Оқ отли ижодкорлар

    Тарихий учрашув

    Азал-азалдан юртнинг, раъиятнинг осойишталиги бардавом бўлишини, маънавияти, ақл-заковати, салоҳияти юксалишини ўйлаган, инсоннинг бахту иқболини фақат моддий фаровонлик белгиламаслигини, маънавий, руҳий бойликсиз одам боласининг ҳаёти тўкис бўлмаслигини ва бу икки муҳим омил бири-бирисиз кемтик бўлишини тушуниб етган подшолар ўз атрофига илм, ижод аҳлини тўплаган, уларга шароитлар яратиб берган, улардан маслаҳат олиб турган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бунинг энг ёрқин мисоли Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий фаолиятидир.

    Ҳусайн Бойқаро сафардан қайтганда унга пешвоз чиққан Алишер Навоий яқинда ёзиб тугатгани “Хамса”ни тақдим этади. Бундан мутаассир бўлган султон шоирни ўзининг оқ отига миндириб, жиловни ўзи ушлаб сарой аъёнлари олдидан ўтади. Бу фақат Ҳусайн билан Алишернинг дўстлиги ифодаси эмас, юрт подшосининг шоирларга, ижод аҳлига, сўз санъатига, яъники адабиётга ҳурмати, меҳри, соҳа ва соҳа ходимларини қадрига етганининг амалий ифодаси бўлган.

    Шоҳлар ҳақида асарлар битилганини биламиз. Аммо шоҳ шоирлар ҳақида асар ёзгани камёб воқеа. Бу ҳам шу икки буюк аждодимизга тегишли – Ҳусай Бойқаро Алишер Навоий ҳақида рисола ёзган. 1995 йилда “Шарқ” нашриётида чоп этилган ушбу рисолани Афтондил Эркинов нашрга тайёрлаган, унга Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов мухтасар сўзбоши ёзган. “Бир гуруҳ адабиётшунос олимларимиз тарихимиздаги бу кемтикликни тўлдириш мақсадида “айби” подшолик бўлган шоирларимизнинг асарларини жам этиб, нашр этаётган экан, бу ҳурриятимиз маҳсули, тарихий адолатнинг тикланиши, деб ҳисоблайман”, деб хулоса қилади Э. Воҳидов. Ҳусайн Бойқаро ўз рисоласида Алишер Навоий ҳақида шундай ёзади: “Мир Алишер “аслаҳаллоҳу шонаҳу”ким, тахаллуси Навоийга машҳурдурур ва ашъорида бу тахаллус мастур. Турк тилининг ўлган жасадиға Масиҳ анфоси била руҳ киюрди ва ул руҳ топқанларға туркийойин алфоз тору пудидин тўқулған хулла ва ҳарир кийдурди. Ва сўз гулистонида навбаҳор табъидин равонасо ёғинлар била ранго-ранг гуллар очти ва назм дарёсиға саҳоби фикратидин руҳпарвар қатралар била ғуноғун дурлар сочти. Ҳар синф шеър майдониғаким таковар сурди – ул кишварни тиғи забон била ўз хиттаи тасарруфиға кивурди.Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожиз турур.”

    Кўринадики, Навоий Бойқарони қанча улуғлаган бўлса (“Мажолис-ун нафоис”нинг саккизинчи мажлиси тўлалигича Ҳусайн Бойқарога бағишланган), Бойқаро ҳам Навоийни шу даражада ардоқлаган. Ҳусайн Бойқаро саройида Навоийдан бошқа шоирлар ҳам кўп бўлган. Умуман, Амир Темурдан бошлаб, барча темурийзода подшолар ижод аҳлига, олимларга раҳнамолик қилган, илмни, маданият ва маърифатни ривожлантиришга катта эътибор қаратган.

    Сўз илоҳий, сўз қудратли

    Бутун борлиқ Сўз билан яралган. Оллоҳ “Бўл!” деб амир қилган, бўлган, яъни, олам яралган. Ҳамма нарсанинг асоси, бошланиши сўз. Сўзсиз ҳеч нарсани тасаввур қилиб бўлмайди. Муқаддас китоблардаги фикрлар ҳам сўз билан ифодаланган. Одамларнинг ўзаро мулоқоти, фарзанд тарбияси, бу ёруғ оламда инсоният пайдо бўлгандан бери яратилган барча маънавий бойликлар, подшолар, хонлар, амирлар, президентларнинг амру фармонлари, нутқию маърузалари – барча-барчаси сўз билан ифодаланади, сўз орқали етказилади оммага.

    Сўзнинг таъсири атомдан кучли, фақат уни ўтин ёришга ишлатмаслик керак, деган эди Абдулла Қаҳҳор. Бугунги кунда сўзнинг қудрати, ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётир. Сўз билан ажралиш ёқасида турган оилани ислоҳ қилиш, ўртасига нифоқ тушган биродарларни яраштириш мумкин. Аксинча, ноўрин, ўйланмай айтилган ёки ёзилган сўз дўстларнинг орасига нифоқ солиши, оилани бузиб юбориши ҳеч гап эмас. Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан қилич қинидан чиқади, деган мақол бекорга айтилмаган. Абу Муъин Насафий бобомиз “сўзнинг яхши-ёмони йўқ, ҳамма сўз яхши, фақат ўрнида, вақтида ишлатилмаган сўз ёмон”, деганлар.

    Сўз ўз қудрати, жилоси, оҳанги билан адабиётда ёрқин намоён бўлади. Зеро, адабиётнинг қуроли, асоси сўздир. Адабиётни сўз санъати, улуғ шоир ва ёзувчиларни сўз заргари, деб айтилишида чуқур маъно-мазмун мужассам.

    Тарихий учрашув

    Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлагандан кейин биринчи учрашувни олимлар билан ўтказди. Уларнинг фикрларини, муаммоларини, таклифларини эшитди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди, шу билан бирга, олимларни жамиятимиз тараққиёти, халқимиз турмушини юксалтиришга қаратилган илмий кашфиётлар қилишга даъват этди.

    Орадан кўп ўтмай, 2017 йил 3 августда Президентимиз ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашди. Мен ўша учрашувда иштирок этганман. Айтишим керакки, бундай (ўхшаш деб бўлмайди, сабаби, бу учрашув мутлоқо бошқача бўлди) тадбирларда аввал ҳам қатнашганман. Аммо бу қадар очиқ, самимий суҳбатни кўрмаганман. “Биз ҳаммамиз бир-биримизни яхши биламиз, машҳур бир қўшиқда айтилганидек, “ўртада бегона йўқ”, деди Шавкат Мирзиёев сўз аввалида. Бу гаплардан кейин издиҳомда шундай муҳит пайдо бўлдики, аввало расмиятчилик барҳам топди, давлат раҳбари, боз устига янги сайланган Президент билан учрашув қандай бўлар экан, қайси соҳани, қайси раҳбарни танқид қилар экан, мени турғизиб қолса, нима дейман, деган ҳадик кўтарилди. Ҳамма ўзини эркин тутди, кўнглидаги фикрини эркин, бемалол айтиш мумкинлигини сезди. Мулоқот Президентнинг ўзи таъкидлаганидек, “самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтди”. Беш соатлар давом этган учрашувда барча кўзи ёниб, бутун вужуди билан давлатимиз раҳбарининг сўзларини тинглади. Президент қайси соҳанинг муаммоларини айтиб, уларни ҳал қилиш йўлларини кўрсатса, қатнашчилар “булар бизнинг кўнглимиздаги гаплар-ку, бизнинг дардимиз-ку”, деб ич-ичидан суюниб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираётгани уларнинг юз-кўзларидан сезилиб турарди. Назаримда, учрашув иштирокчилари мисолида мамлакатимизнинг барча ижодкор зиёлилари сергак тортаётгандай, айрим мудроқ қалблар ҳам уйғонгандай, атрофга тийрак кўз билан қараётгандай эди.

    Шу ўринда кичик лирик чекиниш

    Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири этиб тайинланган кезлар эди. Бир юмуш билан қишлоғимизга бордим. Қариндошлар билан гурунг қилиб ўтиргандик Саидқул поччам (Оллоҳ раҳмат қилсин) “Бизди ҳокимимизни Тошканга олиб кетиб қолдингизлар-да” деди. Мен ажабландим. Поччам жуда сезгир, мамлакатимиздаги, бутун дунёдаги воқеаларни кузатиб борадиган, ҳамма соҳага қизиқадиган инсон эди. Мен поччамни Василий Шукшиннинг “Мот қилди” ҳикоясидаги Глеб чолга ўхшатардим. Мўйловини силаб, кўзини ердан узмай салмоқ билан сўзида давом этди: “У киши бутун вилоятни уйғотди... Одамларнинг қорнини тўйдирди...”, деди. Шу жойда мен гапни илдим: “Самарқандликларнинг қорни тўйгани яхши, бошқалар-чи? Бутун мамлакат аҳолисининг қорни тўйиши керак-ку”, дедим. Поччам маънодор жилмайди-да, “Тўғри...” деди. Икки-уч йилдан кейин поччам билан бир гурунгда ўзим гап очдим ва олдинги суҳбатни эслатдим. “Ўшандаги гапингиз тўғри экан”, деди поччам.

    Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев Бош вазир сифатида кўп иш қилди. Энг муҳими, одамлардаги мудроқликни, эринчоқликни йўқотишга ҳаракат қилди ва маълум даражада бунга эришди. Аммо барча имкониятларини тўла ишга сола олмади, чунки у пайтда бунинг иложи йўқ эди. Сабаби барчага аён. 2016 йилнинг кузидан бу истак ва режалар амалга оша бошлади. Очиғи, кўпчилик бир маромда, силлиқ ишлашга ўрганиб қолган эди. Шавкат Мирзиёев бутун жамиятни ўзгартириб юборди.

    Тасаввур қилинг, бир одам йиллар давомида кун ўтса бас қабилида тирикчилик қилиб юради, ўзи билиб-билмай бир қолипга тушиб қолади. Энг ёмони, шу қолипни бузса ҳаёти издан чиқадигандек қўрқув пайдо бўлади. Оқибатда “ўрганиб қолган ҳаловати”дан воз кечгиси келмайди. Шу одамнинг юзига илкис муздек сув сепсангиз аввалига гангийди, аммо кўзи ярқ этиб очилади. Нима бўляпти, деб ён-атрофига аланглайди, миясида турли фикрлар ғужғон ўйнайди. Яна бир марта совуқ сув сепсангиз, ҳушёр тортади, йиллар мобайнида пайдо бўлган “ороми”, яъни, қолипи бузилганини сезади. Аввалига бу ҳолат унга ёқмайди, лекин аста-секин янги вужудга келган “ҳаловатсизлик”ка ўрганади, “Э, сал бўлмаса қоним қуюқлашиб қолар экан-а”, деган фикр ўтади хаёлидан. (Қон қуюқлашиши кўплаб касалликларга, жумладан, инфаркт, инсультга олиб келиши барчага маълум). Ва фикрлари тиниқлашади, ўзи, бировнинг ёрдамисиз, нималардир қилишга, турмушини яхшилаш учун бирон тадбир ўйлаб топишга ҳаракат қилади.

    Жамиятимиз, халқимиз ана шундай жараённи бошидан ўтказди бундан беш йил олдин. Давлатимизнинг янги раҳбари бутун халқимизнинг кўзини очди, ҳаётга, дунёга тийрак кўз билан қарашни, бу жаҳонда қандай ақл бовар қилмас ишлар бўлаётганини идрок этишга, улардан ўрнак олишга давъват этди. Эришган муайян ютуқларимизга маҳлиё бўлиб ўтирсак, ўтираверамиз. Дунё ниҳоятда шиддат билан ривожланиб бораётир. Ойда эмас, кунда бир неча янгилик. Замон билан ҳамқадам бўлмаслик инсонга фақат зарар эканини тушунтирди. Бутун мамлакат аҳли – ёши, касби, лавозимидан қатъи назар, ғимирлаб қолди. Кабинетларда “стол қўриқлаб ўтиришлар” барҳам топди. Раҳбарият билан оддий халқ ўртасидаги кўзга кўринмас, аммо мустаҳкам девор олиб ташланди. Одамлар раҳбарлар ҳузурига эмас, раҳбарлар одамлар олдига борадиган бўлди. Бу жараёндан ҳеч бир соҳа четда қолмади. Нисбатан бироз кўздан панада юрадиган хорижий давлатлардаги элчихоналаримиз ходимлари ҳам ҳаракатга тушди. Президент уларни йиғиб, элчиларнинг зиммасига аниқ вазифалар қўйди. Натижада мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлиги кучайди, чет эллардан инвестиция жалб этиш сезиларли даражада кўпайди.

