Олис қишлоқ аҳолиси сув муаммосидан халос бўлди

    Сув келтирган – элда азиз, дейди халқимиз. Зеро, ҳамма замонларда ҳам тоза ичимлик сувининг қадри баланд бўлган. Кейинги вақтларда табиатдаги глобал ўзгаришлар бу эҳтиёжни янада кучайтирди. БМТнинг маълумотига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи яшайдиган жойда тоза ичимлик суви етишмайди.

    Artel компанияси раҳбарияти халқ дуосини олиш учун хайрия ишларга бош қўшиб келмоқда. Айниқса, ичимлик суви каби глобал муаммо қаршисидан бефарқ ўтиб кетишни истамайди. Жумладан, 2021 йилнинг 31 май куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги Чорвадор ҚФЙга қарашли Ўртақишлоқ аҳолиси Artel компанияси раҳбариятига мурожаат қилди. Маълум бўлишича, узоқ йиллардан буён Ўртақишлоқ аҳолиси ичимлик сувини олис масофадан ташиб ичади. Боз устига электр қувватининг пасайиши, ундаги узилишлар сабаб сувга узоқ навбат ҳосил бўлади. Бунинг оқибатида маълум соатдагина ишлайдиган артезиан қудуғи сувидан кўпчилик бенасиб қолади. Шундай вақтларда 150 хўжаликдан иборат қишлоқ аҳли бир ярим ойда бир марта келадиган ариқ сувидан ичишга мажбур. Бу сув аҳоли хонадонларидаги ҳовузда сақланадиган яроқсиз сув эди.

    Artel компанияси раҳбарияти мазкур ҳолатни ўрганиб Ўртақишлоқ аҳолиси оғирини енгил қилди. 300 миллион маблағ сарфланиб, 200 метр чуқурдан ичишга яроқли сув чиқариб беришга кўмаклашди.

    – Бизни 50 йилдан бери сув муаммоси қийнаб келарди, – дейди Ўртақишлоқда истиқомат қиладиган юртдошимиз Илҳом Худойбердиев. – Бу муаммони ҳал қилиш учун жуда кўп мурожаатлар қилдик, фойдаси бўлмади. Бир куни туман газетасида Artel компаниясининг ҳомийлиги, мактаб томини қайтадан ёпиб, иситиш тизимини янгилаб бергани, оғир аҳволдаги оилаларга уй қураётгани ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим. Шундан сўнг қишлоқдошларимиз билан бирга компания раҳбариятига хат билан мурожаат қилдик. Бизни хурсанд қилгани, Artel компанияси тезкорлик билан мурожаатимизга жавоб берди. Компания вакиллари келиб қишлоғимиздаги вазиятни ўрганди, шундан сўнг бир ҳафтага қолмасдан сув чиқариб берди. Бунинг учун улардан миннатдормиз.

    Таъкидлаш керак, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик суви сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар-гигиеник қоидаларнинг бузилишлари билан боғлиқ. Олимларнинг таъкидлашича, ҳар бир киши санитария меъёрларига амал қилиш ва соғлом ҳаёт кечириши учун 24 соат мобайнида 50 литр сувдан фойдаланиши керак. Кейинги йилларда 1500 дан зиёд фуқаро яшайдиган Ўртақишлоқ аҳолиси, айниқса, болалар ўртасида юқумли касалликлар, хусусан, гепатит А – сариқ касаллиги кўпайган.

    Аҳолининг асосий даромади чорва моллари ҳисобланади. Сув танқислиги, унинг яроқсизлиги сабаб чорва молларида ҳам касалликлар кўпайгани аҳоли турмуш даражасига сезиларли зарар етказган. Шу каби сабаблар туфайли ўртақишлоқликлар узоқ йиллар давомида турли идора ва ташкилотларга мазкур масалани ҳал этишни сўраб мурожаатлар қилган. Ҳатто уларнинг чиқишлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга ҳам сабаб бўлган. Бугун эса кўп йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган масала ечим топганидан улар жуда мамнун.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates