Олимнинг экоаналитик лабораторияда олиб борган тадқиқоти самарали натижа кўрсатди

    "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан имзоланган меморандумга мувофиқ, Атроф-муҳит муҳофазаси хизмати таркибидаги Экоаналитик лабораториясида таянч докторантларнинг илмий ишлари юзасидан амалиёт ўташлари самарали ташкил этилмоқда.

    Университетнинг Кимё факультети “Органик кимё” кафедраси таянч докторанти (PhD) Ш.Б.Тўраев томонидан бажарилган “Алифатик карбон кислоталарнинг алкиламид ҳосилалари синтези ва хоссалари” мавзусидаги докторлик (PhD) диссертацияси доирасида илк бор янги органик бирикмалар синтез қилинди.

    Трифторсирка кислотаси фталимид этил эфири, монохлорсирка кислотаси фталимид этил эфири “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Атроф-муҳит муҳофазаси хизмати таркибидаги Экоаналитик лабораториясида оқова сувларни зарарсизлантирувчи сифатида лаборатория шароитида тадбиқ қилиш амалиётларига бириктирилган бир гуруҳ устозлар кўмагида синов ўтказилди.

    Тадқиқ қилинган янги препаратлар трифторсирка кислотаси фталимидоэтил эфири, монохлорсирка кислотаси фталимидоэтил эфирининг ацетондаги эритмалари, лаборатория шароитида оқова сувларни зарарсизлантириш учун текшириб кўрилди. Таҳлил натижаларига кўра, 1% ли эритма оқова сувларни зарарсизлантиришда самарадорликни намоён қилди.

    Олиб борилган тадқиқотларга кўра, ушбу препаратлар оқова сувларни микроорганизмлардан зарарсизлантириш учун қўллаш мумкинлиги аниқланди.

    Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳар бир соҳада салоҳияти юқори ёшларнинг ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали мажмуамиз ва қолаверса мамлакатимизнинг эртанги кадрларини шакллантирамиз. Зеро бугуннинг ёшлари эртанги истиқболимиз ниҳолларидир!

    “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати