Она тилимиз — ўзлигимиз, шаънимиз!

    Тил миллат кўзгуси, маънавиятини белгиловчи муҳим восита. Ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, “Тил билмаслик, эл билмаслик” сифати баҳоланаган. Бу бежиз эмас. Ўтган вақт мобайнида она тилимизга бўлган муносабат, уни давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ҳоким маслаҳатчиси лавозимлари жорий этилди. Уларнинг ойлик маошлари, иш шароитларини яхшилаш, асосий вазифаларидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар “Йўл харита”си ишлаб чиқилди.

    Фарғона давлат университети базасида “Давлат тилида иш юритишни ўргатиш ва малака ошириш маркази” ташкил этилди. Таълим тизимида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилини илм-фан тили сифатида нуфузини ошириш, давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятинии ошириш масалаларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси билан ҳамкорликда ҳудуддаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари иштирокида “Алла” ҳамда “Энг чиройли нутқ эгаси” кўрик-танловлари ташкил этилди, китоб тақдимотлари йўлга қўйилди, ўқув-семинар, тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

    Жойларда кундалик ҳаётимизда кўп учрайдиган ташқи ёзувлар, реклама ва ахборотлар, пешлавҳа ва жой номлари билан боғлиқ ўзбек тили меъёрларига зид ҳолатларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича экспертлар гуруҳи ташкил қилинган. Улар “Давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларига зид бўлган ҳолатларни аниқлаб, бартараф этиб бормоқда. Топонимик объектлар, жой номлари юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича ҳудудий комиссияларга тақдимномалар киртилди.

    Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ҳар бир шаҳар ва туман маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 989 та китоб дўкони ташкил этилди.

    Ҳали олдимизда турган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар кўп. Аҳоли ўртасида давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборни янада кучайтириш, иш юритишда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларига амал қилиш, ташқи реклама ва ёзувларда ўзбек тили меъёрларига риоя этилиши бугунги кундаги долзарб масалалардан.

    Барча соҳаларда ҳужжатлар билан ишлаш ва иш юритиш тизимидаги масъул ходимларнинг билимини ошириш, давлат тилида иш ташкил этиш бўйича масъулиятини кучайтириш доимий диққат марказимизда. Шу мақсадда зиёли кишиларнинг фаоллиги билан бир қаторда, хусусий сектордаги тадбиркорлик субъектларининг кўмаги ҳам яхши натижа беради.

    Миллий қадриятларимиз, аждодларимиз руҳи олдидаги муқаддас бурчимизнинг бир кўриниши бўлган ўз она тилимизни, аввало, ўзимиз қадрлашимиз, дунё халқларига унинг бой имкониятлари ва жилосини намойиш эта олишимиз зарур. Тилга бўлган ҳурмат ўзлигимизга, шаънимизга бўлган ҳурмат эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

    Соҳибжамол ТОНГОТАРОВА,

    Фарғона вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates