Мустақиллик байрами арафасида китоблар тақдимоти ўтказилди

    Маданият 18 август 2022 1759

    Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллик байрами муносабати билан Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

    Республика Маънавият ва маърифат маркази Тупроққалъа туман бўлинмаси ташаббуси билан «Долзарб ўн кунлик» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тақдимот тадбирида Мерям Гурбуз қаламига мансуб «Хоразмшоҳларда давлат ташкилоти, иқтисодий ва маданий ҳаёт» китоби тақдим этилди ва китобнинг қисқача мазмуни китобсевар иштирокчиларга таништирилди.

    Тақдимотда мактабларнинг тарих, тарбия, адабиёт фан ўқитувчилари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.

    Мерям Гурбуз қаламига мансуб китоб Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат Кенгаши «Жалолиддин Мангуберди» фонди томонидан нашрга тайёрланди.

    Китоб туркиялик тадқиқотчи Мерям Гурбузнинг 2005 йилда Туркияда ҳимоя қилинган докторлик диссертациясидир. Мерям Гурбуз жуда кўплаб ўрта аср тарихий манбалари, археологик, нумзматик, этнографик, лингвистик каби кўплаб жиҳатларга кўра Хоразмшоҳлар давлати ташкилоти, иқтисодий ва маданий ҳаётини ўрганади. Ғарб тадқиқотчилари, араб, форс, рус, урду тилида қилинган жуда кўплаб тадқиқот ишларини таҳлил доирасига тортади.

    Китобнинг биринчи бўлимида хоразмшоҳлар давлатида тахтга чиқиш тартиби, бошқарувдаги унвонлар, пул тизими, давлат рамзлари, давлатнинг ҳарбий қуввати ва унинг таркиби, қурол-аслаҳалари, иқто тизими, қозилик тизими каби масалаларга эътибор қаратилган.

    Иккинчи бўлимда хоразмшоҳларда иқтисодий ҳаёт: қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, солиқ тизими ва тўловлар каби масалалар ёритилади. Учинчи бўлимда эса хоразмшоҳлар давлатида маданий ҳаёт: илм-фан, бунёдкорлик фаолияти, тил масаласи каби жиҳатлар аниқ манбалар асосида муҳокама қилинади. У хоразмшоҳлар давлатидаги бошқарув анъаналарини Буюк Салжуқийлар давлати анъаналари давомчиси сифатида кўради. Жуда кўплаб ҳолатларда уларни солиштиради ва кўп бора бунга урғу беради.

    Китоб Таржимон Назарбек Раҳим томонидан ўзбек тилига ўгирилган бўлиб, ўзига хос дизайн ва юқори полиграфик сифатда нашр этилган.

    Туман ҳокимининг маслаҳатчиси Г.Собирова Мерям Гурбуз қаламига мансуб «Хоразмшоҳларда давлат ташкилоти, иқтисодий ва маданий ҳаёт» китобининг мазмун моҳияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритди. Шундан сўнг китобдан ўрин олган Хоразмшоҳлар даври лавозимларининг ўша даврдаги номланишини ўқиб берди. Кенг жамоатчиликка ушбу китобни ўқишни тавсия қилди. Шунингдек, туманимизда ҳам буюк тарихчилар етишиб чиқиши йўлида биргаликда ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади. Тақдимот якунида иштирокчиларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

    Фатима Сейдабдуллаева,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Тупроққалъа туман бўлинмаси раҳбари.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates