Одил судлов-демократик жамият қуришнинг асосий шартидир

    Фикр 5 август 2020 3812

    Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

    2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари» доирасида Президентимизнинг бир нечта қарор ва фармонлари қабул қилинди.

    Жумладан, биргина 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4966-сон Фармонга асосан судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди.

    2017 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилган.

    Шунингдек, судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.

    Ушбу ислоҳотларнинг давомийлиги сифатида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–6034-сон Фармони қабул қилинди.

    Фармонда 2021 йил 1 январдан бошлаб тегишли қонун ҳужжати билан қуйидагиларни, яъни:

    - вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

    - маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;

    - маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш назарда тутилган.

    Шунингдек, Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб жорий этилаётган «Бир суд – бир инстанция» тамойили эса халқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул суд тизими ҳисобланади. Бу тамойилга кўра, суд иш юритувига келиб тушган ҳар қандай иш уч босқичда якунига етади.

    Биринчи босқич – туманлараро, туман (шаҳар) судлари. Иккинчи босқич – апелляция (вилоят судлари). Учинчи босқич – кассация (Олий суд).

    Яъни, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

    Бу янгиликнинг жорий этилиши натижасида суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади.

    Бундан ташқари, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади.

    Суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, суд идораларининг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришдир.

    Жамшидхон Нуритдинов,

    Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи