Нурмат АТАБЕКОВ: "Эмланиш коронавируснинг янги штаммига қарши курашишда ҳам катта самара беради"

    Саломатлик 29 ноябр 2021 297

    Дунёда коронавируснинг янги штамми тарқала бошлагани юртдошларимизда ҳам жиддий хавотир уйғотяпти. Хусусан, кўпчилик ушбу ҳолат Ўзбекистондаги эпидемиологик вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги, бунга қарши кўриладиган чоралар билан қизиқмоқда. 

    ССВ Матбуот хизмати ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат АТАБЕКОВнинг фикр ва хулосаларини ёзиб олди.

    — Вируслар — оддий, ҳужайрасиз организмлар, — дейди Н. Атабеков. — Уларда ўзгарувчанлик юзага келиши табиий ҳол. Масалан, ҳозиргача коронавируснинг қўзғатувчиси, яъни SARS-CoV-2нинг 7 мингдан зиёд мутацияга учраган штаммлари аниқлаган. "Omicron" ҳам шулардан бири.

    Биз янги штаммнинг тарқалиш ўчоғи бўлган Жанубий Африка давлатлари билан бевосита авиация алоқалари ўрнатмаган бўлсак-да, ушбу касаллик иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.

    SARS-CoV-2нинг ушбу янги штамми учун алоҳида протокол ишлаб чиқиш масаласини, албатта, вақт кўрсатади. Шунга қарамай, мавжуд диагностика, даволаш ва профилактика имкониятларидан самарали фойдаланиш бу вирус турига қарши ҳам натижа беради, деб ҳисоблайман.

    Ўтган даврда бизда COVID-19ни даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Шу маънода, муолажа жараёнларини белгиланган даволаш стандартлари асосида олиб борсак, касаллик қандай интенсивликда тарқалмасин, асоратларсиз тузалиб кетишига замин яратиш мумкин.

    Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамларимиз тиббий ниқоб тақиш, ижтимиой масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйгани ачинарли ҳолат.

    Янги штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади.

    Энг асосийси, жамоавий иммунитетни шакллантириш, яъни оммавий эмланиш кўрсаткичларини ошириш орқали ҳам эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаб туриш мумкин.

    Чунки вакциналар SARS-CoV-2нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради. Ҳатто янги штаммни юқтириб олган ҳолатда ҳам барча дозада эмланганларда касаллик енгил ва жиддий асоратларсиз ўтади.

    Қолаверса, мамлакатимизда айни пайтда аҳолига ихтиёрий равишда бустер-доза билан эмланишлари учун имкониятлар яратиб берилган.

    Юртимизга коронавируснинг турли штаммлари ҳар сафар хориждан қайтган фуқароларимиз орқали кириб келганини ҳисобга олсак, айни кунларда касаллик тарқалаётган мамлакатларга зарурат бўлмаса, вақтинча бормасликни тавсия қиламиз.

    Эслатиб ўтамиз, айни пайтда юртимизда аҳолини эмлашда жами 6 турдаги — AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001, "Sputnik V", Moderna, Pfizer/BioNTech ҳамда Sinovac вакциналаридан фойдаланилмоқда.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates