Сочи рингларида 6 та жуфтлик боксчилари ўз рейтинг йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боришади. Эътиборлиси, ушбу бокс оқшомида ҳамюртимиз, 2016 йилги олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори Рустам Тўлаганов профессионал бокснинг биринчи ярим оғир вазнида (79 кг) WBC International камари учун 10 раундлик жангда россиялик Сергей Екимовга қарши рингга кўтарилади.
2017 йилдан профессионал бокс мусобақаларида иштирок этиб келаётган Рустам шу пайтгача профессионал боксда 3 та расмий мусобақада қатнашиб барчасида рақибларини мағлуб этган. Унинг рақиби Екимов эса 2009 йилдан бери профессионал боксда 20 та жанг ўтказган. 18 та ғалаба, 2 та мағлубият.
— Айни кунларда Тошкентдаги бокс мактабида мураббий Бекзод Хидиров мураббийлигида 15 августда бўладиган жангга ҳозирлик кўряпман. 15 июль куни Сочига йўл оламан, — дейди Рустам Тўлаганов.
Маълумот учун: Рустам Тўлаганов 1991 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Фаолияти мобайнида МДХ ва Европа мамлакатларида шунингдек, Хитой, Таиланд, Индонезия, Ҳиндистон каби қатор давлатларда ўтказилган халқаро мусобақа ва турнирларда ғолиб ва совриндорликка эришган. 2015 йилги Осиё чемпиони. Олимпия ўйинлари(2016) бронза медали соҳиби. Унинг ҳаваскор боксдаги ғалабалари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилган. «Ўзбекистон ифтихори» нишондори. Ҳозирда профессионал боксда Ўзбекистонинг оғир вазндаги номдор спортчиларидан бири ҳисобланади.
Тўлқин РЎЗИЕВ.