Музбелда иккита маданий қатлам аниқланди

    ЎзФА Миллий археология марказининг “Қанқа экспедицияси палеолит бўлими” томонидан Ангрен воҳаси, Янгиободсой ва Қорабоғсой юқори оқими, Музбел ҳамда Кўк шашир дараларида олиб борилган тадқиқот ишлари натижасида ҳудудда бир қатор археологик ёдгорликлар топиб ўрганилди.

    Экспедиция давомида ўрта палеолит даврига тегишли Музбел 1 манзилгоҳ-устахонаси аниқланиб, дастлабки қазув ишлари амалга оширилди. Мазкур ёдгорликнинг Ўзбекистон палеолит даврини ўрганишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Ҳозирда 2х1 м. ҳажмдаги майдонда олиб борилган қазиш ишлари натижасида иккита маданий қатлам аниқланди. Музбел 1 манзилгоҳ-устахонасидан топиб ўрганилган тош артефактлар таҳлили ёдгорликни Обираҳмат маданиятига оид ёдгорликлар гуруҳига мансублиги борасида дастлабки тахминларни илгари суриш имконини бермоқда.

    Бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё палеолити учун мавжуд муаммолардан бири бу очиқ турдаги ёдгорликларда маданий қатламнинг бузилмаган ҳолда сақланиши муаммосидир. Музбел 1 ёдгорлиги маданий қатламлари сатҳидаги артефактларнинг ётиш ҳолати ва ўзаро бир-бири билан боғлиқлик ҳосил қилиши эса маданий қатламларнинг яхши сақланганлигини кўрсатмоқда.

    Аниқланган ёдгорликларнинг иккинчи, бошқа бир туркуми қоятош суръатлари билан боғлиқ бўлиб, Қорабоғсойнинг юқори оқими Кўк шашир дарасида турли даврларга тегишли кўплаб қоятош суратлари аниқланди. Қоятош суратларида турли ҳайвонлар, инсон ҳамда геометрик шакллар тасвирланган. Улар ишланиш усули ва композицияси жиҳатидан бир-биридан фарқли ва ўхшаш хусусиятларга эга. Қоятош расмлари ичида қадимги суғд ёзувида битилган ёзув ҳам аниқланган бўлиб, бу петрографик ёдгорликларнинг ижтимоий-маданий мансублигини аниқлаш имконини беради.

    Қўлга киритилган маълумотларнинг бир қисми ер юзасидан топилган топилмалар билан боғлиқ. Музбел 1 ёдгорлиги ва Кўк шашир дарасида жойлашган адирлик юзасидан топилган иккита тош буюм қадимги жамоалар тўқимачилик ёки заргарлик ҳунармандчилиги фаолияти ҳақида маълумот бериши мумкин. Бу каби топилмалар ноёб ҳисобланади. Ҳозирда уларнинг даври, аналогияси ҳамда интерпретацияси ҳақида бирор фикр юритиш қийин.

    Тош буюмларнинг нималиги ва қандай вазифа бажарганлигини трасологик тадқиқот натижасида аниқлаш зарур. Бу каби тош буюмларга ўхшаш тош туморлар сўнгги палеолит давридан бошлаб пайдо бўлган. Кўк шаширдан топилган топилма Хакасия ҳудудидаги Кичик Ся ёдгорлигидан топиб ўрганилган тош туморларга ўхшаш. Ҳар иккала топилма ер юзасидан топилган бўлсада уларнинг ҳудудий яқинлиги, ҳудудда ушбу турдаги хом-ашё заҳирасининг мавжудлиги уларнинг битта давр ва жамоага тегишлилиги эҳтимолини оширади. Шунингдек, битта турдаги фаолият натижаси ёки мақсадида тайёрланган бўлиши мумкин.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates