Навқирон авлод — юртимизнинг бебаҳо бойлиги

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 30 декабрь сонида Ёшлар ишлари агентлиги директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Алишер Саъдуллаевнинг “Навқирон авлод — юртимизнинг бебаҳо бойлиги” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Кучли ҳуқуқий демократик давлатни, албатта, халқ бунёд этади. Халқнинг хоҳиш-истаги, дунёқараши, эҳтиёжининг юксалиши давлатнинг равнақ топишини ҳам жадаллаштиради. Бундай тараққиёт замирида навқирон авлоднинг билими, салоҳияти, интилувчанлиги, инновацион ғоялари, айтиш мумкинки, халқаро даражада фикрлаш қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

    Президентимиз ўз Мурожаатномасида бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз билан бирга навқирон авлод мамлакатимизнинг энг бебаҳо бойлиги эканини бежиз таъкидламади. Давлатимиз раҳбарининг яна бир фикрига эътибор қаратинг: “Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак.

    Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди”. Зарур ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақида тўхталар экан, Президентимизнинг келажак ва ёш авлод олдида чуқур масъулиятни ҳис этаётгани ҳаммамизга ўрнак бўлиши керак.

    Мурожаатномада ёшлар таълим-тарбияси, касб-ҳунар эгаллаши, она тилимиз ва хорижий тилларни ўрганиши, ишсиз йигит-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилди. Дарҳақиқат, ёшларнинг таълими, бандлиги билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш, уларга зарур шарт-шароит яратиш глобал миқёсдаги масалаларга айланмоқда.

    Халқаро ҳамжамият ёшларнинг зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиб, салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқаришига кўмаклашиш орқали мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантириш, турли соҳалар тараққиётининг янги босқичига эришиш мумкинлигини эътироф этмоқда. Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги мамлакатимиз улкан салоҳиятга эга эканини кўрсатади.

    Нажот — таълимда

    Анъанага мувофиқ, давлатимиз раҳбарининг парламентга ва халқимизга Мурожаатномаларида кўтарилган масалалар, белгиланган вазифалар ҳаётимизда ўз ижросини топмоқда. Мисол учун, 2017 йилги қўшма мажлисда Президентимиз ёшлар масаласига алоҳида тўхталган эди. Жумладан, чет элда таълим олаётган, ишлаётган йигит-қизлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллабқувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш таклифини илгари сурганди.

    Шу йилнинг ўзидаёқ хорижий мамлакатларда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ёш ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилди. Мамлакатимиз делегацияси хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида махсус хизмат сафарларини уюштирди.

    Оғир меҳнат шароитидаги минглаб ёшларимизнинг муаммолари жойида ҳал этилди. Хориждаги ватандош йигит-қизларнинг уй-жойи, озиқ-овқати, саломатлиги, таълими, ойлик маоши ҳамда меҳнатини расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар ўрганилиб, ушбу йўналишда ҳам ишлар тизимли йўлга қўйилди. Бугунги кунда 30 дан ортиқ мамлакатда ассоциация вакиллари доимий фаолият юритмоқда.

    Дунё миқёсида салмоқли ютуқларга эришган ўзбекистонликлар фаолиятини ёшларга етказиш мақсадида “Ўзбекистонлик” лойиҳаси йўлга қўйилди. “SpaceX”, “Tesla” компанияларида ишлаётган ватандошларимиз ҳақида иккита фильм тасвирга олиниб, эфирга узатилди. 2018 йилги Мурожаатномада ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритиш, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг ўқув-тарбиясига сармоя йўналтиришга катта эътибор берилиши, бу маблағ жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтириши, бизда бу кўрсаткич атиги 4 баробар экани қайд этилган эди.

    Шунга мувофиқ, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини кескин ошириш вазифаси белгиланганди. Айни пайтда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиб, 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. Бу йилги Мурожаатномада келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилмоқда. Боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Соҳада хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.

    Ўтган давр мобайнида 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етган. Яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 70 та янги мактаб қурилиши, 460 та мактаб кенгайтирилиши, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қурилиши бошланади. Таъкидланганидек, келгуси беш йилда улар сони мингтага етказилади. Умуман, таълимнинг барча бўғинларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

    Сўнгги йилларда олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етгани, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошгани бунинг яна бир далилидир. Таълим жараёнида талаба-ёшлар дуч келаётган муаммолар тизимли ҳал этиб бориляпти. Хусусан, 2022 йилда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган қарийб 43 минг талабага 475 миллиард 454 миллион сўм имтиёзли таълим кредити ажратилди.

    “Талабага мадад” лойиҳаси доирасида 45 минг талабанинг шартнома пули “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди. Бу мақсад учун 141 миллиард 639 миллион сўм ажратилган. Қизларнинг олий таълим олиши учун қаратилаётган эътибор таҳсинга сазовор. Олий таълимда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган грантлар икки баробар кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилди. 2022/2023 ўқув йилидан магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пулини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди.

    Унга кўра, давлат ОТМ, шу жумладан, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўлови қайтариш шартисиз қопланади.

    Бу йилдан талаба қизларга контракт тўлови учун ҳеч қандай фоизларсиз имтиёзли кредитлар берилаётгани опа-сингилларимизнинг олий маълумотли бўлишга қизиқиши ва рағбатини кескин оширди. Ўтган вақтда бу имтиёздан 85 минг 188 талаба қиз фойдаланган. Уларга ажратилган фоизсиз таълим кредитлари 983 миллион 613 минг сўмни ташкил этади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир”. Шунинг учун бу соҳанинг барча босқичлари тубдан ислоҳ қилиниб, комплекс ривожлантирилмоқда.

    Таълим сифатини ошириш, болаларни ўқишга қизиқтиришнинг муҳим омили, биринчи навбатда, яхши дарслик. Куни кеча давлатимиз раҳбари Халқаро конгресс марказида таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган кўргазма-тақдимот билан танишиб, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида фикрларини билдирди.

    Тақдимотга қўйилган янги дарсликлар XXI аср кишиси учун энг зарур бўлган “4К” кўникмаси (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникация) бўйича ишлаб чиқилган. Яъни ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Янги дарсликларни тайёрлашда PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA каби халқаро дастурлардаги намунавий вазифалар асос қилиб олинган.

    Эътиборлиси, дарслик билан бирга машғулот дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳам чоп этилган. Шунингдек, бу тизимга E-study электрон таълим платформаси интеграция қилинган. Ундан дарс пайтида ҳам, бўш вақтда ҳам фойдаланиш мумкин. Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас, уларга сифатли, замонавий таълим керак. Сифатли таълим эса сифатли кадр деганидир. Давлатимиз раҳбарининг айрим фанларни қисқартириб, замонавий фанларни кўпайтириш таклифи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Негаки, бугун замонавийликдан ортда қолаётган, ҳаётда унчалик аҳамиятга эга бўлмаган дарсликлар йўқ эмас.

    Президентимиз янги дарсликлар билан танишиб, уларнинг мазмуни юзасидан тавсиялар бераркан, жумладан, бундай деди: “Дунё педагоглари тажрибасидан фойдаланган яхши. Шу билан бирга, дарсликларда миллий ғоя, аждодларимиз мероси ҳам бўлиши керак. Масалан, жадид боболаримиз таълим бўйича қанча ишлар қилган. Яқинда Элбекни ўқидим. “Қиз болани ўқитган давлат бутун жамиятни ўқитган бўлади”, деб ёзган экан. Бизнинг дарсликларимизда бундай гаплар йўқ-ку. Нима демоқчиман? Янги дарсликларни шундай мукаммал тайёрлаш керакки, кейинчалик бунга яна қайтмайлик. Бугунги таълим қирқ йилдан кейин биз ҳақимизда сўзлайди”.

    Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар ва болалар билан суҳбатлашиб, тарихда қолган энг оғриқли масала — мактаб ўқувчилари ва мажбурий меҳнат ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Эсингизда бўлса, бундан 5-6 йил аввал ўқувчилар 5-6-синфдан пахтага чиқарди. Ёш-ёш қизларимиз 20-25 кило юкни ҳар куни кўтаришга мажбур эди. Шу туфайли қанча касалликлар орттириб оларди, баъзи ҳолатларда уни даволашга имконият ҳам бўлмасди.

    Ваҳоланки, уларнинг қанчадан-қанча орзулари бор эди. Қувонарлиси, ўқитувчилар ойлиги шу билан чегараланиб қолмаслиги, яна оширилиши қайд этилди. Шу билан бирга, устоз ва муаллимларнинг обрўсини янада кўтариб, ота-оналар масъулиятини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

    Ёшлар келажагини белгилайдиган омил

    Инсон касб-ҳунари орқасидан бахт топади, келажагини қуради. Шу маънода, касб-ҳунар эгаллаш ёшлар учун энг асосий масалалардан. Жорий йилнинг ўзида “Ёшлар дафтари” кўмагида 38 минг 136 нафар ишсиз ёшга меҳнат қуроллари ва ускуналар олиб берилгани, 8 минг 899 нафар ёш ҳайдовчилик касбига, 5 минг 631 йигит-қиз “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида замонавий касб-ҳунарларга ўқитилганини, 3 мингдан зиёд укасингилларимиз устоз-шогирд анъанаси асосида уста-ҳунармандларга бириктирилганини таъкидлаш ўринли.

    Шунингдек, “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастури доирасида e-kasb.uz платформаси ташкил этилиб, 10 мингдан зиёд йигит-қиз замонавий касб-ҳунарларга масофавий ўқитилди. Бу ҳам бизнинг ютуғимиз. Аммо шунинг ўзи билан барча ёшларни касб-ҳунарли, ишли қилиб бўлмайди. Чунки мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда. Шу боис, Мурожаатномада улар бандлигини таъминлаш учун юртимиздаги 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникум имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

    Миллий ўзлигимиз тимсоли

    Мактаб таълимини халқаро ўқитиш дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш, деганда фақат таълим эмас, тарбия соҳаси ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилади. Бугунги ёш авлоднинг қалбида ватанпарварлик туйғуси ниҳоятда кучли. Фақат уларни тўғри йўналтириш, қўллабқувватлаш лозим.

    Мисол учун, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган #tilimiz_uchun лойиҳаси доирасидаги “WikiStipendiya” марафонини ёшлар қизғин қўллаб-қувватлади. Натижада интернетдаги Википедия электрон энциклопедиясидаги ўзбек тилидаги мақолалар сони 140 мингтадан 215 мингтага етди. 365 тилли жаҳон рейтингида ўзбек тили 62-ўриндан 49-ўринга кўтарилди.

    Шунингдек, ўзбек тилидаги овозли матнлар базасини яратиш ва замонавий технологияларга интеграция қилиш мақсадида йўлга қўйилган “Uzbek voice” лойиҳаси кенг ёшлар оммаси томонидан эътироф этилди. Келгусида ҳам ёшларнинг она тилимизга ҳурматини оширишга доир самарали лойиҳаларни йўлга қўйиш зарур. Ёшлар маънавияти ҳақида сўз кетганда, китобхонлик ва ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш масаласи биринчи ўринда туради.

    Мурожаатномада таъкидланганидек, энди ҳар бир маҳалла ўз кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлади. Бугунги кунда барча маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчилари ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва спорт билан шуғулланишини таъминлашга бевосита масъул этиб белгиланганини ҳисобга олсак, ушбу ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши етакчилар иш самарадорлигини ошириши шубҳасиз.

    Энг муҳими, китобхонлар сафини кенгайтириш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун имконият ошади. Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Бу борада дастлабки хайрли ишларни бошладик.

    Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ибратли ҳаётини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш учун “Жадидлар” тўплами тайёрланди. У ўзбек жадидчилигининг 8 нафар йирик вакили — Ғулом Зафарий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, асарлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган. Ўзбек зиёлиларининг фаолиятини, тарих зарварақларини бирлаштирган “Жадидлар” китоблар тўплами 184 минг нусхада чоп этилиб, барча таълим муассасалари ва маҳаллаларга етказилди.

    “Ижтимоий давлат” — инсонпарварлик ғояси

    Бу йилги Мурожаатномадаги энг эътиборга молик жиҳат, шубҳасиз, “ижтимоий давлат”, яъни “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат” ғоясидир. 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном бериш таклиф этилгани ҳам шу ғоянинг мантиқий давомидир. Ижтимоий давлат, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имконият, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратиш, демакдир.

    Келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 тоифага ажратилгани, ҳудуд тоифасига кўра, тадбиркорларнинг солиқ юкламалари, кредит фоиз ставкалари камайтирилиши, инфратузилма харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши ўткир ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишнинг самарали ечимидир.

    Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида этиб белгиланади. Бу туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади. Бу мамлакатимизда фаолият юритаётган қарийб 240 мингга яқин ёш тадбиркор учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади.

    Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишлар эътиборга лойиқ. Жумладан, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида алоҳида дастур қабул қилиниб, 3 минг 460 та ёш оилага “Ёшлар уйлари” учун 156 миллиард сўмлик бошланғич бадал 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди. Бундай хайрли анъана яна давом этади.

    Мурожаатномада қайд этилганидек, келгуси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади. Дастур доирасида, биринчи навбатда, турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилади. Кейинги йилларда халқ билан мулоқот қилиш, одамларни қийнаётган муаммоларни вертикал тартибда ҳал этиш, керак бўлса, ҳар бир хонадонга кириб бориб, аҳолини, хусусан, ёшларни қийнаётган муаммоларга тизимли ечим топиш бўйича улкан тажриба тўпладик.

    Қуйи тизимдаги муаммоларни ҳал этиш, оддий одамларнинг орзусини бугун амалга ошириш бундан кейин ҳам бош мақсадимиз, биринчи даражали вазифамиз бўлади. Албатта, бу каби улкан марраларни забт этиш осон кечмайди. Шу боис, Президентимиз бир ёки икки йиллик эмас, камида уч-беш йиллик ислоҳотлар режасини санаб ўтди. Уларнинг тагзамири таҳлил этиб кўрилса, бундан олти йил аввал бошланган янгиланишларнинг мантиқий давоми эканига амин бўламиз.

    Бу мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-мафкуравий ислоҳотлар пухта ўйланган режа асосида кечаётганини кўрсатади. Демак, кеча бошлаган ишларимизни бугун янги босқичга олиб чиқиб, келгусидаги ислоҳотларга замин яратилмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates