Омма олдида сўзлаш масъулияти

    Фикр 30 апрел 2021 2137

    Сўз эркинлиги ҳамда уни ифодалаш энг асосий ҳуқуқларидан биридир. Бироқ ундан фойдаланиш, фикрлар билан ўртоқлашиш ва тарқатиш учун инсон маънан соғлом, қонунга итоаткор руҳда тарбияланган бўлмоғи лозим.

    Бошқача айтганда, инсондан сўз айтмоқ масъулиятини англаши талаб этилади. Шу мавзуда гап кетганда ҳазрат Навоийнинг «Олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демак нодоннинг иши», деган ҳикмати ёдимизга тушади.

    Бугун ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг фаоллиги анча юқори. Ахборот технологияларининг ютуқлари ҳаётимизда бир қатор қулайликлар туғдирмоқда. Шу билан биргаликда омманинг бундай фаоллигидан «унумли» фойдаланиб қолиш пайида юрганлар ҳам йўқ эмас. Айни пайтда сўз эркинлигидан фойдаланиб, мўмай даромад илинжидаги айрим сохта «блогер»лар асоссиз, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотларни, айниқса қонунга итоатсиз бўлиш мазмунидаги фикрларни тарқатаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Эндиликда бундай тоифа кишилар кўзларини каттароқ очишга тўғри келади.

    Айтмоқчимизки, фикрлар ва қарашлар майдонига чиқар эканмиз, бунда аввало мамлакатимизда кечаётган жараёнларга ўз муносабатимиз ҳамда нуқтаи назаримизни билдиришда қонунчилигимизга амал қилмоғимиз лозим. Баён этаётган фикрларимиз мамлакат тараққиётига дахлдорлигини, қолаверса меъёрни бузиб, хаёлимизга келган бўлар-бўлмас, асоссиз гапларни гапиришимиз тегишли тартибда жавобгарликни келтириб чиқаришини унутмаслигимиз шарт. Чунки, Ўзбекистон Республикаси 2021 йил 30 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни қуйидаги мазмундаги 2011-модда билан тўлдирилди:

    «Қонунчилик ҳужжатларини бажармасликка ёки бузишга омма олдида даъват қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

    Шу ўринда муҳим бир гапни айтмасак бўлмайди. Конституциямиз, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонун билан фуқароларимизнинг ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган. Қолаверса, сўнгги йилларда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборотлар билан танишиб чиқиш имконияти тўла таъминланганлиги бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни билиб қўйишимизни тақозо этади.

    Демак, юқорида таъкидланган ўзгартириш қонунчилигимизна жуда ўринли киритилган. Чунки, ахборот жамияти тобора ривожланиб бораётган бир пайтда фуқароларнинг тинч ҳаётига рахна солиш, дахл қилишдан сақланиш учун уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Шу маънода қонунчилигимизга киритилган бу ўзгартириш халқаро ҳуқуқий қоидаларга ҳамда кўзга кўринган демократик мамлакатлар тажрибасига тўла мос келади.

    Аҳаджон ЎЛМАСОВ,

    жиноят ишлари бўйича

    Юқоричирчиқ туман судининг раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates