Муваффақиятимиз сири — ҳамжиҳатликда

    Қайта аттестация жараёнида олинган назорат ишлари натижаларига кўра, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 48 фоиздан 83,9 фоизга кўтарилди.

    Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи Равшан ЭРГАШЕВнинг yuz.uz сайтида берилган "Мактаблар аттестацияси жазоловчи восита эмас" мақоласида мактабимиз ҳақидаги жумлаларни ўқиб таъсирландим. Шу бўйича ўзимнинг фикримни билдиришни жоиз деб топдим.

    Ҳақиқатан ҳам, мактаб-интернатимиз 2020 йили февраль ойида ўтказилган аттестация жараёнида қониқарсиз баҳоланиб, аккредитацияланмаган.

    Шундан сўнг ўзимизга ўта ишониб юборганимиз, таълим-тарбияга кам эътибор қаратганимизни ва фақат ўқувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга киритиш орқали таълим сифатини яхшилаб бўлмаслигини тушуниб етдик. Аттестация жараёнида қониқарсиз баҳоланган кунимиздан бошлаб ушбу вазифани тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратдик.

    Ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказилиб, таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича режа ишлаб чиқилди.

    Мактаб-интернатда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун шароит яратиб берилди. Муассасанинг моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича информатика кабинети ва ўқитувчилар хонаси замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди.

    Таълим сифатини ривожлантириш бўйича мактаб-интернатда ўтган бир йил давомида жамоа ўз устида ишлаб, ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида “йўл харитаси” ва “истиқбол режаси” тасдиқланиб, ҳар чорак якуни бўйича мониторинг олиб борилди.

    Натижада мактаб-интернатнинг кимё, она тили, математика, биология, тарих хоналари янги мебеллар жамланмаси билан таъминланди. Педагогларнинг мустақил малака ошириши учун шароит яратилиб, уларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман халқ таълими бўлими методистлари ва Наманган давлат университетининг профессор ўқитувчилари билан устоз-шогирд анъанаси асосида илмий ҳамкорлик ўрнатилди.

    Паст ўзлаштирувчи ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш бўйича ўқитувчилар томонидан қўшимча дарслар ташкил этилди, фан тўгараклари фаолияти кучайтирилди. Ҳар чоракда ўқувчилар билимини мониторинг қилиб бориш бўйича Давлат тест маркази билан шартнома тузилиб, болаларнинг ўзлаштириш динамикаси таҳлил қилиб борилди.

    Паст ўзлаштирувчи ўқувчилар, энг аввало, синфдаги иқтидорли ўқувчиларга бириктирилиб, ўқитувчилар дарсдан сўнг фан тўгараклари, қўшимча машғулотлар жараёнида ўқувчилар билимидаги бўшлиқни тўлдириш имкониятига эга бўлди.

    Биология фани ўқитувчилари О.Маврулова, Д.Рўзиева, кимё фани ўқитувчилари С.Мамажонова, Б.Умирзоқовнинг вилоят, республика ва ҳатто жаҳон миқёсида ташкил этилган халқаро семинар ва конференциялардаги иштироки, у ердан олинган тажрибаларини жамоада педагогик кенгашларда фикр алмашиш орқали етказиб бергани устозларга куч-қувват бағишлади.

    Бу ютуқларга эришишимизда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш бўлими ходимларининг муҳим кўрсатма ва топшириқлари асосий роль ўйнади. Чунки инспекция ишчи гуруҳи мактаб-интернатимизга келиб, шарт-шароитлар билан танишиб, йўл-йўриқлар кўрсатди.

    Натижада мактаб-интернатдаги олий тоифали ўқитувчилар улуши 17 фоиздан 31 фоизга, биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 27 фоиздан 55 фоизга ошди. Бугунги кунда мактаб-интернатдаги 29 нафар ўқитувчининг 9 нафари олий тоифали, 16 нафари биринчи тоифали, 3 нафари иккинчи тоифали ва 1 нафари мутахассис ўқитувчилар бўлиб, педагоглар салоҳияти 86 фоизни ташкил этди.

    Қайта аттестация жараёнида олинган назорат ишлари натижаларига кўра, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 48 фоиздан 83,9 фоизга кўтарилди.

    Ўқувчилар ётоқхонасига 50 дона кароват берилди. Яшаш шароитини яхшилаш мақсадида иккита ювиниш хонасига сув иситиш мосламаси ўрнатилди. Дам олиш хонасига янги телевизор ўрнатилди ва ўқувчилар маданий дам олиши учун етарли шароитлар яратилди.

    Албатта, тушкунликка тушган жамоанинг бошини бириктириш осон бўлмади. Устозлар ва ота-оналарнинг саъй-ҳаракатини алоҳида таъкидлаш ўринли. Эришилган бу муваффақиятда аҳил жамоанинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши, устозларнинг шогирдларга беғараз ёрдами, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг бетиним изланиши, ўз вақтида маданий дам олгани, спорт мусобақаларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлаш жоиз.

    А.ҚЎЗИЕВ,

    Наманган шаҳридаги

    1-ИДУМИ директори