Наманганлик ўқитувчи 11 йилда 21 нафар ўқувчини Рeспублика олимпиадасига олиб чиққан

    Ижтимоий ҳаёт 7 май 2021 2030

    Дилфуза Қурбонова Наманган туманидаги 16-умумтаълим мактабининг француз тили фани ўқитувчиси. Меҳнат фаолиятини 1993 йилда ҳозирги Андижон давлат университети француз тили филологияси йўналишини тамомлаб, Наманган туманидаги 13-умумтаълим мактабида бошлаган. Муаллима 28 йилдан буён ёш авлод камоли йўлида тинимсиз изланишда.

    2006 – 2018 йилларда Олаҳамак иқтисодиёт коллежида, 2018 йилдан бери 16-умумтаълим мактабида самарали меҳнат қилмоқда. Дилфуза Курбоновани ҳудуддаги 4-5 та қишлоқ болалари яхши танишади. У ўзи таълим бераётган ҳар бир ўқувчи, албатта, мукаммал билим олиши ва муносиб натижаларга эришиши керак, деган аҳд билан ишлайди, изланади, шу мақсад рўёби йўлида ташаббусларга интилади.

    Бунинг самараси ўлароқ 2007 – 2018 йиллар мобайнида жами 21 нафар ўқувчиси француз тили фанидан республика олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаб, олий таълим даргоҳларига имтиёзли қабул қилинган. Педагоглик фаолияти давомида 400 нафар ўқувчининг олий ўқув юртлари талабасига айланиши учун билим-салоҳиятини аямаган. Фидойи устознинг 96 нафар шогирди айнан француз тили бўйича мутахассисликка эга бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларида ва юртимиздаги нуфузли ташкилотларда фаолият юритмоқда. Вақтни қадрлайдиган ва билим олишга, янгиликларни ўрганишга асло эринмайдиган муаллима 2013 йили Франциянинг CИЭЛЬ Бретань халқаро тил ўргатиш марказида ўз малакасини ошириб қайтди. 2017 йилда «Энг яхши чет тили фани ўқитувчиси» республика танловининг мамлакат босқичида 2-ўрин соҳибаси бўлди. «Устоз – 2020» миллий мукофоти танловининг 1-2-босқичлари муваффақиятли иштирокчиси, яқинда Халқ таълими вазирлиги, Япониянинг JICA ташкилоти, Ўзбекистон ваколатхонаси ва Japan Digital University томонидан ташкил этилган лойиҳада 5 та модул асосида муваффақиятли қатнашиб, ноутбук билан тақдирланди.

    Айни кунларда қаҳрамонимизнинг мактабда 35 нафар, уйида эса 20 дан зиёд қўшни қишлоқлардан келиб, олий таълим ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган абитуриентлари бор. Тиним билмас Дилфуза Қурбонова 11-синф ўқувчиси - яқинда бўлиб ўтадиган фан олимпиадасининг республика босқичи иштирокчиси Маҳлиё Сотволдиева билан ҳам астойдил қўшимча машғулотлар олиб бормоқда.

    «Тил билган - эл билади» мақолини ҳаёт мезонига айлантирган педагог 3 нафар ўз фарзандини ҳам француз ва корейс тилларини пухта ўзлаштиришига эришган. Оилада меҳрибон она, муносиб умр йўлдош, жамиятда жонкуяр устоз, талабчан муаллима Дилфуза Қурбоновани том маънода замонамиз қаҳрамони, дейиш мумкин.

    Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates