Мураккаб атамаларни англаш осонлашади

    Мазкур луғат нафақат фан вакиллари, балки нашриёт ходимлари, ўзбек тилини илмий ўрганишни мақсад қилган барча учун ғоят муҳим қўлланма.

    Экотизим, биохилмахиллик, генофонд каби сўзлар бугун тилимизда кенг қўлланиляпти. Аммо уларнинг мазмун-моҳиятини ҳамма ҳам англайвермайди. Ҳатто мутахассислар ҳам бу борада баъзан қийинчиликларга дуч келишади. Бироқ бугунги кунда таркибида халқаро терминэлементлар бўлган бу каби минглаб сўзлар ўзбек тилининг луғат таркиби ва терминологик тизимини бойитаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, албатта, уларни ўрганишга эҳтиёжимиз бор. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмаси асосида “Халқаро терминэлементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати” чоп этилди. Мазкур луғат тақдимоти Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтди.

    Тилшунослар, тадқиқотчи олимлар ва талабалар қатнашган тадбирда департамент вакиллари, Фанлар академиясининг Ўзбек тили ва адабиёти фольклор институти илмий ходимлари ҳамда муаллифлар луғатнинг яратилиши ва унинг ўзбек тилини ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

    Институт директори Низомиддин Маҳмудовнинг таъкидлашича, асл илдизи юнонча, лотинчага бориб тақаладиган кўпгина сўзлар дунёдаги тилларнинг деярли ҳаммасида фаол иштирок этяпти ва бу ўша тиллар ва фаннинг ривожланишида ўзига хос ўрин тутади. Халқаро терминларни бир бутун ҳолда тасвирловчи бундай луғат ўзбек лексикографиясидагина эмас, балки туркий халқлар луғатчилигида ҳам илк тажрибадир. Уни яратишда Абдуваҳоб Мадвалиев, Неъмат Маҳкамов, Зуҳра Мираҳмедова, Акмалхўжа Саиднўъмонов каби тажрибали муаллифларнинг хизмати беқиёс.

    — Луғат нафақат фан вакиллари, балки нашриёт ходимлари, ўзбек тилини илмий ўрганишни мақсад қилган барча учун ғоят муҳим қўлланма. “Donishmand ziyosi” нашриёти томонидан 3 минг нусхада чоп этилган ушбу китоб 280 бетдан иборат бўлиб, турли соҳа мутахассислари ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган, — дейди Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам Турсунов. — Луғатда мингдан зиёд халқаро терминэлементга изоҳ берилган. Айни пайтда луғатнинг компьютер дастури шакллантириляпти. Шунингдек, қўлланма тез орада лотин ёзувида ҳам нашр этилади.

    Луғат барча давлат ташкилотлари ва идоралари, ҳокимликлар, олий ўқув юртларига беғараз тарқатилади.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates