​Носоз мобиль телефоннинг пули олиб берилди

    Мамлакатимизда 15 июл 2020 1903

    “Samsung Galaxy 10” русумли уяли алоқа қурилмасини харид қилишни хоҳлайдиганлар озчиликни ташкил этмаслиги рост гап, лекин бунинг учун анчагина катта маблағдан воз кечишга тўғри келади.

    Истеъмолчи ҳам мазкур маблағни жамғариб, «Малика» савдо марказиданSamsung Galaxy 10” русумли алоқа қурилмасини 5 500 000 сўм эвазига 1 йиллик кафолат билан сотиб олади. Маълум муддат ўтгач, у мобил алоқа воситасидан фойдаланганда ва қувватлантиришда унинг жуда ҳам қизиб кетаётганлигини пайқаб қолади.

    Бироқ «Малика» савдо марказида жойлашган дўкон вакиллари, истеъмолчининг мурожаатига етарлича эътибор бермайди. Қайси ташкилотга мурожаат этишни билмаган истеъмолчи, Президент виртуал қабулхонаси орқали ўз мурожаатини қолдиришга қарор қилади. Натижада, Агентликнинг Тошкент шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси ходимлари томонидан ҳолат юзасидан ўрганишлар амалга оширилди.

    Дўкон сотувчилари мобил уяли алоқа қурилмасининг носозлигини тасдиқлашди, шундан сўнг қурилма учун тўланган 5 500 000 сўм миқдоридаги маблағ истеъмолчига қайтарилишига эришилди.