Олий Мажлис Сенати Раиси Озарбайжон Республикаси Президенти билан учрашди

    Шу кунларда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева амалий ташриф билан Озарбайжон Республикасида бўлиб турибди.

    15 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.

    Президент Илҳом Алиев Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегациянинг Озарбайжоннинг буюк фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этаётгани, ушбу мамлакатнинг умуммиллий лидери хотирасига кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.

    Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолатига тўхталар экан, Илҳом Алиев улар изчил равишда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди. Давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч ва қардошлик муносабатлари ўрнатилиб, олий даражадаги ташрифлар алмашинувининг самарали механизми яратилганини таъкидлади. «Ўтган йилнинг ўзида мен Ўзбекистонга 3 марта ташриф буюрдим. Бу биз учун мамлакатингиздан яқинроқ дўст йўқлигини яна бир бор тасдиқлайди»– деди, Илҳом Алиев.

    Ўз навбатида Олий Мажлис Сенати Раиси самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилгани, икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикаси деярли барча йўналиш ва даражаларда кузатилаётгани, муҳими, икки қардош мамлакат халқаро ва минтақавий ташкилотлар майдонларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганлигига алоҳида тўхталди.

    Шунингдек, Танзила Нарбаева парламентлараро мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмига айлангани, Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлари халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, бундан буён ҳам икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш учун парламентлараро алоқаларнинг барча имконият ва саъй-ҳаракатларини ишга солинишини таъкидлаб ўтди.

    Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини икки мамлакат парламентлараро мулоқоти орқали ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳамкорликнинг турли йўналишлари жумладан, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, энергетика, сармоявий ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

    Хусусан, бугунги кунда Озарбайжонда иқтисодиётнинг турли тармоқлари масалан, тўқимачилик ва ипакчиликда ИТ-парклар ва кластер тизимини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва уни жорий этиш масаласига эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

    Тарих, тил, маданиятнинг муштараклиги ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги маънавий яқинликни тасдиқлайди. Шу маънода учрашувда икки халқ бир-бирини таржимасиз тушуниши, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳам маданий-маърифий мулоқот эканлиги айтиб ўтилди.

    Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик алоқалари истиқболли давом этиши муҳимлиги қайд этилиб, икки давлат ёшларини бирлаштиришга хизмат қиладиган махсус форум ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.