Олий таълим халқнинг келажагини белгилаб беради

    Мазкур тизим орқали юртимиздаги 135 та олий таълим муассасаси ўртача минг нафардан ёшни қамраб олганда ҳам, камида юз минг нафар ёшнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмак бўлади.

    Бугун сайёрамиз миқёсида олганимизда ҳам жаҳон тамаддунининг ҳаракатлантирувчи кучи, тараққиёт кемасига тезланиш бера олувчи қатлами малакали, замон талабларини илғай оладиган, уларга “лаббай” деб жавоб бера оладиган, профессионал омилкор мутахассислар эканини англаймиз. Бундай кадрларни эса, шубҳасиз, олий таълим тизими тайёрлаб беради.

    Шу сабабли ҳам бугун дунё тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк эта оладиган қудратли куч бўлган илм-фан, таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жаҳоннинг қатор етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, мамлакатнинг эртанги куни, равнақи айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқларга бевосита ва билвосита боғлиқ.

    Мамлакатимиз ҳам бу жараённинг фаол иштирокчиси экани қувонарли ҳол, албатта. Эътироф этиш лозим, олий таълим тизимининг кейинги йиллардаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.

    Олий таълим тизимида юзага келган муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш мақсадида кейинги йилларда соҳани тубдан такомиллаштириш, изчил ривожлантириш, XXI аср талабларига мослаштириш, замон билан ҳамнафас қилиш борасида аниқ, изчил ва кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, соҳа тараққиётига йўналтирилган ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси соҳадаги янги ислоҳотлар учун дастуруламал вазифасини бажармоқда. Ушбу ҳужжатга интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди. Концепция мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттирди. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижорийлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилди.

    2019 йилнинг 11 июлида олий таълим соҳасини ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини тубдан ўзгартирувчи иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Мамлакатимиз раҳбари “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида ги қарорни имзолади.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга йўналтирилган “Таълим тўғрисида”ги қонуни 2020 йил 23 сентябрь куни қабул қилинди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, қонун жаҳон стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг қамрови кенглиги ва ўзига хос хусусияти билан “Таълим тўғрисида”ги аввалги қонундан тубдан фарқ қилади. Мазкур қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Унга мувофиқ, ўқитишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди. Таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан ҳамкорликда қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда парламентга тақдим этган Мурожаатномасида илм-фан ва таълим тизимига тааллуқли қатор стратегик йўналишларни белгилаб берди. Бу янгиланаётган жамиятимизда олий таълим сиёсати мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашимизга ўзига хос ёндашув бўлди. Зеро, кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, олий таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдевори бунёд этилади.

    Кейинги тўрт йилда мамлакатимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш учун таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига қаратилаётган эътибор тизимли равишда ва изчил ортмоқда.

    Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, олий таълимга қамров даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етказилди.

    Жорий йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоиз оширилади. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки баробарга кўпайтириб, икки минг нафарга етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

    Ўттизта етакчи олий ўқув юртига ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилди. Доцент ва профессор илмий унвонлари ҳамда фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколатининг етакчи олий таълим муассасалар илмий кенгашларига тақдим этилиши ҳам ҳар бир педагог ва тадқиқотчиларга янги имконият эшикларини очиб беради.

    Илм-фан соҳасида олий ўқув юртлари ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиб, тизимни ривожлантириш учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси чуқурлаштирилиши ҳам бу борада кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

    Таълим сифатини тубдан яхшилайдиган педагог кадрларнинг хорижда малака ошириши учун муносиб шарт-шароитлар яратилди. Ўқитишнинг илғор технологиялари ўқитиш жараёнига жорий қилинаётир. Ўқув муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.

    Шунингдек, кейинги йилларда олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратиляпти. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ва самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълимга қамров даражасини 2030 йилга қадар эллик фоиздан ошириш, олий таълим муассасаларини янада кўпайтириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Камида ўнта олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 талиги рўйхатига, жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та олий таълим муассасаси рўйхатига киритиш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

    Рақобатбардош миллий кадрлар тайёрлайдиган олий таълим тизими ислоҳотлари доимийлик ва изчиллик талаб этадиган жараёндир. Зеро, тобора глобаллашаётган дунёда сифатли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳар бир давлатнинг келажагини белгилаб берувчи асосий омил экани ўз-ўзидан аён.

    Президентимиз яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна бир бор олий ўқув юртлари зиммасидаги масъулият ҳақида тўхталди. Давлат раҳбари энди бу борада мутлақо янги тизим яратилишини қайд этди. Ҳар бир олий ўқув юрти ён-атрофидаги камида беш-ўнтадан маҳалласи учун “маънавият маркази” ва “маданият ўчоғи” бўлиши лозим.

    Олий ўқув юртларига ён-атрофдаги маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этиш, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашиш вазифаси топширилди. Шунингдек, олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган маҳалладаги “Ёшлар дафтари”даги ёшлар учун олий ўқув юртларига кириш бўйича бепул тайёрлов курсларини ташкил этади.

    Дарҳақиқат, мазкур тизим орқали юртимиздаги 135 та олий таълим муассасаси ўртача минг нафардан ёшни қамраб олганда ҳам, камида юз минг нафар ёшнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмак бўлади. Бу жуда катта кўрсаткич, албатта.

    Бир сўз билан айтганда, бугунги глобаллашув ва давлатлараро рақобат тобора кучайиб, интернет ва инновацион технологиялар ҳар соҳага чуқур кириб бораётган, дунёда анъанавий жамиятдан ахборотлашган жамият сари ҳаракатлар кечаётган даврда мамлакатимизда ҳар бир мутахассисни мустақил фикрлайдиган, жамиятда фаоллик кўрсатадиган, қийинчиликларни қўрқмасдан енгиб ўта оладиган, рақобатбардош, ўз Ватанига содиқ шахс сифатида камолга етказиш олий таълим соҳасининг энг асосий, устувор вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг дастлабки ижобий натижалари ҳозирданоқ кўзга ташлана бошлагани эса ҳаммамизни мамнун этди.

    Шокир ҒАФФОРОВ,

    Самарқанд давлат университети профессори,

    тарих фанлари доктори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates