Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

    Мамлакатимизда 15 октябр 2021 1129

    2021 йил 14 октябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг мамлакат жамоаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий маслаҳатлашув ўтказди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат вакиллари, марказий идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Миллий маслаҳатлашувнинг асосий мақсади – Конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини муҳокама қилиш ва мазкур лойиҳани янада мукаммаллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар олишдан иборат.

    Миллий маслаҳатлашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси Пьер фон Аркс сўзга чиқди.

    Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон томони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессиясида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ташаббусини илгари сургани бежиз эмас. Зеро, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда, жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласи бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

    Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 29 майда бўлиб ўтган мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама этилди ва тасдиқланди. Қонун 2021 йил 7 июнда қабул қилинди.

    Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция Ўзбекистон учун 2021 йил 28 июлдан бошлаб кучга кириши тўғрисидаги БМТ Бош котибининг хабарномаси олинди.

    БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.

    Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. 2021 йил февраль ҳолатига кўра, БМТнинг 192 аъзо-давлатидан 182 таси ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилган.

    Ўзбекистон Республикаси 2009 йил 27 февралда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни имзолаган ва келгусида ратификация қилишга ишонч билдирган. Жорий йил 7 июнда ушбу ишонч амалий тасдиғини топди.

    Конвенция инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштирган. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.

    Ўзбекистонда кам таъминланганлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, аёллар ва қарияларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

    Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси томонидан ноёб тажриба қўлланилди. Яъни, халқаро-ҳуқуқий ҳужжат дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилинди.

    Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш мақсадида Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилди. Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.

    Марказ томонидан Миллий ҳаракатлар режасининг дастлабки лойиҳаси ишчи гуруҳ аъзолари таклифлари асосида ишлаб чиқилди. Лойиҳа 20 дан зиёд вазирлик ва идора, 10 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотига таклифлар олиш юзасидан юборилди.

    Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси халқаро ташкилотлар – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисига юборилди. Олинган таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилди.

    Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этиш имкони ортади. Бу, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг «Ҳеч кимни ортда қолдирманг» тамойилини амалга оширишга ёрдам беради.

    Миллий маслаҳатлашув иштирокчилари эътироф этганларидек, Конвенция қоидаларини амалга ошириш натижасида, биринчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштириш; иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича халқаро ташкилотларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имконини кенгайтириш мумкин бўлади. Бундан ташқари Конвенция қоидаларининг бажарилиши мамлакатимизнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги ижобий халқаро имижи янада яхшиланишига хизмат қилади.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.