Она Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон учун муҳим қўлланма

    Мамлакатимиз ҳаёти ва дунё сиёсати луғатига “Янги Ўзбекистон” тушунчаси кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.

    Лекин ушбу тушунча халқимизни ягона ва улуғ мақсад атрофида жипслаштириб, буюк марралар сари чорламоқда, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан киритилган ушбу тушунча дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг янги ва замонавий имиджини шакллантириш баробарида халқимиз онги, тафаккури ва дунёқарашида ҳам туб ўзгаришлар ясади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки йилини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган эди. Шу даврдан бошлаб давлат идоралари халқ билан мулоқотнинг турли усул ва шаклларидан самарали фойдаланди, фикр ва сўз эркинлиги кафолатланди, жумладан, оммавий ахборот воситалари халқ минбарига айланди.

    “Янги Ўзбекистон” тушунчасини халқ онги ва шуурига сингдириш, жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлашда босма ахборот воситаларида чоп этилган илмий, оммабоп ва таҳлилий мақолалар ҳамда суҳбатларнинг аҳамияти катта. “Янги Ўзбекистон орзуси” тўпламидан “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёровнинг турли йилларда чоп этилган долзарб мавзудаги суҳбат ва мақолалари ўрин олган. “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” деб номланган суҳбатда. “Янги Ўзбекистон” ғоясининг мазмун-моҳияти мужассамлашган бўлиб, ғоянинг пайдо бўлиши ва ҳаётга татбиқ этилиши Президентимиз томонидан шундай изоҳланган:

    “Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

    Суҳбатда мамлакат тараққиётининг айни босқичидаги устувор вазифалар белгилаб берилган, ижтимоий ҳимоя, гендер тенглик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва бошқа масалалар қамраб олинган, яъни бирор соҳа ёки тармоқ эътибордан четда қолмаган.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан суҳбат давлат ва жамият қурилишида рўй бераётган ўзгаришлар, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, эркин ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришда парламентнинг роли, хотин-қизлар масалаларга бағишланган.

    Умуман олганда, тўпламдаги 16 та суҳбатда журналист ҳукумат масъуллари, давлат идоралари ва вазирликлар раҳбарлари олдига халқни қизиқтираётган ва ўйлантираётган масалаларга оид кескин саволлар қўйган. Берилган жавобларда тегишли соҳа ва тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклиф ва ташаббуслар қайд этилган. Халқ вакиллари ушбу жавобларга асосланган ҳолда масъуллардан давлат бюджети ҳисобига амалга оширилган ислоҳотлар, берилган ваъдалар ижроси юзасидан натижа талаб қилишга ҳақли, деб ўйлайман.

    Салим Дониёровнинг турли йилларда газета саҳифаларида чоп этилган ва тўпламга киритилган долзарб мавзудаги мақолалари ҳар қандай ўқувчини ўзига жалб этиши аниқ. Мазкур мақолаларда халқимизнинг тилида, дилида турган гаплар, ўй-фикрлар, ўйлантираётган муаммолар ёритилган, уларга ечимлар таклиф этилган.

    Тўпламдаги мақолалардан бири “Ғолиблик, ғалаба туйғуси қонимизда бор” деб номланган экан. Топиб қўйилган сарлавҳа мақоланинг ярим муваффақияти, деб бежиз айтилмаган. Сарлавҳанинг ўзиёқ ўқувчини жалб этади, унда фахр-ифтихор, ишонч ва бирдамлик туйғусини жўш урдиради. Ушбу сарлавҳани ўқир эканмиз кўз олдимизда буюк аждодлар тимсоли гавдаланди, уларнинг мададини, кучини ҳис қилгандек бўламиз.

    Хулоса ўрнида ушбу китоб халқимиз учун шиорга айланган “Янги Ўзбекистон” тушунчаси ҳақида маълумот олишни истаган, Президентимиз ҳамда масъул идоралар раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва галдаги вазифалар билан танишмоқчи бўлган, бир сўз билан айтганда, она ватани тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон учун муҳим қўлланма бўла олади, деб айтиш мумкин.

    Кўп йиллик меҳнат ва ижод меваси бўлган ушбу китоб халқимизга ва муаллифга муборак бўлсин. Жонкуяр журналист Салим Дониёрга ижодий баркамоллик ва бардавомлик тилаймиз.

    Иброҳим Абдурахмонов,

    Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири,

    академик

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates