Ободликка ҳар биримиз масъулмиз. Аччиқ, аммо очиқ гаплар

    Долзарб 4 июл 2020 985

    Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида йўллар ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, экологик қонунчилик ижросини таъминлаш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари қизғин муҳокама қилинмоқда.

    Бу бежиз эмас. Зеро, Бўстонлиқ тумани ўзига хос ноёб табиати, замонавий имкониятлари, бетакрор манзаралари билан нафақат юртдошларимизнинг, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам диққат-эътиборини ўзига тортиб келади.

    Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 майдаги «Чорвоқ эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳудудда сайёҳларга замонавий шароит яратишга қаратилган инвестиция лойиҳалари учун жой олиш, солиқ ва бошқалардан кўплаб имтиёзлар белгиланган. Афсуски, бу имкониятлардан барча тўғри фойдаланяпти, деб бўлмайди. Республика ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳудудда амалга оширилган ўрганиш ва мониторинг натижалари буни яққол исботлади.

    Қурилиш меъёрларига зид равишда тақиқланган ҳудудда, тоғ қияликлари ёқасида ёки йўллар, сув муҳофаза ҳудудларини ўзбошимчалик билан эгаллаб қурилган иншоотлар табиатга зиён етказиш баробарида маҳаллий аҳоли учун ноқулайлик туғдирмоқда. Қолаверса, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш имкониятини ­чекламоқда.

    Эндиликда Бўстонлиқ туманига сайёҳлар оқими кўпайиб бораётганини инобатга олган ҳолда улар учун янада қулай шароит яратиш, йўлларни кенгайтириш орқали тирбандликларнинг олдини олиш, энг муҳими, табиатни асл ҳолича сақлаш мақсадида республика ишчи гуруҳи ва суд қарорига кўра, бундай қурилишлар ноқонуний деб топилди.

    — Шаҳарсозлик кодексида йўл четидан лоток, кўкаламзорлаштириш ҳудуди ва пиёдалар йўлаги учун жой ажратиш белгиланган, — дейди Бўс­тонлиқ тумани бош архитектори Олимжон Назиров. — Афсуски, ўтган йилларда масъул давлат ташкилотларининг бу қоидаларга риоя этмагани натижасида аҳолининг йўлларнинг муҳофаза ҳудудига қурилган иморатларига кадастр ҳужжатлари бериб юборилган. Энди шундай ҳудудларда қурилган иморатлар ноқонуний қурилма мақомини олди. Албатта, туман ҳокимлиги ва тегишли идора-ташкилотлар томонидан бу жараёнда мулк эгаларининг ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иморатлари бузилганларга баҳолаш ташкилотлари чиқариб берган нарх бўйича товон пули тўланди. Баъзиларга эса бузилган майдон ўрнига бошқа жойдан ер ажратиладиган бўлди. Шу тариқа фуқароларнинг розилиги билан ноқонуний иморатлар ва қурилмалар бузилмоқда.

    Туманда бугунга қадар 365 та, жами 37,5 минг квадрат метр кўчмас мулк иншоотлари хатловдан ўтказилди. Шунингдек, «Хўжакент», «Чинор», «Хумсон» маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи Угом дарёсининг 25 метрлик муҳофаза минтақасида 150 та ҳолат бўйича 16,7 гектар ер майдони ҳамда қурилиши бор 26,6 минг квадрат метр майдон тўлиқ хатловдан ўтказилди.

    Чинор автомобиль йўлининг муҳофаза ҳудудида жойлашган енгил конструкцияли 21 та бостирма, ўзбошимчалик билан барпо этилган қурилмалар, темир тўсиқлар бузиб ташланди. Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 6 та жиноят иши қўзғатилиб, 10 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган.

    — Бу ишларнинг барчаси аҳоли манфаатини кўзлаб амалга оширилмоқда, — дейди «Чимён» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Йўлдош Маъдиев. — Зеро, обод қилинган бу йўллардан, аввало, шу ҳудудда яшайдиган фуқаролар фойдаланади. Қолаверса, юртимизга четдан келаётган сайёҳлар бизга яшаш тарзимиз, ободончилик ишларимизга қараб баҳо беради. Маҳалламиз аҳли буни яхши англаган ҳолда яратиб берилган ҳар бир имкониятдан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

    Маълумотларга кўра, келгусида табиатимизнинг ушбу ноёб ҳудудларида халқаро андозалар даражасидаги замонавий кўп қаватли меҳмонхоналар қуриш орқали ҳудуднинг сайёҳлик инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилаётир.

    Шу билан бирга, Бўстонлиқнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларида экологик қонунчилик ижроси устидан ўрганиш ва кузатувлар ўтказилмоқда. Афсуски, шу кунларда табиат қўйнида дам олишга чиқаётган юртдошларимиз томонидан қонунбузарликлар содир этилаётган ҳолатлар аниқланиб турибди.

    Тошкент вилояти пост-патруль хизмати ходими Саттор Ибраевнинг айтишича, огоҳлантиришларга қарамай, Угом дарёсининг рухсат этилмаган ҳудудларида чўмилиш, табиатга чиқиндилар ташлаш, карантин қоидаларига риоя этмаслик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Табиийки, қонунбузарлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилмоқда.

    Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, юртимиз ободлиги ва табиий мувозанатни таъминлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Қайси соҳада фаолият юритмайлик, кундалик ҳаётимизда экологик қонунчиликка риоя этсак, табиатнинг ҳар бир неъматидан оқилона фойдаланишга эътибор қаратсак, бу борадаги эзгу ишларга муносиб улуш қўшган бўламиз.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates