Нидерландиялик маданият арбоби Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб асар яратди

    Маданият 5 март 2021 1192

    2021 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги Элчихонасида нидерландиялик таниқли маданият арбоби Бурхан Чарлак билан учрашув бўлиб ўтган.

    Тадбир чоғида нидерландиялик меҳмон Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати, адабиёти, диний ва маънавий мероси ҳамда замонавий тараққиётига анчадан буён қизиқишини маълум қилган.

    Дипломатик ваколатхонамизда бўлиб ўтган учрашувда нидерландиялик таниқли маданият арбоби шу кунларда ўзининг «Ўзбекистон – Буюк ипак йўли маржони», деб номланган китоби устидаги ишларни якунлаб, асарни чоп этиш ишларини бошлаб юборганини мамнуният билан таъкидлади.

    «Ўзбекистонга бағишлаб китоб ёзиш ғоясини дилимга тугиб қўйганимга анча бўлганди, - деди Б.Чарлак. – Шу кунгача юртингиз тўғрисида кўплаб маълумотларни тўпладим, Нидерландияда Ўзбекистонга қизиқиши бўлган мутахассислар, ишбилармонлар, тарихчи ва журналистлар билан алоқа ўрнатдим.

    Ўзбекистонга қилган сафарларим, ҳамкасб ва ғоядошларим билан амалга оширган ҳамкорлик натижасида куни кеча ёзиб битирилган китоб дунёга келди. Мен ўз асаримни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йилллига бағишладим».

    Нидерланд тилида ёзилган асар юртимига бағишлаб бу тильда яратилган йирик китобларнинг биринчиси бўлди.

    Ўзбекистоннинг турли туман қисмларидан олинган ранг-баранг суратлар билан бой безатилган китоб мамлакатимиз тарихи, дини, маданияти, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган ҳиссаси, таомлари, урф-одатлари, туризм ва иқтисодиёт соҳаларидаги салоҳияти тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар, фикр-мулоҳазаларни ўзида мужассам этган.

    Китобнинг кириш сўзи Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов томонидан ёзилган.

    Бундан ташқари, китобга нидерландиялик бир қатор кўзга кўринган олим, журналист, тарихчи, саёҳатчи ва иқтисодчилар ҳам ҳисса қўшган.

    Муаллифлар орасида жумладан, Абдулвохид ван Боммел, Джон Райнхард, Флоор Хербринк, Ремко Рейдинг, Марлин Тутенел, Лео Хёген, Юсуф Оққоя, Ласло Мараш, Ирис Бесуйн, Седат Чакир каби номларнинг борлиги китобга киритилган маълумотлар, фикр ва далилларнинг ишончлилиги ва адабий жиҳатдан пухталигини кафолатлаган.