Наманганда робототеxника ва саноат дизайнерлари тайёрланади

    Таълим 3 июл 2020 1695

    Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Беларус миллий техника университети ўртасида талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, қисқа муддатли стажировкалар ташкил қилиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

    Хорижий олий таълим муассасасининг тажрибаси ва юқори салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Наманган муҳандислик-технология институтида саноат дизайни, робототехника йўналишлари бўйича «2+2» қўшма таълим дастури йўлга қўйилади. Бундан кўзланган мақсад бизнес инкубаторлар ва билимлар узатиш офисларини яратиш, инновацион марказлар фаолиятини такомиллаштиришдан иборат. Мазкур лойиҳани шу йилнинг август ойида тўлиқ амалга ошириш кўзда тутилган.

    - Дастлабки ўқув йили учун 50 нафар талаба қабул қилинади. Қўшма таълим дастури асосида саноат дизайнерлари, трикотаж маҳсулотлари билан ишловчи текстиль муҳандислар, ахборот хавфсизлиги ва рақамли тизимлар билан ишлайдиган мутахассислар, робототехника соҳасидаги инжинер-технологлар тайёрланади, - дейди НамМТИ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ойбек Эргашев. - Талабалар икки йил Наманганда, яна икки йил Беларусда таҳсил оладилар. Бу эса ўз навбатида икки томонлама диплом олиш имкониятини беради. Магистратура босқичи бир йил бўлиб, хоҳлаган давлатда таълимни давом эттириш мумкин.

    Бундан ташқари, ўзаро ҳамкорликда инновацион марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, илмий технологик паркларни ташкил этиш, фундаментал ва халқаро грантларни ўзлаштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

    Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги таълим соҳасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда янги босқичга чиқди. Бугунги кунда ҳар икки мамлакатнинг 15дан зиёд олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро муносабатлар ўрнатилган. Қайд этиш даркор, мазкур Европа давлати ахборот технологиялари борасида салмоқли натижаларга эришган. Беларус миллий техника университети эса бир асрлик тарихга эга бўлган, жаҳоннинг етакчи олийгоҳларининг «топ 1000»талигига нуфузли таълим муассасаси ҳисобланади.

    Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates