Она тилимизнинг софлиги ва боқийлигини таъминлашга ҳар биримиз масъулмиз

    Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

    Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами куни деб белгиланди. 2020 йил 10 апрелда эса Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида қонун қабул қилинди. 2020 йил

    20 октябрда бу борада яна бир муҳим ҳужжат — Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.

    Бу ҳужжатлар она тилимизнинг мавқеини оширишда муҳим самара бермоқда. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар қилаётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда.

    Юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи борасида сўз борар экан, аввало, бугунги ҳолат ва келажак ҳақида фикр юритишга тўғри келади. Сўнгги 30 йилда давлат тилининг фуқаролар ҳаётидаги ўрни ва мавқеи объектив, табиий зарурат таъсирида ортганини қайд этиш лозим. Яъни бугун аҳолининг катта қисми ўзбек тилида мулоқот қилади, сўнгги йилларда бу тилда мулоқот қилувчи аҳоли сони янада ортган. Бу ўзбек тилини туғма она тили сифатида эгаллаган аҳолининг демо­график, яъни сон жиҳатидан ўсиши ортидан юзага келган ҳолат бўлиб, бунга бир потенциал сифатида қарасак, у ўсиш тенденциясига эга.

    Бироқ она тилимиз бардавомлигини таъминлаш борасида бир қатор муаммолардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Масалан, ­Ўзбекистонда ўзбек тилини ўрганиш учун тил муҳити мавжуд бўлгани ҳолда бунга эҳтиёж паст. Ҳозир давлат тилини билмаслик фуқароларга мансаб пиллапояларида юқорилаш, бизнес юритиш, таълим олиш, мулоқот қилиш ва ҳоказо соҳаларда халақит бермайди. Бу, бир жиҳатдан, мамлакатимизда юритилаётган либерал тил сиёсатининг ижобий томони, яъни фуқароларга ўз она тилида мулоқот қилиш, таълим олиш каби ҳуқуқларнинг амалда кафолатланганининг исботи бўлса, бошқа томондан, бу жараёнда “Давлат тили ҳақида”ги қонун меъёрларига тўлиқ амал қилмаслик ҳолатлари кузатилаётгани кишини ташвишлантиради.

    Шу маънода, яқинда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тили бўйича имтиҳондан ўтилиши тўғрисидаги низом тасдиқлангани ижобий янгилик бўлди. Ушбу тартиб ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёжни юзага келтиради. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя қилмаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарликни назарда тутувчи 42-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилди. Бу ишлар жамиятимизда давлат тилини ўрганишга эҳтиёж ва интилишни кучайтиришга хизмат қилади, деган умиддамиз.

    Яна бир муаммо — ҳамон айрим давлат ташкилотларидан хатлар ва бошқа ҳужжатлар давлат тилидан бошқа тилларда чиқарилаётгани, шартномалар, тендер материаллари, классификаторлар ва ҳоказо муҳим ҳужжатларнинг давлат тилидаги вариантлари мавжуд эмаслиги, давлат ташкилотлари ўтказаётган тадбирларнинг рус тилида олиб борилиши, халқаро тадбирлар, хусусан, семинарлар, тренингларда синхрон таржималар давлат тилида қилинмаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ушбу муаммоларнинг бир қатор объектив ва субъектив сабаблари бор.

    Масалан, терминология, луғатшунослик, кадрлар тайёрлаш, давлат тилида иш юритиш, ўзбек тили таълими, реклама, норма ижодкорлиги, илмий фаолиятдан тортиб, давлат тилига бўлган муносабатгача қатор соҳаларда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Хусусан, биринчидан, норма ижодкорлиги ва давлат тилида иш юритиш масаласи. 2020 йил январь-март ойлари давомида Адлия вазирлигига турли вазирлик, идора ва ташкилотлардан (мурожаатлар ҳамда адлия органлари ва муассасаларидан келиб тушган ҳужжатлардан ташқари) жами 8031 та хат ва ҳужжатнинг 1 200 дан ортиғи (15-18 фоизи) бошқа тилларда (асосан, рус тилида) келиб тушган. Бундан давлат ташкилотлари ва идораларида ҳамон давлат тилида иш юритиш бўйича муаммолар борлиги кўриниб турибди. Биз барча давлат ташкилотлари ва идораларига Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун киритиладиган лойиҳаларнинг давлат тилида бўлишини, давлат тилидаги версияси бўлмаган қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаслигини маълум қилиб, хат чиқардик.

    Шунингдек, адлия вазирининг адлия органлари ва муассасаларида давлат тилида иш юритилиши, барча иш юритиш ҳужжатлари, тадбирлар, пешлавҳалар ва бошқа ёзувлар давлат тилида бўлиши, бошқа ташкилотлар билан ёзишмалар ва ҳужжат ишлари давлат тилида олиб борилишини назарда тутувчи махсус кўрсатмаси чиқарилди. Қонун ҳужжатлари жамоатчилик муҳокамасига давлат тилида тақдим этилишини таъминлаш мақсадида regulation.gov.uz порталига давлат тилидаги версияси бўлмаган лойиҳаларни жойлаштирмаслик тартибини жорий этдик.

    Иккинчидан, ўзбек тили таълими масаласи. Давлат хизматчиларида давлат тилида иш юритиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бу борада малака ва тажрибасини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Ҳозир Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида очилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази томонидан бу ишлар йўлга қўйилди. Бироқ бу — тилни биладиганлар учун малака ошириш босқичи. Ўзбек тилини билмайдиган, аммо уни ўрганишни истаётганлар учун-чи?

    Агар биз ўзбек тилини ривожлантириш, мавқеини ошириш, хусусан, давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни тўлиқ йўлга қўйишни истар эканмиз, аввало, бугунги кунда фаолият юритаётган ходимларга ўзбек тилини ўқитиш масаласини ҳал этишимиз керак.

    Учинчидан, терминология борасида қилинадиган ишлар кўп. Бугунги ўзбек терминологияси социология, сиёсатшунослик, молия ва ҳоказо соҳалардаги барча нозик маъно фарқларини ўзида акс эттирувчи бой атамалар базасига эга эмас. Оддий мисол, рус тилидан “государственная услуга” ва “государственная служба” атамалари ўзбек тилига бир хил — “давлат хизмати” деб таржима қилинади. Натижада “давлат хизматини ривожлантириш” ва “давлат хизматларини ривожлантириш” каби алоҳида тушунчалар чалкаштириб юборилаётган ҳолатлар учрамоқда.

    Бугунги кунда бизнинг соҳавий атамалар луғатларига катта эҳтиёжимиз бор. Хусусан, ҳуқуқий соҳада оладиган бўлсак, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун ягона юридик терминлар электрон луғати ва платформаси яратилиши лозим. Яъни юридик атамаларни стандартлаштириш ва унификациялаш эҳтиёжи мавжуд.

    Тўртинчидан, бошқа тиллардан сўз қабул қилиш. Дунёда бошқа тиллардан сўз қабул қилмаган тилнинг ўзи йўқ, лексик қатлам доимо жамият тафаккуридаги янгиланишлар ва ўзгаришларни ўзида акс эттиради. Бироқ бу жараён тизимсиз ва аниқ бир механизмларсиз амалга ошмоқда. Аҳвол шу тарзда давом этса, ҳам тилимизнинг муҳофазаси, ҳам тушунчаларни тушуниш ва ифодалашдаги аниқлик ва бир хиллик масалаларига жиддий зарар етади.

    Масалан, шу кунларда стартаплар тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси тайёрланяпти. Лойиҳа қабул қилинса, бу сўз ўзбек тилига расман кирган деб ҳисобланади. Аслида, қонун ҳужжатлари лойиҳалари тайёрланиши босқичидаёқ атамалар давлат тилига ўгирилган ёки сўз ўзлаштириш қоидаларига мувофиқ тарзда ўзбек тилига ўзлашган ва луғатларга киритилган бўлиши керак. Акс ҳолда, атамани нотўғри тушуниш ёки турлича талқин қилиш оқибатида қонунни амалиётда қўллашда муаммолар юзага келиши мумкин. Лекин бу масалага бугун етарлича эътибор берилмаяпти.

    Шу ўринда транслитерация масаласи ҳам ўртага чиқади. Бизда бу борада ҳамон рус тили орқали ўгириш тенденцияси кучли. Лекин бошқа тил оиласига мансуб бўлган рус тили орқали сўзларни олиш ва транслитерация қилиш тилимизда чалкашлик ва ноқулайликларни келтириб чиқаради. Масалан, бизда ҳатто қонун ҳужжатларида ҳам Ёджу, Аджу университетлари деб берилди. Ваҳоланки, портловчи “ж” ни “дж” ҳарф бирикмаси орқали бериш айнан рус тилига хосдир. Лекин ўзбек тилига бундай жой ва шахс номлари қандай ўгирилиши керак? Қандай қилса тўғри бўлади? Бу саволларга жавоб топилмас, тилимизга сўз қабул қилиш қоидалари ишлаб чиқилмас экан, сўз ўзлаштиришдаги бугун кузатилаётган анархия кўплаб соҳаларга ўз таъсирини ўтказаверади.

    Умуман олганда, бундан беш, ўн йил кейин ўзбек тилининг аҳволи қандай бўлади, бугун унинг олдида турган муаммолар қай даражада ечилади-ю, яна қандай масалалар уни безовта қилади — ана шундай масалалар устида жиддий бош қотирадиган давр келди. Бу борада бир қатор таклифларни илгари сурмоқчиман. Аввало, давлат хизматчиларида давлат тилида иш юритиш кўникмаларини шакллантириш учун ҳар бир давлат ташкилоти ва корхоналарида вақти-вақти билан давлат тилидан малака имтиҳонлари ўтказилиши лозим. Универсал ўзбек тили грамматикаси ва ўзбек тилини замонавий ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш ҳам муҳим вазифа.

    Терминология соҳасида ҳозир биз учун стандартлаштириш ва унификация муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, янгиланган ва батафсил электрон луғатлар ишлаб чиқиш талаб қилинади.

    Тил масаласида идора ва ташкилотлар­аро мувофиқлашув ва ҳамкорликни кучайтириш лозим. Таржималар соҳасида қабул қилинган Президент ва ҳукумат ҳужжатлари ижросини назорат қилиш керак.

    Ана шундай муҳим вазифаларни ўз вақтида амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг ўтган аждодларимиз ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир. Зеро, тилга эътибор — элга эътибор.

    Шаҳноза СОАТОВА,

    адлия вазири маслаҳатчиси