Нукусда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» ғояси остида тадбирлар ўтказилди

    Мамлакатимизда 30 июн 2021 1353

    30 июнь — «Ёшлар куни» муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» ғояси остида гала-концерт бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алиханов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Б.Матмуратов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Л.Сейтова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов, туман ҳокими О.Уснатдиновлар иштирок этди.

    Туман ҳокими О.Уснатдинов туман ёшларини байрам билан табриклаб, давлатимизда Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётганлигига алоҳида тўхталди. Бугунги кунда ёшларимиз томонидан бундай катта эътиборга муносиб тарзда жавоб қайтариб, Ватанимизнинг ривожи йўлида ўз ҳиссаларини қўша оладиган инсонлар бўлиб камол топишлари учун зафарлар тилади.

    Тадбир давомида республика ва туман миқёсида ўз билими, қобилияти, фаоллиги билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган туман ёшларига туман ҳокимлигидан ҳурмат ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

    Концерт дастурида таниқли санъаткорлар, эстрада қўшиқчилари ва ёш ижодкорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар иштирокчиларга юқори кайфият улашди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.