханна Данхэм, кинотанқидчи:

    - Фильм мени ҳайратга солди. Актёрлар ижроси, уларнинг нозик ва мазмунли нигоҳлари, юз ҳаракатлари ва пластикаси, танланган ранглар менда катта таассурот қолдирди. Драматик тасвирлар ва ажойиб операторлик иши туфайли буларнинг барчаси шунчаки қаҳрамонларнинг ҳаётига киришга имкон берди. Замон манзараси ва ижтимоий-сиёсий вазият иштирокчиларининг кучли ҳис-туйғулари ва эҳтирослари актёрлар труппаси томонидан маҳорат билан очиб берилган. Фильм тугаганидан кейин ҳам менда уларни ўрганиш ва кўриш, шу одамларнинг ёнида яшаш хоҳиши пайдо бўлди.

    Лина фон Крайс, талаба:

    - Таъсирли манзаралар, кучли ракурслар ва ҳаяжонли ҳикоя, кўп қиррали қаҳрамонлар, биринчи навбатда, эпик актёрлар маҳоратидан таъсирландим. «Фариданинг икки минг қушиғи» фильми залда тўпланган барча томошабинларни ўз сеҳрига тортгани намойиш сўнггида бутун кинотеатрда сезилди. Ҳеч ким ўрнидан қимирламади, бир оғиз сўз айтмади. Ҳамма ўз ҳаётига қайтиши учун бироз вақт керак бўлди... Узоқ вақт эсда қоладиган ҳаяжонли фильм.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates