Музейлар ҳафталиги ёхуд моддий сақланмаларнинг жамият тафаккуридаги аҳамияти қанчалик юқори?

    Жорий йил 2-8 сентябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб анъанавий “Музейлар ҳафталиги” акцияси бўлиб ўтди. Етти кун давомида барча давлат музейларига ташриф буюрувчилар учун бепул кириш имконияти тақдим этилди.

    Ушбу ташаббус мамлакатимиз маданий меросини ҳар бир фуқаро ва меҳмонга таништириш, шунингдек, ёшларда тарих, миллий ўзлик ва маданий анъаналарга ҳурмат туйғусини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятли саналади.

    Шу ўринда бир савол туғилади: бундай ташаббусларнинг замирида қандай мақсад мужассам? Ҳаракатларнинг мазмуни маданий меросга эътибор билан таснифланса, унда агар маданий мероснинг ўзи йўқ бўлса, қан­дай ҳодиса юз беради? Ниманингдир қадрига етиш учун, аввало, унинг моҳиятини англаш зарур-ку, тўғрими?

    Келинг, энди тасаввур қиламиз: бир миллат ўз маданий меросини йўқотса, унинг энг катта фожиаси ўзлигидан айрилиши бўлади. Миллат тарихий хотирасиз қолади, маънан қашшоқ­ликка юз тутади, ички бирдамлик сусаяди ва келажак авлодлар ўзини аслан қайси қадрият­ларга тегишли эканини эслолмайди. Илдизи нобуд бўлган дарахт шамол қайси тарафга эсса, ўша томонга эгилиб кетгани каби маданий ме­россиз миллат ҳам бошқа маданиятлар таъси­рида қолади. Маданий мероссиз миллатнинг йўналишсиз қолиши тарихда бир неча марта кузатилган, чунки мерос йўқотилган жойда миллатнинг маънавий суяги синади.

    Масалан, қадимги Шумер цивилизацияси инсониятга ёзув, архитектура, ирригация ва давлатчилик ҳақида илк тушунчаларни берган бўлса-да, уларнинг тили, урф-одатлари қумга тушган сувдек йўқликка сингиб кетди, халқ сифатида ўзи ҳам йўқолди. Америка қитъаси­даги майя, ацтек ва инк цивилизацияларининг қисмати ҳам шундай кечди. Испан конкиста­дорлари уларнинг кўп асрлик маданий бойликларини, беқиёс ибодатхоналарини йўқ қилди. Натижада бу улкан халқлар маданий қудрати­дан ажралиб, фақат тарих саҳифаларида қолди. Совет даврида эса кўплаб халқлар “бир тил, бир маданият” сиёсати таъсирида ўз қадрият­ларидан узилди. Сибирдаги юзлаб маҳаллий халқлар тилларини унутди, анъаналари бутун­лай сўнди.

    Ер юзида 6 мингдан ортиқ тил бор бўлса, мавжуд тилларнинг ярмида 10 мингдан кам, чорактасида эса мингга ҳам етмайдиган одам­лар гуруҳи гаплашади. Австралия аборигенла­ри ва Америка ҳиндулари тилларининг кўпида сўзловчилар нисбатан анча кам. Амазон ҳавза­сидаги ҳар бир тилда ўртача 150 киши сўзлаша­ди. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, мана шу 6 мингдан ортиқ тилнинг камида ярми йўқо­лиш арафасида. Демак, бу тил эгаларининг маданий мероси ҳам хавфда. Чукоткадаги маҳаллий элатлар, Африкадаги кўп қавмлар ўз тиллари ва анъаналарини асраб қолмаса, яқин асрларда улар ҳақида фақат китобларда ўқиш мумкин бўлади.

    Шу сабабдан маданий меросни авайлаш эртанги кунни асрамоқ демак. Маданий мерос ўтмиш билан бугунни, бугун билан келажак­ни боғлайди. Соддароқ тушунтирай: агар ёзма манбалар, меъморий ёдгорликлар, санъат асар­лари ва турли номоддий маънавий меросла­римиз бизга қадар етиб келмаганида эди, биз нафақат аждодларимизнинг қанчалик ақлли, буюк ва тараққийпарвар бўлганини тўлиқ англай олмас эдик, балки ўзимиз-да ҳозиргидек тараққий топмасдик.

