Олис қишлоқ обод бўлмоқда

    Бағдод туманидаги “Чўлюнус” маҳалла фуқаролар йиғинида 5 минг 680  нафар аҳоли яшайди. Асрлар давомида  аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган шарт шароитлар йўқ эди.

    Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида қурилган йўллар ёзда чанг, қиш лойга ботарди. Электр,сув, табиий газ таъминотидаги узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлида қилинган мурожаатларга ижобий ечим топилмаган...

    Олис ва чекка қишлоқларни ободонлаштириш йўлида бошланган ислоҳотлар олис қишлоққа янги ҳаёт нафасини олиб кирди.

    – Қишлоқ ҳудудларидаги инфратузилма тармоқларини яхшилаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидан катта-кичик баҳра олмоқда, – дейди “Чўлюнус” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саҳобиддин Ортиқов. – Шу кунга қадар тупроқ қатламли йўлларимизга шағал ётқизилиб, 1,3 км узунликдаги кўчаларни асфальтлаш борасида ишлар бошланди. Ёшлар кўчасида 1,2 млрд. сўм ҳисобига ичимлик сув қудуғи қазиш, сув минораси ўрнатиш ва 2,5 км узунликда тармоқ тортиш ишлари олиб бориляпти. Иноқ кўчасидаги 60 кВ.ли трансформатор юқори қувватлисига алмаштирилади.

    Маҳалладаги 31-умумий ўрта таълим мактабида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида янги ўқув биноси қад ростламоқда. Қурилиш ишлари учун қарийб 4 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган бўлиб, бино янги ўқув йилидан фойдаланишга топширилади.

    Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олини олишга қаратилган тиббий кўрик давомида 200 нафардан зиёд фуқарога бепул тиббий маслаҳат, 8 нафар беморга туман, 2 нафар фуқарога эса вилоят шифохоналарида ётиб даволаниш учун йўлланмалар берилди.

    Аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафар чўлюнуслик аёлларга субсидия асосида тикув машиналари топширилди.

    Сирасини айтганда, олис қишлоқда бошланган бунёдкорлик, ободончилик ишлари одамлар ҳаёт тарзига фаровонлик, шукроналик ҳиссини олиб кирмоқда.

    Расулжон Камолов,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири