Олий маълумотли тарбиячилар ойлиги мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглашади

    “Ҳар бир мамлакатнинг толеси ва тараққиёти ёшларга қандай таълим ва тарбия берилишига ҳар томонлама боғлиқдир”.

    Билим инсонни комилликка етаклаш билан бирга, жамият ривожини ҳам юксалтиради. Билимсизлик эса мағлубиятдир. Инсонда билим ва интеллект сифатли таълим орқали шаклланади. Буюк маърифатпарвар Абдурауф Фитрат айтганидек, “Ҳар бир мамлакатнинг толеси ва тараққиёти ёшларга қандай таълим ва тарбия берилишига ҳар томонлама боғлиқдир”.

    Дарҳақиқат, бугунбилим ва интеллектуал салоҳиятни ошириш, ёшларга сифатли таълим беришга устувор аҳамият қаратадиган мамлакатлар ҳар жабҳада пешқадам. Ушбу давлатларда илм-фан, маданият ва барча соҳаларда юқори натижаларга эришиляпти. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ана шундай илғор тажрибаларни миллий таълим тизимимизга жорий этиш, ёшларга таълим бериш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда мактабгача таълим йўналишида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

    Айтиш жоизки, мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Бу соҳага бўлган эътибор мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади. Сабаби, мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми бўлиб, у боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлайди. Ўқишга иштиёқини оширади, тизимли ўқитишга тайёрлаб боради.Аммо аччиқ бўлса-да, айтиш керак, кўп йиллар давомида ушбу соҳа эътибордан четда қолди. Яқин ўтмишда айнан таълим тизимимиз оқсагани учун илм-фан, замонавий технологиялар ва бошқа талай йўналишларда тараққиётдан ортда қолдик.

    Масалан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш беш йил аввал 27 фоиз эди. Кўп ҳудудларда боғчалар етишмасди. Мактабгача таълим ташкилотларининг салкам 50 фоизи бошқа ташкилотлар ихтиёрига ўтиб кетган, тизимда маош камлиги ва маънавий рағбат йўқлиги боиси билимли, тажрибали тарбиячилар таълим тизимидан бутунлай кетиб қолганди. Боғчалардаги таълим сифати ҳақида эса умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Боғчалар болаларгашунчакиқараб турадиган ташкилотларга айланиб қолганди.

    Сўнгги олти-етти йилда эса мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизими катта ўзгаришларга юз тутди. Таълим соҳасидаги муаммолар очиқ-ошкора тилга олинди, кенг жамоатчилик эътиборикечиктирилмай ҳал қилиниши зарур бўлган айни шу масалага қаратилди. Охирги йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида кўплаб янги замонавий боғчалар қурилди, реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланди.

    Кейинги йилларда бу борада муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди. Ҳозирда йирик шаҳарларимиздан тортиб чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилмоқда. 2017 йилда юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият юритган бўлса, 2023 йилда улар сони 29 мингдан ошди. Шуларнинг 22 мингдан ортиғи нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир.

    Юртимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 72 фоизга етди. Бу 2 миллионга яқин бола боғчага бораяпти, дегани. 2022 йилда “Finance Inquirer” нашри болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича энг яхши динамикага эга бўлган дунёдаги пешқадам 10 давлатни эълон қилди. Унда Ўзбекистон жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

    Таълим муассасасида болаларнинг янгиликка интилиши, билимдонлиги, ҳозиржавоб бўлиши ота-онадан ташқари уларни тарбиялаётган педагог, тарбиячининг салоҳияти, маҳорати, тажрибасига ҳам боғлиқ бўлади.Ўз устида ишлайдиган, интилувчан, дунёқараши кенг, билимли педагог тарбиячиларнинг гуруҳидаги болалар бошқалардан ажралиб турарди.

    Лекин афсуски, ҳар доим ҳам олий маълумотли, малакали тарбиячиларни боғчаларда “ушлаб” қолишнинг имкони бўлмасди. Сабаби, эндигина тили чиқа бошлаган, турфа характердаги бола билан ишлаш кишидан кўп меҳр, куч-ғайрат ва меҳнат талаб қилади. Хуллас, тарбиячи педагог кўп куч сарфлайди ва уларнинг маошлари ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Маош етарли бўлмаса, аксарият тажрибали тарбиячилар бошқа ишга кетиб қолишади, яъни моддий фаровонликка ҳаракат қилишади.

    Президентимизнинг жорий йил 26 майда имзоланган “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятли бўлди. Ушбу фармонга биноан, 2024 йил 1 июндан боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар мактаб ўқитувчилариникига тенг миқдорда ойлик олади. Шунингдек, давлатга қарашли боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини бериш тартиби ўзгаради.

    2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш жорий этилади. Бунда 2023/2024 ўқув йилидан ўқитувчилар стажёр-ўқитувчи сифатида ишлайди ва 1 йилда сертификат олиши талаб этилади.1 январдан эса давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади. Бунда малака тоифаси учун синовлар 1 йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда педагогик маҳорати баҳоланади.Бу имкониятлар боғчаларимиздаги кадрлар қўнимсизлиги, олий маълумотли педагогларнинг етишмаслиги каби масалаларни ижобий ҳал этишга замин яратади.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 50-моддасида давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиши, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида экани белгилаб қўйилди.Энг муҳими, мактабгача таълим соҳасида болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, болаларни соғлом озиқ-овқат, сифатли тиббий хизмат ва бошқа моддий воситалар билан таъминлаш ишлари доимий назоратга олиниши кафолатланди.

    Яқин истиқболда фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича аниқ давлат дастурлари қабул қилинади. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади.

    Умуман олганда, мактабгача таълим соҳасида яна кўплаб ислоҳотларни амалга ошириш режалаштириляпти. Пировард мақсад эса ягона – ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва замонавий таълим олишини таъминлаш. Зеро, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.

    Шаҳноза Холмаҳматова,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates