Вазир рамзий қизил лентани кесиб, республика бўйлаб қуриб битказилган янги талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш жараёнига старт берди.
Тадбир онлайн тарзда ҳудудий олий таълим муассасалари билан ҳам боғланиб, бир вақтнинг ўзида улардаги талабалар янги турар жойлари ҳам очилди. Шу тариқа минглаб талабалар қулай яшаш ва самарали таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Ана шундай очилиш маросимларидан бири Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институтида ҳам бўлиб ўтди. Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган 400 ўринли замонавий талабалар турар жойи энди талабаларнинг ҳақиқий иккинчи уйига айланди. Ушбу маскан нафақат қулай яшаш шароити, балки таълим олиш, маданий ва интеллектуал ривожланиш учун ҳам кенг имкониятларни тақдим этади.
Институт ректори Ривожиддин Каримов маросимда сўзга чиқиб, янги турар жой талабаларнинг самарали таълим олиши, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук шахс бўлиб камол топишида муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари О.Бозоров, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари М.Аппаков, институт раҳбарияти ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Эътиборлиси, бу каби бунёдкорлик ишлари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида талабаларнинг турар жойга эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ва ёшларнинг билим олиши учун замонавий муҳит яратиш йўлидаги изчил қадамдир, дейилади институт ахборот хизмати хабарида.











