Онамнинг орзулари менинг мақсадимга айланди

    21 ёшимда Президент стипендиясини қўлга киритганим мен учун катта воқелик.

    Ўтган 2022 йил мен учун ўз устимда изланиш, янада кўпроқ билимлар эгаллаш, олдимга қўйган мақсадларим томон интилиш даври бўлди. Ва бу ҳаракатларим сўнгги кунларда мени қувонтирган ва ғурурлантираётган ҳодисага етказди — Президент стипендияси ғолиби бўлдим.

    Илм йўли доим машаққатли бўлган. Айниқса, Президент стипендияси соҳиби бўлиш катта меҳнат ва билим талаб қилади. Стипендияни қўлга киритиш эса инсонда юксак фахр туйғуларини уйғотади. Худди ортимда Президентимиз турганини ҳис эттириб туради. Шу йили, 21 ёшимда ушбу стипендияни қўлга киритганим мен учун катта воқелик. Бу биз, ёшларга билдирилган ишонч, берилган имконият белгисидир.

    Ўзим Қашқадарёда туғилиб ўсганман. Мактаб давридаёқ барча фанларни бирдек ўзлаштириш, яхши баҳоларга ўқишга ҳаракат қилганман. Келгусидаги таълим йўналишимни танлашда эса анча иккиландим. Ва ниҳоят, иқтисодиёт йўналишини танлаб, ҳозирда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 4-босқичида таҳсил оляпман.

    Аслида, Президент стипендиясини қўлга киритишимга онам сабабчилар. Улар буни доим истаб, ният қилардилар. Касблари ўқитувчи, ўзлари олий ўқув юртида дарс берганлари учун Президент стипендиясини олиш осон эмаслиги, талабадан доимий ўқиб-ўрганиш ва фаоллик талаб этилишини яхши билардиар. Шунинг учун университетга кирган кунимдан бошлаб “Аъло баҳоларга ўқи, сен Президент стипендияси соҳиби бўлишинг керак”, деб айтардилар. Энг кучли мотивацияни онамдан олдим.

    Ҳаракатларим эса 2-босқичда ўқиб юрганимда бошланган. Аммо ўшанда ҳужжатларни топширишга кеч қолгандим. Шундан кейин келаси йил топшириш учун дадил ҳаракат қила бошладим. Университетнинг Ёшлар билан ишлаш бўлимидан йўл-йўриғи сўраб ўргандим. Устозларим ёрдамида тайёргарлик кўрдим. Мени ҳамиша қўллаб-қувватлаганлари, маслаҳатларини аямаганлари учун барча устозларимга, илмий раҳбарим Лочин Амировга миннатдорлик билдираман. Хато қилганимда, койиб берган вақтлари ҳам бўлди. Президент стипендиясига эга бўлиш бу жуда катта меҳнат, маъсулият эканини таъкидлашарди. Мен ҳам интилишдан, билимларимни бойитишдан тўхтамадим ва охири, кўзлаган мақсадимга эришдим. Бунинг учун менинг олдимда ҳеч қандай тўсиқлар бўлмади. Фақат ўзимда бор нарсани кўрсатиб бериш талаб этилди.

    Шу кунга қадар АҚШ, Бельгия, Канада, Туркия, Германия каби бир қанча давлатларда илмий мақолаларим чоп этилди. Очиғи, менда моддий жиҳатдан катта имкониятларим йўқ эди. Ҳозир пойтахтда ижара уйда онам ва укам билан яшаймиз. Асосий даромадимиз онамнинг маошлари ва менинг стипендиямдан. Лекин бу ҳолатлар мақсадларим сари интилишимга тўсиқ бўлолмайди. Тенгдошларимга ҳам айтардимки, эзгу мақсадлар учун асло ҳаракатдан тўхтамаслик керак. Ҳаётда турли кўнгилсизликлар, кутилмаган ҳолатлар, муаммолар бўлади, аммо уларга қарамасдан, фақат олға юриш керак. Тинимсиз ўқиш, билим эгаллаш, бошқаларга ҳавасда яшаш ва ота-онанинг дуосини олиш лозим.

    Президент стипендияси ғолиби бўлганимни биринчи бўлиб онажонимга айтдим. Хушхабарни эшитиб, ўзларига сиғмас даражада хурсанд бўлиб кетдилар. Ёнларида турган одамларга, барча ҳамкасбларию, бутун қишлоққа дарҳол янгиликни етказибдилар. Ўзимга эса “Ўғлим, сен билан фахрланаман, ва ниҳоят, эришдинг”, дедилар. Ана шу сўзнинг ўзи мен учун энг катта мукофот бўлди ва куч берди.

    Келажакдаги орзуим — ота-онам мен билан доим фахрланишларини истайман. Уларнинг кўнгилларидаги жамики армонлари, орзу-истакларини рўёбга чиқарсам, дейман. Бунинг учун ўқиб-изланишдан, меҳнат қилишдан тўхтамайман. Онам истаганларидек, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган инсон бўлишга доим интилиб яшайман.

    Синдор САФАРОВ,

    Президент стипендияси соҳиби

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг (24.01.23, 15-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates