баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Нукусда қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона иш бошлади

    Нукусда  хитойлик  тадбиркорлар кўмагида қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги корхона иш бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

    Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги  элчихонаси, «Qinhuangdao Julin Import & Export Co., Ltd» (ХХР) компанияси ва «Central Asia International Paper» масъулияти чекланган жамияти ўртасида олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар амалий натижаси бўлди.

    Қайд этиш жоиз, ишлаб чиқарилаётган шахсий гигиена маҳсулотлари ҳозирги пайтда ички ва ташқи бозорларда харидоргир ҳисобланади.

     Ҳаётга татбиқ этилган лойиҳанинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, мазкур ишлаб чиқариш корхонаси тўғридан-тўғри хориж сармояси ва замонавий технологияларни жалб қилган ҳолда амалга оширилди.

     Хитойлик шериклар 2020 йил якунига қадар ишлаб чиқариш ҳажмини 15-20 тоннагача етказишни режалаштирган. Хусусан, умумий ҳажмда 10 миллион АҚШ доллари йўналтирилган ҳолда қўшимча равишда босма, офсет ва картон қоғозлар ишлаб чиқариш мўлжалланган.

    Маълумот ўрнида, Пекиндаги дипломатик ваколатхонамиз даставвал ушбу лойиҳани Сирдарё вилоятида амалга ошириш мақсадида «Qinhuangdao Julin Import&Export Co., Ltd» компанияси вакилларининг мазкур вилоятга бир неча бора сафарларини ташкил қилган эди. Бироқ Қорақалпоғистон Республикаси имкониятлари ва зарур хомашё базасига эга экани хитойлик сармоядор эътиборини тортди. Шундан сўнг ҳамкор сармоядорлар ушбу лойиҳани Нукус шаҳрида ишга тушириш юзасидан қарор қабул қилди.