Навоий вилоятида «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатила бошлади

    Долзарб 25 март 2021 1330

    2020 йил май ойидан бошлаб, Навоий вилоятида замонавий газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди. Вилоятда табиий газдан фойдаланувчи 152 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчилари мавжуд бўлиб, 2021 йил якунигача мазкур хонадонига газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилиши кўзда тутилган.

    Ҳисоблагич ўрнатиш жараёнида истеъмолчилар учта, яъни «қизил ҳудуд», «сариқ ҳудуд» ва «яшил ҳудуд»га бўлиб олинган. Газ истеъмоли катта, лекин истеъмолчи тўлови кам жойлар «қизил ҳудуд», истеъмол ҳам, тўлов ҳам ўртача бўлган жойлар «сариқ ҳудуд»”, истеъмолга яраша тўлов қилинаётган, истеъмолчиларнинг тўлов интизоми яхши жойлар эса «яшил ҳудуд» сифатида ажратиб олинган.

    «Hududgaz Navoiy» газ таъминоти филиали томонидан айни вақтга қадар вилоят бўйича жами 38 597 та, «қизил» ҳудуд ҳисобланган Кармана туманида эса 25 758 та «ақлли» ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди. Жорий йилнинг апрель ойига қадар мазкур туманда аҳоли хонадонларига «ақлли» ҳисобдонлар тўлиқ ўрнатиб бўлинади.

    Вилоятнинг Қизилтепа, Хатирчи туманлари ва Навоий шаҳар ҳудуди ҳам қизил ҳудудга киритилди.

    Мазкур ҳудудлардан Навоий шаҳрида 41 586 та, Хатирчи туманида 12 456 та ва Қизилтепа туманида 19 251 та аҳоли истеъмолчиларига «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, мазкур ҳудудларда ишлар бошлаб юборилган..

    Қизилтепа туманида 4 та пудратчи ташкилотлар ва фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жами 40 нафардан ортиқ пайвандчи ва чилангарлар жалб этилиб, зарур техникалар ҳамда моддий техник ресурслар вақтида етказиб берилиши натижасида бугунги кунга қадар 2 500 дан ортиқ «ақлли» ҳисоблагичлар аҳоли хонадонларига ўрнатилди.

    Мазкур туманда аҳоли хонадонларига тўлиқ замонавий ҳисобдонларни ўрнатиб бўлиш жорий йилнинг май ойига қадар якунлаш кўзда тутилган. Бўлиб, ҳозирда туманнинг «Ванғози», «Узилишкент», «Гулзор», «Айрончи», «Гулбоғ», «Бўстон», «Сўфиён», «Ўзбекистон», «Фурқат», «Ғойибон», ва «Алишер Навоий» маҳаллаларида «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб бориляпти.

    Маълумот ўрнида аҳоли истеъмолчилари учун «ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатиб бериш мутлақо бепул бўлиб, унинг хавфсизлигини таъминлашга истеъмолчининг ўзи масъул ҳисобланади.

    Дилфуза Гулямова

    Суратни муаллиф олган.