Мудофаа вазири кубоги ғолиблари аниқланди

    Юртимизда ёшларни ҳар томонлама билимли, салоҳиятли, баркамол авлод қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хабар қилганимиздек, мамлакатимизда жорий йилдан бошлаб 3 босқичда мудофаа вазири кубоги учун ўтказилаётган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси минглаб  ёшларни ўзида бирлаштирди. Бир неча кун давом этган  мусобақанинг республика босқичи ўз якунига етди.

    Иштирокчилар илк ҳарбий кўникмаларни синовдан ўтказадиган “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, тиббий билимларнинг амалда намойиши бўлган “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, синчковликни синовдан ўтказган “Моҳир мерган”, ўтмишдан сабоқ чиқаришга ундайдиган “Темур тузуклари билимдони” шартларида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишди.

    Жамоалар мудофаа вазири ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари кўз олдида “Сафда қўшиқ айтиш” шартини бажариб, олқиш олдилар. Ўз жамоаси учун мардонавор курашаётган, қалбида ватанпарварлик туйғуси жўш ураётган ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончи юксак. Бу уларнинг шижоатида, интилишларида яққол намоён бўлди.

    Бир неча кун давом этган ҳарбий-спорт мусобақаси давомида ёшлар билан турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар, экскурсиялар уюштирилди. Гулхан атрофида ташкил этилган “Қўмондон ва ёшлар” учрашувида эртамиз эгалари билан самимий савол-жавоблар ўтказилди.

    Ниҳоят, муросасиз, қизғин баҳс-мунозаралар натижасига кўра “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасида учинчи ўринни Самарқанд вилоятининг “Соҳибқирон Темур” жамоаси, иккинчи ўринни Тошкент вилоятининг “Темур авлодлари” жамоаси қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикасининг “Лочин” жамоаси эса мудофаа вазири кубоги соҳиби бўлди.

    “Энг моҳир мерган” номинациясида Севинч Илёсова (Тошкент вилояти), “Энг кучли спортчи” номинациясида Бунёд Жабборов (Самарқанд вилояти), “Амир Темур тузуклари билимдони” номинациясида Шаҳзод Эргашев (Тошкент шаҳри) ғолибликни қўлга киритди.

    Биринчиликни қўлга киритган жамоа ва номинация ғолибларига кубок, диплом ва эсдалик совғаларни мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов топширди.

    Ёшларни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук, буюк аждодларимизга муносиб этиб тарбиялашда, уларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада оширишда бу каби мусобақалар муҳим аҳамиятга эга экани амалда ўз исботини топти. Ушбу мусобақа ёшлар учун ирода ва маҳорат синови бўлганлиги таъкидланди. Ёш ватанпарварлар юксак орзулар, янги қарашлар, қатъий мақсадлар билан ўз вилоятларига қайтишди.

    Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ходими

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates