баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Муваффақиятли миллий ислоҳотлардан глобал ривожланишга чорлов

    Фикр 29 сентябр 2020 90

    Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқи янгиланаётган Ўзбекистонда кейинги тўрт йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, улар натижасида эзгулик ва маърифатга асосланган жамият барпо этиш йўлидаги ҳаракатларни глобаллаштиришга қаратилган муҳим қадамдир. Ушбу нутқ она тилимизда янграгани барчамизнинг кўнглимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

    Президентимизнинг ҳар бир гапи ва таклифи янги Ўзбекистонимизда меҳнат қилаётган, ислоҳотларга камарбаста бўлган халқимиз учун тарихий воқеа бўлди.

    Мазкур тарихий нутқда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ҳаётий мисолларда қайд этилди. Шунингдек, дунё ҳамжамияти кун тартибида турган долзарб масала ва муаммолар хусусида сўз юритилиб, уларни оқилона ҳал қилиш борасида конструктив ечим ва таклифлар билдирилди.

    Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган таклифларнинг барчаси замирида, аввало, ўзбек халқининг асрий анъана ва фазилатлари, қолаверса, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни глобаллаштириш масаласи ўрин олган. Давлатимиз раҳбари минтақани ривожлантириш орқали нафақат Ўзбекистон ва қўшни давлатлар, балки дунё мамлакатларининг иқтисодий-ижтимоий ўсишини таъминлаш мумкинлигига урғу берди.

    Ҳар қандай оғир шароитда ҳам, жумладан, ҳозиргидек пандемия даврида ҳам дунё халқлари вужудга келган муаммога имконият деб қараса, уларни ҳал этишга астойдил бел боғласа, барча қийинчиликлардан талафотсиз ўтишимиз мумкинлигини нуфузли минбарда қайд этаркан, давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамиятини бир ёқадан бош чиқариб ишлаш, тўғри қарорлар қабул қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишга чорлади. Ҳар қандай инқирозни имконият майдонига айлантириш мумкинлигини таъкидлади.

    Давлатимиз раҳбари БМТ шафелигида пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифини билдираркан, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш бош масала эканига алоҳида урғу берди. Коронавирусга қарши курашда турли давлатлар томонидан тўпланган тажрибани бирлаштириш, айни кунларда айрича фойдаланилаётган меъёрларни дунё мамлакатларида жорий этиладиган ягона норматив мажмуага айлантириш ҳақиқатан ҳам ўта долзарб масаладир. Бу келажакда такрорланиши мумкин бўлган биологик офатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича ­Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш масаласи мамлакатимизда юритилаётган ёшлар сиёсатининг узвий давомидир. Барчамиз ­Президентимизнинг ёшларга ишончи юксаклиги, айнан улардан умиди катталигини биламиз. Ўзбек ўғил-қизларининг сифатли билим олиши, зако қувватини мамлакатлар тараққиёти йўлида сарфлаши учун кенг имконият яратиш орқали давлатимиз янги марраларга эришиши кўзланмоқда. Давлатимиз раҳбари Бош ­Ассамблеянинг 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилган эди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати шу тариқа глобал қамров касб этаётгани, айниқса, эътиборга молик. Чунки ёшларнинг ғайрати, иқтидори, яратувчан фикрлаши, қийин ишларга-да иккиланмай бел боғлаши тез ўзгарувчан, янгиликларга бой, инновацияларга эҳтиёж юқори бўлган давримизнинг нажоти дарвозаси, десак сира муболаға бўлмайди.

    Мамлакатларнинг ривожи уларнинг транспорт коммуникацияларига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Президентимизнинг транспорт коммуникациясини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш сифати ва тезлигини оширади. Йўловчи ва юкларни ташиш жараёнини мўътадиллаштириб, минтақанинг транзит имкониятини кенгайтиради. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг жадал ўсиши ва хавфсизлик масалаларининг ижобий ўзгаришига олиб келади. Давлат раҳбаримизнинг ушбу таклифи минтақамизда кўп йиллардан бери шаклланган ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик анъаналарини давом эттирибгина қолмай, уларни янада кучайтиради. Қон-қардошлик, тақдирдошлик, елкадошлик тамойилларини янги босқичга олиб чиқади.

    Ушбу таклиф БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасида минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ҳамда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусидаги халқаро форум ўтказилиши билан чамбарчас боғлиқ. Тарихан Шарқ ва Ғарб цивилизацияларининг марказида жойлашган юртимиз уларнинг бир-бирига интеграцияси, ўзаро фойдали муносабатлари, ҳамжиҳат ривожланиш ва асрий тинчлик-тотувликни сақлаш тамойилларида етакчи роль ўйнагани маълум.