    Абу Райҳон Берунийни олайлик. Унинг қо­мусий билимга эга аллома бўлганини айнан китоблари орқали биляпмиз. Шунингдек, Ибн Синонинг тиб илмидаги буюк кашфиётлари, Маҳмуд Кошғарийнинг тилшуносликдаги ил­мий мероси, Амир Темур давлатидаги сиёсий ва ҳарбий ислоҳотлар ҳақида ҳам айнан мада­ний мерос — ёзма асарлар, тарихий ёдгорликлар ва қўлёзмалар орқали хабар топяпмиз. Са­марқанддаги Регистон мажмуаси, Бухородаги Минораи Калон, Хиванинг Ичанқалъаси ёки Термиздаги буддавийлик даври ёдгорликлари — буларнинг ҳар бири бизга муайян даврнинг ҳаёти, эътиқоди ва маданий даражасидан хабар берувчи тирик ҳужжатлардир. Шу маънода, маданий мерос тарихни фақат рост гапиришга мажбурловчи ягона гувоҳ. У ким эканлигимиз, қайси йўлдан келаётганимиз ва қандай қиймат­ларга таянаётганимизни кўрсатади.

    Музейлар эса маданий меросни сақлашда жуда муҳим, лекин уларни ягона ёки қолган ҳамма нарсанинг ўрнини босади деб айтиш ҳам тўғри бўлмайди. Музейларнинг ўзга муас­сасалардан ажралиб турадиган асосий жиҳат­лари бор: улар моддий объектларни мустаҳкам ва назоратдаги муҳитда сақлай олади, намлик, ҳашарот, нурланиш ва зарарланишдан ҳимоялайди. Қадимги қўлёзмалар рангларининг тикланишини таъминлайди, металл ёки тош экспонатлар коррозиясининг олдини олади.

    Хўш, музей фақат шунинг учун муҳимми? Давлатимиз томонидан моддий қўллаб-қув­ватловнинг ёлғиз сабаби шуми? Йўқ, албатта. Биринчидан, музейлар тадқиқот маркази вази­фасини ўтайди — улар провeнансни ўрганади, яъни А предмет қаердан келганини аниқлай­ди, тарихий контекстни тиклайди, янги илмий маълумотлар яратади ва шу орқали умумий тарихий тасаввурни тўлдиради. Иккинчидан, музейлар мактаб ва университет дарсларини бойитади, экскурсиялар, илмий семинарларга асос бўлади, бу омил ёш авлоднинг тарихий ва маънавий онгини шакллантиришда ҳал қилув­чи роль ўйнайди.

    Ҳар қандай сарфнинг ўзини оқлаши билан боғлиқ саволга келсак: сарфларнинг иқти­содий, ижтимоий ва маданий фойдаси кўп қиррали. Музейлар санъат индустриясини қўл­лаб-қувватлайди. Умуман, улар “мафкуравий магнит” вазифасини бажаради — миллат да­ражасидаги жамоатларни ўзига тортиб туради. Туризм иқтисодиёти нуқтаи назаридан, музей­лар сайёҳ оқимини оширади. Масалан, Лувр йилига 9-10 миллион сайёҳни жалб этади, бу эса Париж иқтисодиётига миллиардлаб евро даромад келтиради.

    Бундан ташқари, музейлар туризм турлари­ни диверсификация қилади. Масалан, диний туризм зиёрат объектларига, археологик ту­ризм қазилма ёдгорликларига қизиқиш пайдо қилади. Музейлар эса шу турларни бир макон­да уйғунлаштириб, сайёҳга қулайлик яратади. Шунинг учун кўпинча турагентликлар йўна­лишни тузганда музейларни марказга қўяди. Яна бир жиҳат, музейлар туризмни мавсумий­ликдан чиқаради. Масалан, тоғ-чанғи ёки пляж туризми муайян фаслга боғлиқ. Музей эса йил давомида сайёҳ қабул қилади. Бу шаҳар иқти­содиёти учун ҳам, маҳаллий аҳоли иш ўринла­ри учун ҳам барқарорлик яратади. Шунингдек, музейлар халқаро алоқаларни ўрнатиш учун ажойиб восита, бир давлатнинг ўзига хос “юм­шоқ кучи”. Кўргазмаларни айирбошлаш, ил­мий ҳамкорлик ва маданий дипломатия орқа­ли мамлакат обрўси ошади. Айтиш керакки, музейларга киритилган сарф — узоқ муддатли инвестиция: у дарҳол иқтисодий фойда кўрсат­маслиги мумкин, лекин вақти келиб, маданий туристик бренд ва билимлар инфратузилмаси сифатида катта қайтим беради.

    Президентимиз томонидан Ўзбекистон Миллий музейига тамал тоши қўйилганидан маълум бўлмоқдаки, музейнинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. У дав­латнинг маданий сиёсатида муҳим ўрин эгал­лайди. Жаҳон ҳамжамиятига халқнинг бой мероси, қадриятлари ва тараққиёт йўли намойиш этилади. Бугун Миллий музейнинг бунё­ди учун бошланган қадамлар Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ўз тарихини қадрлаши ва уни дунё саҳнасида кўрсатишга интилишини бил­дирмоқда.

    Ушбу улкан кўламдаги музей эртага жамиятнинг ўзини англашида, сиёсий барқа­рорликда ва миллий ғояни шакллантиришда муҳим муассаса, марказ бўлиб хизмат қилади. Турли қатламларни ягона қадрият атрофида жамлашга ёрдам беради. Масалан, Ўзбекистон тарихи давлат музейига кирган одам минг йиллик тарихий жараёнларни кўриб, ўзини шу юртнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилади. Бу ижтимоий бирдамликни кучайтиради.

    Музей, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, давлатнинг сиёсий қарашларини, тарихга му­носабатини ва миллий сиёсатдаги устувор йўналишларни акс эттиради. Мисол учун, мустақилликдан сўнг очилган Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бевосита тарихий адо­лат рамзи сифатида қад ростлади. Бу музей ин­сониятга нафақат ўтмиш хатоларини эслатади, балки келажакда бундай зулм қайтарилмаслиги зарурлигини сиёсий хабар сифатида ҳам бериб туради.

    Халқаро тажрибага назар ташласак, му­зейларнинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти янада равшанлашади. Германиядаги Берлин девори бўлаклари сақланаётган музейлар нафақат та­рихий ёдгорлик, балки сиёсий хотира маскани­дир. У ерга келган ҳар бир одам тоталитар ту­зумнинг оқибатлари, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги сиёсий қарама-қаршиликлар қандай бўлганини ўз кўзи билан кўради. АҚШдаги “9/11 Memorial Museum” эса нафақат даҳшатли фожиани ёдга солади, балки терроризмга қарши кураш сиёса­тининг рамзий асосини мустаҳкамлайди.

    Жорий йил 21 августда Президентимизнинг “Халқаро замонавий санъат биенналесини юқо­ри савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғриси­да”ги қарори қабул қилинди. Энди 2025 йилдан ҳар 2 йилда 1 марта сентябрь-ноябрь ойларида Бухоро шаҳрида халқаро замонавий санъат би­енналеси ўтказиб борилади. Биринчи биенна­ле жорий йил 5 сентябрь – 20 ноябрь кунлари ўтказилмоқда. Биеннале ўтказиладиган 14 та маданий мерос объекти кўргазма ва тадбирлар, таълим ва тадқиқот, ижодиёт ва ишлаб чиқа­риш жараёнлари уйғунлашган креатив кластер­га айлантирилмоқда. Дунёга таниқли ижодкор, мутахассис ва ошпазлар иштирокида кенг жа­моатчилик учун 10 ҳафталик илмий-маърифий, маданий-кўнгилочар, сайёҳлик ва гастрономик дастурлар ташкил этиляпти.

    30 дан ортиқ халқаро эксперт, куратор ва санъатшунос иштирокида халқаро академик симпозиум ўтказилади. Буларнинг ҳаммаси маданий мерос тушунчасининг қийматини англашга яна бир бор ёрдам беради. Биеннале нафақат бадиий тадбир, балки маданий дипло­матиянинг келажаги ва Ўзбекистоннинг кре­атив саноат тармоқларини ривожлантиришни муҳокама қилиш майдонига айланаётганига ишонч беради.

    Тарихга айланиш туйғуси инсонни ҳайратга солиши табиий, чунки одам ўзини фақат замо­навий ҳаёт жараёнида эмас, балки келажакнинг хотирасида ҳам кўра бошлайди. Бу эса унга икки хил қувватни тақдим этади: масъулият ва илҳом. Масъулият бугун қилаётган ҳар бир қадамимиз келажакда бизнинг кимлигимиз­ни кўрсатишини англашдан туғилади. Илҳом эса қилинган эзгу иш, қурилган бино, ёзилган асар абадиятнинг бир бўлагига айланади деган ишончдан келиб чиқади.

    Айни дамда яратилган ва яратилаётган обидалар ёки замонавий марказларнинг кейинчалик маданий мерос мақомига эга бўлиши уларнинг энди фақат “музей экспонати” сифа­тида қолишини англатмайди. Масалан, Мил­лий Олимпия шаҳарчаси ёки Миллий футбол маркази ҳозир спорт инфратузилмаси сифатида хизмат қилишга шай ҳолатда. Бир неча ўн, юз йиллардан кейин уларда ёзилган рекордлар, ға­лабалар, чемпионлар, ўтказилган нуфузли му­собақалар тарихга айланади ва бу иншоотлар ҳам рамзий маънода меросга дўнади. Лекин бу уларнинг ҳозирги функцияси — спорт риво­жи ва халқаро ҳамкорлик маркази сифатидаги аҳамиятини йўққа чиқармайди. Аксинча, кела­жакда уларнинг мерос сифатида қадрланиши ҳозирги кун вазифаларини янада масъулиятли қилади. Шу маънода, меросга айланиш эскир­ганлик эмас, аксинча, барча саъй-ҳаракатлари­миз абадий из қолдираётганини ҳис қилиш, ўз ишимизга улкан маъно бағишлаш демакдир.

    Азизбек ЮСУПОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates