Нобелнинг мукофот пули миқдори энди – 1 миллион доллар

    2020 йилда Нобелнинг ҳар бир йўналиши бўйича мукофот миқдори 10 миллион швед кронасига (тахминан 1 миллион доллар) етказилади. 

    “Бу йил ютуқлари бизни илҳомлантирадиган ва келажакка умид бахш этадиган лауреатларни қадрлаш ва қўллаб-қувватлаш айниқса муҳимдир. Яқинлашиб келаётган Нобель ҳафталиги муносабати билан биз бу йил мукофот 1 миллион кронга (тахминан 100 минг доллар) кўпайтирилишини эълон қилишдан мамнунмиз”, деди Нобель жамғармаси раҳбари Ларс Хейкенстен.

    Таъкидланишича, 2012 йилдан буён фонднинг инвестиция капитали 3 миллиарддан 4,6 миллиард кронгача (300 дан 460 миллион долларгача) ўсди, шу билан боғлиқ равишда ҳар йили бешта Нобель мукофоти тўланадиган даромад ошди.

    Нобель мукофотининг ҳажми 2011 йилгача 10 миллион кронни ташкил этган эди, ўшанда Жамғарма даромадлари камайганлиги сабабли у 8 миллионгача камайтирилди. 2017 йилда мукофотлар 9 миллион кроонгача оширилди.

    Адабиёт, кимё, физика, тиббиёт ва тинчлик бўйича Нобель мукофотлари лауреатлари 5 октябрдан бошлаб эълон қилинади. Анъанага кўра совринларни топшириш 10 декабрда, Алфред Нобель вафот этган куни бўлиб ўтади. Бу йил дунёда коронавирус тарқалиши сабабли Стокголм шаҳар мериясида анъанавий зиёфат бекор қилиниб, медаль ва диплом топшириш маросими онлайн тарзда бўлиб ўтади.