    Халқимизда “Ён қўшни — жон қўшни” деган мақол бор. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш фикри қўшни Афғонистонда тинчлик, барқарорлик, фаровонликни таъминлашга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб этишга қаратилган. Неча ўн йиллардан бери уруш, зўравонлик, хурофот ичида яшаётган ён қўшнимизнинг бугуни ва эртасининг ёруғ бўлиши биз учун ўта муҳим масаладир. Қўшнимиз тиниб-тинчиб яшамас экан, бизга бир бурда нон ҳам татимайди. Давлатимиз раҳбарининг “Фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бу борада “Беқарор ва вайронкор вазиятдан — тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир”, деган таъкиди қадимдан шаклланган, тинчликпарварликка йўғрилган анъаналаримизга уйғундир.

    Шу ўринда қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясидаги асосий мавзулардан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш ҳам дунёдаги энг долзарб масалалардандир. Камбағалликни қисқартириш бўйича иқтисодий ва гуманитар чора-тадбирларни амалга ошириш инсониятдан заковат, меҳр ва ирода кучининг бирлашувини талаб этади.

    Қашшоқлик ва камбағаллик ҳозирги кунда экологик муаммолар билан боғлиқлигини, айниқса, сув танқислиги озиқ-овқат хавфсизлигига дахл қилишини танамизда ҳис этяпмиз. 1965 йилга қадар дунёдаги тўртинчи катта кўл бўлган Орол денгизининг қуриши собиқ иттифоқ даврида сув ресурсларини нотўғри бошқариш ва фойдаланиш натижасида юзага келган энг катта экологик фалокатлардан биридир. Орол денгизи сувининг қуриши оқибатида экологик, иқлимий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирознинг юзага келгани Ўзбекистон ва Орол денгизи минтақаларининг барқарор ривожланишига жиддий тўсқинлик қилди. Ер майдонининг таназзулга учраши ва чўлланиши, сув ва ер ресурсларининг ифлосланиши ҳамда шўрланиши, ичимлик сувининг етишмаслиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг камайиши ва йўқолиб кетишига сабаб бўлди.

    Орол денгизидан ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ чанг ва заҳарли туз атмосферага 1000 км.гача радиусда тарқалади. Шунингдек, биз қурғоқчилик, қум ва тузли бўронлар каби ҳодисалар интенсивлиги ҳамда такрорланиш тезлигининг босқичма-босқич ўсиб боришини кузатмоқдамиз.

    Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамият эътиборини Орол денгизида юзага келаётган муаммоларга қаратмоқда. 2017 йил ­19 сентябрда Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзга чиқиб, ушбу муаммога минтақанинг барча мамлакатлари манфаатини инобатга олган ҳолда БМТ ҳомийлигида муросага келиш зарурлигини таъкидлаган эди. Орол денгизини тўлиқ тиклаш мумкин бўлмаса-да, унинг салбий оқибатларини юмшатиш мумкин. Ҳозирги даврнинг энг муҳим вазифаси — Орол денгизи инқирозининг атроф-муҳитга ва Орол денгизи минтақасида яшовчи миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига зарарли таъсирини камайтириш.

    Мамлакатимиз ташаббуси билан Орол денгизи минтақасини ривожлантириш бўйича БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди ташкил этилди. У барча манфаатдор томонлар учун ягона платформани тақдим этиш, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, халқаро молия институтлари, фуқаролик жамияти, икки томонлама ва кўп қиррали донорлар Орол денгизи инқирозининг салбий экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича самарали чораларни кўриб чиқишга қаратилган.

    Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида Орол денгизи ва унинг атрофида амалга оширилаётган ижобий ишлар хусусида тўхталиб, Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш, бу бўйича махсус резолюция қабул қилиб, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш халқаро куни сифатида нишонлаш таклифини илгари сурди. Бу ташаббус миллатимиз, юртимиз ва минтақадаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз. Ҳозир “Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” концепцияси лойиҳасини Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури, шунингдек, республикамиз вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда тайёрлаш ишлари якунига етмоқда.

    Президентимизнинг жаҳон мамлакатларига билдирган таклифлари замирида меҳнаткаш халқимизнинг асрий анъаналари, эзгу ниятлари, маънавий-маърифий қарашлари намоён бўлиб турибди. Шунингдек, бу таклифларда ҳамдардлик ва жонкуярлик, минтақа халқлари тақдирига бефарқ бўлмаслик, барчага яхши муносабатда бўлиш каби мусаффо ниятлар ҳам акс этган. Бошқа жиҳатдан, мазкур нутқдаги фикрлар бундан бир неча йил аввал юртни муқаррар бўҳрондан қутқариб, юксалишига сабабчи бўлган улуғ мақсадлар, некбин ғояларнинг мамлакатимиздан минтақага ва ундан бутун оламга эзгулик ва яхшилик чорлови, халқ маънавияти ва маърифатининг гултожи сифатида тақдим этилгани билан алоҳида диққатга лойиқ.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    инновацион ривожланиш вазири, академик