Навоий вилояти ва Қозоғистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантиришга доир меморандум имзоланди

    Қозоғистон делегацияси Навоий вилоятида бўлиб, унинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишди.

    Тур давомида Нурота туманидаги «Чашма» комплекси ва Қозоқ халқининг буюк кичик жуз аждодларидан бири бўлган «Айтекий Бий» зиёратгоҳи, Конимех тумани «Конимех Эко Парк» дам олиш масканларига ҳамда Кармана туманидаги «Мавлоно Ориф Деггороний», «Қосим-Шайх», «Мирсаид Баҳром», Қизилтепа туманининг «Тош масжид» каби маданий мерос объектлари бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

    Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Қозоғистон туризми соҳасидаги йирик вазирлик ва ассоциациялар билан соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Навоий вилоятида зиёрат туризмини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тадбир доирасида Навоий вилоятида ҳамда Қозоғистонда фаолият олиб бораётган йирик сайёҳлик компаниялари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик келишувларига эришилиб, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳам меморандумлар имзоланди.

    Келишувлардан кўзланган мақсад Навоий вилоятининг мавжуд туризм имкониятлари Қозоғистон ОАВда кенг тарғиб этилиши, ҳудудга сайёҳлар оқимини кучайтириш, икки томонлама доимий ҳамкорликни йўлга қўйилиши ва саёҳатчиларни йўналтириш борасида зарур шарт-шароитлар яратилиши, ҳар йили 18 майда «Айтекий Бий» зиёратгоҳида биргаликда юқори савиядаги тадбир ўтказилиши, Навоий вилояти ҳамда Қозоғистоннинг фаол ёшлари ўртасида Навоийда халқаро ёшлар форуми ташкил этилиши, қозоқ киномотографлари иштирокида ҳудуднинг тарихий масканлари ва «Айтекий Бий» зиёратгоҳи тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олиниши назарда тутилган.

    Шунингдек, учрашувда Навоий вилоятида кўп миллатли аҳоли истиқомат қилиши, Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларининг аксарият аҳолиси эса қозоқ ва қорақалпоқ миллатига мансуб бўлиб, уларнинг ўз маданияти, урф-одатлари, анъаналарига эгалигида миллатлараро дўстлик ва тотувлик ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

    Тадбир якунида Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги Туризм департаменти халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбари ҳамда «Ўзбекистон» туристик брендининг Қозоғистондаги элчисига Навоий вилояти ҳокими томонидан ҳудуднинг Қозоғистондаги фахрий туризм элчиси мақоми берилди.

    Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати хабар қилган.