Муҳим сиёсий жараённинг муваффақиятли ўтиши учун барча асослар етарли

    Фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки таъминланган адолатли сайловлар демократиянинг ўта муҳим ва зарур шарти саналади.

    Жамиятнинг демократик тамойилларини англатувчи муҳим жиҳатлардан бири ҳаётий қарорларни кўпчилик бўлиб қабул қилишда кўзга ташланади. Бунда ижтимоий-сиёсий ҳаётдан тортиб, барча йўналишлардаги ислоҳотларда халқнинг бевосита иштироки, уларнинг овози ва фикрлари инобатга олиниши давлат ўз фуқаролари билан биргаликда ривожланиш йўлини танлаганидан далолат беради. Ўзбекистон бугун ана шу йўлда жадал ҳаракатланмоқда ва бу йўл ортга қайтмас тус олганига гувоҳ бўляпмиз.

    Гап ислоҳотлар халқ хоҳиш-иродаси, муҳокамаси, таклифлари асосида амалга оширилаётгани ҳақида борар экан, миллий сайлов тизими ҳам шу жараённинг бир қисми эканини айтиш жоиз. Негаки, демократик ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси айнан сайлов жараёнида кўзга ташланади.

    2021 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёдга олайлик. Ўша сиёсий жараён миллий сайлов тизимида янги форматда ва халқаро стандартларга мос равишда ўтгани яхши маълум. Жорий йил 30 апрелда эса юртимиз тарихида илк бор янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилди.

    Муносиб номзодни халқ танлайди

    Миллий сайлов тизими, умуман, ислоҳотлар жараёнида умуммиллий фикрларнинг инобатга олиниши борасидаги ҳаракатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Фуқаролар ўз овозининг муҳим эканини, инобатга олинишини ҳис эта бошлагач, ўз-ўзидан ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Кўпчилик бефарқлик кайфиятидан чиқиб, дахлдорлик ҳиссини туя бошлагани ҳам бор гап. Бунга апрель ойида ўтган референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи иштирок этиб, уларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қиласизми, деган саволга, “ҳа” дея жавоб берганида ҳам гувоҳ бўлдик.

    Ўзбекистонда демократик-ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси бўлган умумий, яширин овоз бериш тамойилларига таянган сайлов ҳуқуқини таъминлаш, эркин ва адолатли, шаффофликка асосланган сайловларни ўтказиш ва уларнинг ҳуқуқий омилларини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилди. Илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек, халқаро стандартлар, фуқаролар сиёсий онги ҳамда электорал маданияти ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талаблари ҳисобга олиниб, мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ҳам такомиллашиб бормоқда.

    Бугунги кунда дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатида сайловлар Сайлов кодексига биноан ўтказилади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга киришилди. 2019 йилда сайловга оид бешта қонун ўрнига ягона Сайлов кодекси қабул қилингани жамиятни демократлаштириш, фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда барқарор ривожланиш ифодаси сифатида намоён бўлди. Мазкур жараён мамлакатнинг барча сиёсий партиялари, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида умумхалқ муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, Сайлов кодексини яратишда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, чет эллик кузатувчилар, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби бир қатор халқаро ташкилотлар миссияларининг Ўзбекистонда ўтган сайловлар бўйича тавсиялари ҳисобга олинган. Зеро, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки таъминланган адолатли сайловлар демократиянинг ўта муҳим ва зарур шарти саналади.

    Бирор ижтимоий-сиёсий ҳодисани овоз бериш йўли билан қабул қилиш тарихдан маълум жараён. Дунёга таниқли арбоблар лидерликка энг муносиб номзодни аниқлаш халқ танлови орқали амалга оширилишининг афзалликлари ҳақида кўп гапирган. Жумладан, Ш.Монтескьенинг “Қонунлар руҳи ҳақида” асарида “Халқ ўзига тегишли бўлган ҳокимиятнинг бир қисмини кимга топшириш кераклиги тўғрисида танловни мукаммал даражада муваффақиятли амалга оширади. Бу ерда халқ фақат ўзи билган ҳолатлар ва энг аниқ далиллардан фойдаланади, холос. Агар кимдир халқнинг раҳбарларни танлаш қобилиятига шубҳа қилса, афиналиклар ва римликлар томонидан узлуксиз, кетма-кет муваффақиятли танланган раҳбарларга эътибор қилсин”, дейилган. Демак, давлат раҳбарининг халқ томонидан сайланиши фуқаролар хоҳиш-иродасини акс эттириш воситаси бўлиб, мамлакатнинг ривожланиш дастурини белгилаб беришига шубҳа йўқ.

    Барчаси очиқ ва шаффоф

    Сайлов ошкора ва ҳаққоний ўтишини таъминлашда кузатувчилар иштироки муҳимдир. Зеро, улар сайлов кампанияси бошланганидан то якуний натижалар эълон қилингунга қадар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб боради. Хорижий ОАВда жараёнлар бориши мунтазам ёритиб борилиши эса ошкоралик муҳити яратилишига хизмат қилади. Рақамларга мурожаат қилсак, мамлакатимиздаги сайлов ва референдумларда иштирок этувчи хорижий ва халқаро кузатувчилар сони сезиларли даражада ошганини кўришимиз мумкин. Жумладан, 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловида 296 халқаро кузатувчи қатнашган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилда 555 нафарни ташкил этди. Бу Ўзбекистондаги сайловлар халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилаётган янги сиёсий муҳит, туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар шароитида ўтаётганидан далолатдир.

    БМТнинг 2005 йил 27 октябрда эълон қилинган Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисидаги декларацияси ва унга илова қилинган Сайловларда халқаро кузатувчиларнинг ахлоқ кодекси қоидалари асосида халқаро ташкилотлар томонидан турли қоидалар ишлаб чиқилган. Улар фаолияти ушбу ҳужжатлар ва давлатларнинг миллий сайлов қонунчилиги билан боғлиқ норматив ҳужжатларга асосланади. Халқаро кузатувчиларнинг сайловлар давомида таҳлил асосида эълон қилинадиган хулосаси йўл қўйилган камчиликларни келгусида такрорламаслик учун қонунчиликка тузатишлар киритиш жиҳатидан ҳам давлатнинг халқаро миқёсдаги ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Юртимиз ҳаётидаги навбатдаги катта сиёсий тадбир – жорий йил 9 июлда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам демократик адолат, ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтиши учун тайёргарлик бошлаб юборилган. Боиси, сайловларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири очиқлик ва ошкораликдир. Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиёти такомиллаштириб борилиши эса давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг самарали механизмига айланиб, унинг изчиллиги ва сиёсий барқарорлигини таъминлашга хизмат қиляпти.

    Шу жиҳатдан, Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирлар ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга маълум қилиб бориши талаб этилади. Бу борада мамлакатимизда ҳеч қандай инкор этувчи жиҳатлар йўқ, аксинча, барчаси ошкора бўлиши, халқ хабардорлигини ошириш учун ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади. Шу маънода, юртимиз бўйлаб муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида ўқув-машғулотлари бошлаб юборилган. Гап шундаки, участка сайлов комиссияларининг қонунийлик, холислик, адолатлилик, ҳаққонийлик ва ошкоралик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатиши сайловнинг муҳим мезонлари ҳисобланади.

    Бир сўз билан айтганда, бўлажак сайлов жараёни ва унинг муваффақиятли ўтиши ҳар томонлама халқимиз хоҳиш-иродаси ва сиёсий фаоллигига боғлиқ ҳодиса бўлиб, тарихда қолишига барча асослар етарли.

    Алишер УСМОНҚУЛОВ,

    Марказий сайлов комиссияси аъзоси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates