Нажот – тарбияда, нажот – таълимда

    Фикр 20 январ 2023 6614

    Таълим ва тарбия нафақат бугунги, балки барча даврларда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.

    Тарбия ҳақида сўз кетар экан, буюк маърифатпарвар, Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси Абдулла Авлонийнинг: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидур», деган сўзлари ёдимизга тушади. Дарҳақиқат, тарбия инсоннинг асл сийратини кўрсатувчи шаффоф оинадир.

    Тарбиясиз инсон ҳам, кишилик жамияти ҳам мавжуд бўла олмайди. Чунки одам ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар фақат тарбия туфайли бир авлоддан бошқасига ўта олади.

    Бугунги кунда юртимизда таълим ва тарбиянинг узвийлигига юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Эртамиз эгалари бўлган дилбандларимизнинг таълиму тарбиясига эътибор давлат сиёсатининг асосий мақсад ва йўналишларидан биридир. Буни Президентимизнинг 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» дея ном берганининг ўзиёқ исботлаб турибди.

    Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимини ривожлантириш, бу орқали ислоҳотларни самарали амалга оширишга таянч бўла оладиган кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада 2022 йилда бажарилган ишлар, эришилган натижалар талайгина десак, муболаға бўлмайди.

    Бундан 6 йил аввал юртимизда 77 та олий ўқув юрти фаолият юритган бўлса, 2022 йили улар сони 198 тага етди. Олий таълим муассасаларига қамров даражаси шу 6 йиллик даврда 9% дан 38% га етказилди. Хусусан, 2016 йилда бакалавриатга қабул 58 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилда – 223 минг нафарга, магистратура бўйича ушбу кўрсаткич 5 мингдан 16 мингтага етказилди.

    ОТМларга молиявий ҳамда академик мустақиллик берилиши, соҳада хотин-қизлар таълимига эътибор, рақамлаштириш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг янги босқичга кўтарилиши ҳар бир олий таълим муассасасида ўзига хос мактаб яратиш имконини берди.

    Халқаро конгресс марказида ташкил этилган таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган тадбирда шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иштироки ҳамда устоз ва мураббийлар билан норасмий муҳитда олиб борган мулоқоти юқоридаги фикримизнинг ёрқин исботидир.

    Эътироф этиш керакки, бугунги жамиятда ўқитувчи ва мураббийлар мақоми қайтадан юксалди. Уларга сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишлари учун зарур шарт-шароит яратилиб, ижтимоий-ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Ўқитувчиларга устамалар тўлаш ҳамда рағбатлантириш мезонлари кенгайтирилди, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш, бошқа меҳнатга жалб қилиш жавобгарликка тортилиши қонуний асосда белгилаб қўйилди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг: «...Муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир», деган сўзлари ҳаётда ўз аксини кўрсатди.

    Таълим-тарбия жараёнларига давлат тақдирини ҳал этувчи омил сифатида ёндашиш, ўқитувчию мураббийлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянч сифатида кўрилиши жуда қувонарли ҳол. Янги жамиятда таълим-тарбия жараёнларига берилаётган эътибор, ундан кутилаётган истиқболли натижалар кўлами бизни ушбу соҳанинг бир вакили сифатида қувонтириши билан бирга зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.

    Президентимиз 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таълим тизимини ислоҳ қилиш, қамровни ҳамда таълим сифатини оширишга алоҳида тўхталиб, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг бевосита иштирокчилари саналган олийгоҳ ректорлари, профессор-ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлиши, янги илғор методикаларни жорий қилишлари кераклигини таъкидлади.

    Илм-фан, сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлигию ҳосилдорлик, геология, ишлаб чиқариш, муқобил энергиядан фойдаланишни ривожлантириш каби биз учун долзарб йўналишларда аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, илмий салоҳиятни, профессор-ўқитувчиларнинг малакаси-ю тил билиш даражасини ошириш, миллий ва халқаро рейтингларда университетларнинг ўз нуфузи, ўрнини эгаллашига қаратилган масалалар ҳам Мурожаатномада ўз аксини топди.

    Шу ўринда айтиш керакки, ёш кадрларга сифатли таълим бериш, улар билан ишлаш, иқтидору салоҳиятларини юзага чиқариш, илм-фанга рағбатини кучайтириш масалалари Фарғона давлат университети жамоасининг ҳам асосий ва муҳим вазифаси сифатида алоҳида эътиборда.

    Куни кеча эълон қилинган натижаларга кўра, 2022-2023 ўқув йилида республика олий таълим муассасалари бакалавриат талабалари учун ажратилган Президент ва номдор стипендияларга олийгоҳимизнинг 18 нафар талабаси муносиб кўрилгани бизга фахр ва ифтихор бағишлайди.

    Ҳар қандай жамиятда ёшларнинг таълим-тарбияси ҳал қилувчи аҳамият касб этар экан, уларни бу борада етукликка етаклаш биз педагогларнинг асосий ва муҳим вазифамиз бўлиб қолаверади. Шундай экан, ҳар биримиз Ватан ҳамда миллат равнақи учун ўз вазифамизни сидқидилдан, юксак масъулият билан адо этмоғимиз даркор. Зеро, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда» ғоясининг мазмуни ҳам айнан шунга қаратилган.

    Позилжон ОТАҚУЛОВ,

    Фарғона давлат университетининг ёшлар масалалари ва

    маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори