Низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули (медиация). Ўзбекистон ва хорижий тажриба

    Фикр 2 июл 2020 17363

    Қадимдан бирон-бир оила, уруғ, маҳаллада низо келиб чиқадиган бўлса, ўша уруғ ёки маҳалланинг ёши улуғ, барча ҳурмат қиладиган аъзолари низолашаётган тарафларни инсофга чақириб, уларнинг орасини ислоҳ қилишга, низони тинч йўл билан бартараф этишга ҳаракат қилишган ва бу амалиёт ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган.

    Бундан медиация тартиб-таомиллари мамлакатимиз аҳолиси учун мутлақо янги тушунча эмаслигини билиб олиш қийин эмас. Бироқ, низоларни ҳал қилишда медиацияни қўллашнинг ҳуқуқий асосини яратиш вазифаси яқин йилларгача ўз ечимини топмади. 2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Оли Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Медиация тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва Сенат томонидан шу йилнинг 28 июнь куни маъқулланди. Мазкур Қонун 2019 йил 1 январдан кучга кирди. Ўзбекистон Республикасида медиацияни қўллаш доираси «Медиация тўғрисида»ги Қонун билан аниқ белгилаб қўйилган. Қонуннинг 3-моддасига кўра, қуйидагиларга нисбатан медиация тартиб-таомиллари қўлланилади:

    -фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга;

    -тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ келиб чиқадиган низоларга;

    -якка меҳнат низоларига;

    -оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга.

    Медиация низоларни ҳал қилишнинг бошқа усуллари, хусусан низоларни суд тартибида ҳал қилишдан ўзининг бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради. Биринчидан, низоларни медиация воситасида ҳал қилиш суд тартибига нисбатан анча қисқа муддатларда амалга оширилади. Низоларни суд тартибида кўриб чиқиш учун кетадиган муддатнинг кўплиги муаммоси фақатгина Ўзбекистон учун тегишли эмас. Мисол учун, Италияда қуйи турувчи судларда ишни кўриб чиқиш учун ўртача 3 йил керак бўлади. Агар суд қарори устидан шикоят қилинса, бу муддат 10 йилга чўзилади. Буюк Британияда 73% даъвогарлар Англия суд тизимининг урфдан қолганлиги ҳамда самарасизлигидан шикоят қилишади. Лондон шаҳридаги судлар томонидан ишни кўриб чиқиш учун камида 161 ҳафта, шаҳар ташқарисидаги судлар томонидан эса 195 ҳафта талаб этилади. «Медиация тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши кераклиги, зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу моддада медиацияни амалга оширишнинг энг узоқ муддатлари белгиланган. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда медиацияни амалга ошириш муддати бир иш кунини, баъзан бир неча соатларни ташкил этади. Хусусан, 2018 йил 30 ноябрда ҳолатига кўра, Цингапур медиация марказида томонлар ўртасида медиатив келишув тузилиши билан якунланган ишларнинг 90%дан ортиғи бир иш кунида ҳал қилинган.

    Иккинчидан, медиация тартиб-таомиллари қўлланилганда ишга тааллуқли барча маълумотлар мутлақо сир тутилади. Ўртадаги низо ва унга оид фактлардан фақатгина тарафлар ва уларнинг вакиллари ҳамда медиатор хабардор бўлиши мумкин ва уларга қонун билан бу ахборотларни ошкор қилмаслик мажбурияти юклатилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси «Медиация тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасида медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмаслиги, медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги, шунингдек улардан медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмаслиги, 25-моддасида медиацияни қўллаш чоғида медиатор тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмаслиги, 27-моддасида агар медиатор тарафларнинг биридан медиацияга тааллуқли ахборотни олган бўлса, у бу ахборотни фақат уни тақдим этган тарафнинг розилиги билан бошқа тарафга ошкор қилиши мумкинлиги белгиланган. Махфийлик принципи айниқса оилавий низолар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бирон-бир тадбиркорлик субъектининг бошқа бир тадбиркорлик субъекти ёхуд мижоз билан низолашаётганлигининг ошкор бўлиши ушбу тадбиркорлик субъектининг ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатиши, потенциал мижозлар ҳамда ҳамкорларнинг унга бўлган ишончи йўқолиши, у билан шартномавий муносабатга киришишдан ўзларини тийишига олиб келиши мумкин. Низони медиация усулида ҳал қилиш бундай салбий оқибатлардан ишончли ҳимоя бўлиб хизмат қилади.

    Учинчидан, медиация воситасида ҳал қилинадиган низоларда ҳар иккала тараф учун ҳам мақбул келишувга эришилади. Суд тартибида кўриладиган низолар бўйича бир тараф фойдасига чиқарилган қарор иккинчи тарафнинг зиёнига хизмат қилади. Натижада бир ишни кўриш аппеляция, кассация, назорат тартиблари билан ойлаб, ҳатто йиллаб чўзилиб кетиши мумкин. Медиацияни қўллашда тарафлар ихтиёрий равишда медиатив келишув тузиш орқали низони ҳал қилиш йўллари ва усуллари, келишувда белгиланган мажбуриятларни бажариш муддатлари ҳамда ушбу мажбуриятларни бажармаслик оқибатларини ҳам белгилаб қўйишлари мумкин. Хусусан,«Медиация тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар кeлиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилиши, медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилиши, медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақлилиги, медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкинлиги бeлгиланган.

    Низоларни ҳал қилишда медиацияни қўллашнинг кенг ёйилиши судлар учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Иш ҳажмининг нореал даражада кўплиги барча давлатлар судлари учун умумий муаммо ҳисобланади. Жумладан, Ҳиндистонда ҳар бир судьяга 2147та иш тўғри келади. Кўриб чиқилиши керак бўлган ишларнинг умумий сони 31,280,000тани ташкил этади. Бу ишларнинг Ҳиндистон судлари томонидан кўриб чиқилиши 2330 йилга кeлиб тугалланиши мумкин. Хитой халқ республикасида 2012 йилда судлар иш юритувида 200 000дан ортиқ иш мавжуд эди. Жанубий Африкада 2004-2005 йиллар давомида судларга 128 000та даъво аризаси кeлиб тушган ва шулардан 62%и ўша давр оралиғида ҳал қилинган. Германияда эса, 4771 нафар қуйи турувчи судьялар томонидан кўрилган ишлар бор йўғи 1416 нафар юқори турувчи судьялар томонидан аппеляция тартибида кўриб чиқилади. Низоларни медиация воситасида ҳал қилиш судлар иш ҳажмининг сезиларли даражада камайишига олиб келади. Буни халқаро тажриба ҳам исботлайди. Хусусан, Деҳли ва Бангалор медиация марказлари ташкил этилган пайтда икки ой давомида 39 969та ишни, Дубай медиация маркази эса, бир ой давомида судлар иш юритувида бўлган ишларнинг 1/3 қисмини медиация тартиб-таомилларини қўллаган холда кўриб чиқди. Бундан кўриниб турибдики, медиацияни қўллаш нафақат низолашаётган тарафлар, балки судлар учун ҳам ижобий таъсирга эга.

    Ўзбекистон Республикасида медиаторнинг фаолияти профессионал ва нопрофессионал асосда ташкил этилади. «Медиация тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасида профессионал медиатор сифатида биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, иккинчидан, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс фаолият кўрсатиши мумкинлиги бeлгиланган. Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин. Қиёслаш учун Россия Федерациясида ҳам медиаторлик фаолияти профессионал ва нопрофессионал асосда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасидан фарқли ўлароқ, Россия қонунчилигида ҳар икки асосда фаолиятни амалга оширадиган медиаторлар учун ҳам ёшга доир талаблар бeлгиланган. Жумладан, Россия Федерациясида шахс профессионал медиатор бўлиши учун 25 ёшга, нопрофессионал медиаторлик фаолиятини амалга ошириши учун 18 ёшга тўлган ҳамда тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикасида Профессионал медиаторлар реестри ҳудудий адлия бошқармалари томонидан юритилади ва реестр ҳамма учун очиқ ҳолатда тегишли адлия органлари ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Шахсни Профессионал медиаторлар рўйхатига киритиш тартибининг соддалиги медиаторлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир мисолидир. Хусусан, «Профессионал медиаторлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг (рўйхат рақами 3092-сон, 2018 йил 29 ноябрь) 6-бандига мувофиқ махсус ўқув курсини тугатган шахс доимий яшаш жойидаги адлия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

    -Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда Реестрга киритиш ҳақидаги ариза;

    -паспорт нусхаси;

    -Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тўлдирилган сўровнома;

    -махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси.

    Профессионал медиаторлар тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш учун тўлов ундирилмайди.

    Хулоса қилиб айтганда, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули сифатида медиация халқаро тажрибада синовдан ўтиб, ўзининг бир қатор афзалликлари билан дунё мамлакатлари миллий қонунчилигидан муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Кўплаб давлатлар медиация тўғрисидаги ўзларининг қонунларини қабул қилишди ва мамлакат доирасида ҳамда халқаро миқёсдаги медиация марказларини ташкил этишди. Бунга Цингапур, Буюк Британия, Ҳиндистон каби давлатларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу жараёндан Ўзбекистон ҳам четда қолмади. Хусусан, 2018 йил 12 июнда «Медиация тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. 2019 йил 31 январда Адлия вазирининг 54-мҳ-сон Буйруғи билан тасдиқланган «Медиаторларни тайёрлаш дастури» доирасида профессионал медиаторларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Медиация Ўзбекистон қонунчилигида янги институтлардан эканлигини ҳисобга олган холда ушбу институтни янада ривожлантириш учун бажарилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар мавжуддир.

    Сардорбек Сахлаволдиев,

    Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлими етакчи маслаҳатчиси.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates