Нуфузли халқаро спорт киноси фестивалида ҳамюртимиз ҳам номинант сифатида иштирок этади

    Спорт 18 сентябр 2020 370

    Жорий йилнинг 15-17 октябрь кунлари Россиянинг Тольятти шаҳрида“Самара губернияси ва Россия юлдузлари 2020” спорт форумида ва IX халқаро спорт киноси фестивали бўлиб ўтади.

    Йирик спорт маданий тадбирининг очилиш маросими 15 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 га белгиланган. Тадбирда бир қатор хориж давлатларидан спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар талқини намойиши билан номинантлар иштирок этиши кутилаяпти.

    Эътиборлиси, Ўзбекистон вакиласи Зилола Темирова ҳам ушбу спорт форуми доирасида бўлиб ўтадиган IX Халқаро спорт киноси фестивали номинантига айланди. Ҳамюртимиз Ўзбекистонда Аралаш жанг санъатлари ассоциациясига асос солинганидан сўнг, мамлакатимизда ушбу спорт тури тобора ривожланиши йўлида амалга оширилган қатор ислоҳотларни ҳамда спортчилар учун яратиб берилган барча шароитлар тўғрисида махсус ишланган филм билан иштирок этади.

    Маълумот учун, аралаш жанг санъати юртимизда расман тан олинганидан сўнг, бу спортга бўлган эътибор оширилди. Ёшларнинг бу спорт тури билан мунтазам шуғулланишлари учун республикамизнинг барча ҳудудларида керакли шароитлар яратилди. Жумладан, алоҳида ассоциацияга асос солиниб, аралаш жанг санъати бўйича зарурий эпировкалар келтирилди. Кўплаб спорт мажмуаларида октагонлар қурилиб, профессионал тарзда машғулотлар олиб бориш имконияти тақдим этилмоқда.

    Бу каби ислоҳотлар натижаси улароқ, халқаро турнирларда ўзбек спортчилари муносиб иштирок этишмоқда. Жумладан, бутун дунё тан оладиган UFC турнирларида илк марта ўзбек спортчилари чиқа бошлашди. Ҳозирги кунда бу спорт тури бўйича ҳам дунёнинг етакчи жангчилари ўзбеклар билан ҳисоблаша бошлади. Бу каби ютуқлар узун довон йўлига чиққан карвоннинг илк уринишлари натижасидир.

    Умид қиламизки, дунё ҳамжамиятининг эътиборини ўзида жам қиладиган халқаро фестиваль якунида Ўзбекистон вакиласининг ижодий иши ҳам энг яхшилар қаторида эътироф этилади.