    Маъмурий ўзгаришлардан бошлаб барча соҳаларда кутилмаган, илгари учрамаган янгиликлар, креатив ёндашувлар, янги-янги фикрлар, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди. Поччам айтганидек, одамларни тўйдириш учун “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деб, халқни рози қилиш асосий вазифа қилиб қўйилди, мамлакатда камбағаллар борлиги тан олинди, уларни камайтириш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун янги вазирлик ташкил этилди.

    Булар алоҳида мавзу. Биз фикр юритаётган тарихий учрашувга қайтайлик.

    Йиғилишда Президентимиз жуда кўп масалаларни очиқ-ойдин айтди. Мавжуд муаммоларнинг ечимини белгилаб берди. Биз учун янгилик бўлган механизмлар ўртага ташланди. Театрлар, ижодий уюшмалар, санъат соҳасидаги олий ўқув юртлари билан компания, уюшма, йирик корхоналар, банклар ўртасида дўстлар клублари ташкил этилди. Бу ижод аҳлини моддий қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос механизмидир. Ўтган вақт мобайнида бу клублар фаолияти яхши натижа берганини барча кўриб турибди.

    Адабиёт “А”дан бошланади

    Адабиёт одобни, одоб-ахлоқни ўрганади ва ўргатади. Одоб фарзанд тарбиясининг ибтидоси. Боласи улғайиб, эл қаторига кирганда ота-онасига раҳмат келтиришни истаганлар фарзандига аввало одобни ўргатади. Бирон-бир бола ножўя иш қилса, “э, бу одобсиз экан, ота-онаси одобни ўргатмаган экан-да”, дейишади.

    Адабиёт бежиз “а”дан бошланмаган. Барча санъатларнинг ибтидоси ва асоси адабиёт. Адабиётнинг жамиятдаги ўрни салмоқли, вазифаси улкан. Шунинг учун ҳамма замонда адабиётга алоҳида эътибор қаратилган. Бизнинг давримизда илм-фанга, адабиёт ва санъатга, маънавият ва маърифатга эҳтиёж ҳар қачонгидан-да зиёда.

    Шавкат Мирзиёевни неча йилдан бери билсам, қайси лавозимда ишламасин, шоир ва ёзувчиларга, санъаткорларга, журналистларга эътибори бўлакча. Адабиёт ва санъатни ривожлантириш борасида қилинган ишларни, ёзувчиларга кўрсатилаётган ғамхўрликни кўз олдимизга келтирайлик.

    Алишер Навоий номидаги Миллий боғда Адиблар хиёбони барпо этилди. Ғоят сўлим, баҳаво, кўркам бу боғда йигирма бешта шоир ва ёзувчиларимизнинг салобатли ҳайкаллари ўрнатилди. Адиблар хиёбонининг умумий композицияси шундай ишланганки, тепаликда турган Алишер Навоий ҳазратлари ўзининг бугунги авлодларига қараб тургандай, худди мажолис-ун нафойис ўтказаётгандай тасаввур уйғотади. Бу “мажлис” қатнашчилари сафи кўпайиб бораверишига ишонамиз.

    Бугун мазкур хиёбонда турли адабий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, ёш қаламкашлар устозлардан сабоқ олмоқда. Шу маънода бу боғни очиқ аудитория, дейиш мумкин. Пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари ушбу хиёбонга фарзандлари, неваралари билан келиб сайр қилади, маънавий озуқа олади. Яна бир ибратли жиҳати: боғдаги ҳар бир ҳайкал муайян олий ўқув юртига бириктирилган. Ўша университет ёки институт талабалари бу ерга келиб, маданий тадбирлар ўтказади. Ўша шоир ёки ёзувчининг ҳаёти ва ижодини ўрганади. Бу усул ёшларда, гарчи бошқа йўналишларда таҳсил олаётган бўлса-да, адабиётга, тарихимизга қизиқиш уйғотади, уларнинг маънавий олами кенгайишига хизмат қилади.

    Адиблар хиёбони ҳудудида Ёзувчилар уюшмаси учун алоҳида бино қуриб берилди. Бу кошонанинг архитектураси барчани ҳайратга солмоқда. 2018 йил август ойида Тошкентда ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашган Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси, Озарбайжон давлат мукофоти лауреати Анор уюшмамизнинг Фахрий меҳмонлар китобига қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини ва унинг матбуот органлари таҳририятларини катта мамнуният билан кўздан кечирдим. Давлатнинг ёзувчиларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, мана шундай муҳташам бино қуриб бергани, мени ниҳоятда ҳайратга солди, қувонтирди.”

    Ўша халқаро анжуманда қатнашган Туркия, Эрон, Франция, Миср, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Россия, Украина, Латвия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлар ёзувчилари ҳам бу ғамхўрлик ва эътиборни алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, бу ҳар қанча эҳтиром ва эътирофга лойиқ ишдир. Чунки шу пайтгача Ёзувчилар уюшмасининг муқим биноси йўқ эди, бизнинг авлод кўз ўнгида уюшма тўрт-беш жойга кўчди.Ҳар бир кўчиш эса муайян йўқотишлар демакдир.

    Ижодкор учун маиший шароитнинг аҳамияти катта. Уюшма биноси яқинида ёзувчилар учун кўп қаватли уйлар қурилди. Бугун ана шу уйларда юздан зиёд ёзувчилар истиқомат қилмоқда. Айниқса, ижарама-ижара кўчиб юрган ёш шоир ва ёзувчилар учун бу улкан имконият, қувонч бўлди. Йиғилишда Зомин ва Паркент туманларида ижодкорлар учун замонавий коттежлар қурилиши ҳақида айтилган эди. Зоминда шундай маскан бунёд этилди. Адиблар у ерга бориб хордиқ чиқаришмоқда.

    Бундай ғамхўрликлар хорижлик ҳамкасбларимизни ҳайратга солиб, ҳавасини тортмоқда. Жумладан, юқорида эслаганимиз, халқаро конференция иштирокчилари буни бот-бот қайд этди. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор Бокуда чиқадиган “525-газет” газетасида катта мақола эълон қилди. “Ўзбекистондаги унутилмас лаҳзалар” сарлавҳали ушбу мақолада мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари, айниқса, ёзувчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида тўлқинланиб ёзилган.

    Халқимиз истеъдодларга бой. Наинки шаҳарларда, балки узоқ-узоқ қишлоқларда ҳам талантли ёшлар кўп. Уларни излаб топиш, қизиқишига қараб қўллаб-қувватлаш зарур. Ана шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан Наманганда Исҳоқхон Ибрат, Тошкентда Абдулла Қодирий, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қашқадарёда Абдулла Орипов, Андижонда Муҳаммад Юсуф, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева ижод мактиаблари очилди. Уларда адабиётга ташна, келажакда шоир, ёзувчи бўламан, деган юзлаб ёш иқтидор эгалари таҳсил олмоқда. Улар ичидан забардаст шоир ва ёзувчилар етиширб чиқса ажаб эмас. Зеро, ҳар бир соҳада бўлгани каби ижодкор зиёлиларни тайёрлашда ҳам изчиллик зарур. Акс ҳолда узилиш рўй беради, бу бўшлиқ пайдо қилади, кейин бу бўшлиқни тўлдириш қийин кечади. Ўша учрашувдаги маърузасида Президентимиз бундай деди: “Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор — бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”.

    Миллий боғ ҳудудида бугун кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда Миллий акдемик драма театримиз учун махсус бино, йирик кутубхона, музей қурилмоқда. Лўнда қилиб айтганда, бу ҳудуд нафақат пойтахтимизнинг, балки бутун мамлакатимизнинг маънавий-маърифий маркази бўлади.

    Қалам аҳли ҳақида гап кетганда, журналистларни эсламай иложимиз йўқ. Чунки жамият ҳаётида ҳамиша бу соҳанинг ўрни ҳам, аҳамияти ҳам салмоқли бўлган. Бугун журналистика ҳақиқий тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарилиб бораётир. Матбуотда, радио ва телевидениеда, ижтимоий тармоқларларда юртимизда амалга ошрилиаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, шу билан бирга, мавжуд камчиликлар, муаммолар ҳам очиқ ва кенг ёритилмоқда. Жойлардаги кўплаб муаммолар ана шу чиқишлар ортидан барҳам топаётир. Давлатимиз раҳбари журналистларга жойлардаги муаммоларни аниқлашда ва ҳал қилишда сизлар менга ёрдамчисизлар, деб айтгани бежиз эмас. Шунинг учун журналист кадрлар тайёрлаш, журналистикамизни жаҳон журналистикаси даражасига кўтариш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун аввало, сўз эркинлиги таъминланмоқда, журналистлар ва блогерлар учун барча имконият ва шароитлар яратилмоқда. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгани шулардан биридир. Мавжуд журналистика факультетлари билан бирга Тошкент ва Самарқанддаги бир неча олий ўқув юртларида ҳам журналистика бўйича ўқитиш йўлга қўйилди.

    Санъат – маънавий тарбия воситаси

    Санъатнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида гапирганда бир тарихий воқеани эслаш ўринли, деб ўйлайман.

    1812 йилдаги урушда Франция енгилади. Наполеондан кейин Франция тақдири нима бўлади, Европа давлатларининг чегаралари қанақа бўлади, деган масалалар кўтарилади. Венада шу масала бўйича конференция ўтказиш мўлжалланади. Унда Франциядан ташқи ишлар вазири Шарль Талейран иштирок этиши белгиланади. Франция тақдири ҳал қилиниши кўзда тутилган бу конференцияга Талейран жиддий тайёргарлик кўради. У Франция ички ишлар вазири Фушенинг олдига боради. Аслида бу икки вазирнинг ўзаро муносабати яхши бўлмайди, лекин ватан тақдири, миллат тақдири ҳақида гап бораётганда, улар шахсий муносабатларни бир чеккага йиғиштириб қўяди. Талейран масалани айтади ва Фушедан маслаҳат сўрайди. Фуше Франциянинг дунёга машҳур санъаткорларини, шоир ва ёзувчиларини, журналистларини конференциядан олдин Венага жўнатишни, улар Венада француз санъатини, маданиятини кенг тарғиб қилиши лозимлигини маслаҳат беради. Токи конференция иштирокчилари шундай юксак санъати, маданияти бор миллат, халқ алоҳида мустақил давлат сифатида қолишига, Европани Франция давлатисиз тасаввур қилиш мумкин эмаслигига ишонч ҳосил қилсин. Талейран шундай қилади: Венада француз хонандаларининг концертлари, шоирларнинг учрашувлари ташкил этилади. Мухбирлари бу жараённи Европа давлатларига, бутун дунёга кенг тарғиб қилади.

    Конференция якунида Франция Европанинг қудратли давлати сифатида сақлаб қолинади. Албатта, бунда маҳоратли дипломат, билимдон сиёсатчи Талейраннинг хизмати беқиёс. Франция санъаткорлари, шоирлари унга катта мадад, куч беради.

    Санъат шундай қудратли кучга эга...

    Биз сўз юритаётган тарихий учрашувда санъатнинг барча турларини ривожлантириш йўллари белгилаб берилди. Ўтган вақт мобайнида бу борада кўп салмоқли ишлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Санъатимизнинг гултожи бўлган мақом санъатини ривожлантириш ҳақида Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, ҳар икки йилда Шаҳрисабзда халқаро мақом фестивали ўтказиладиган бўлди, биринчи фестивал 2018 йилда ўтди. Шунингдек, бахшичилик санъати фестивали, ҳунармандлар фестивали жорий этилди. Уларнинг ҳам дастлабкиси Термиз ва Қўқонда бўлиб ўтди. Бу фестиваллар доирасида миллий мусиқа ва бахшичилик, ҳунармандлик санъатимиз жаҳон узра тарғиб қилинмоқда. Айни чоғда санъаткорларимиз, санъатшуносларимиз хорижлик ҳамкасблари билан ижодий алоқалар ўрнатмоқда.

    Бу соҳага қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар ўз истеъдодини тўла намоён этиши учун шароит ва имконият яратиш мақсадида Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа институти ташкил этилди, Тошкент миллий рақс ва хореография олий мактаби Хореография академиясига айлантирилди ва янги бинога кўчиб ўтди.

    Энг оммавий санъат турларидан бўлган кино санъатини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Бунга Президентимизнинг тегишли қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари халқаро Тошкент кинофестивали кўпчилик кино мухлисларининг ёдида бўлса керак. Бир ҳафта давомида республикамзда кино байрами бўларди. Ўнлаб мамлакатлардан кино юлдузлари келар, ўша давлатларнинг энг сара фильмлари намойиш этилар, дунёга таниқли актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинодраматурглар билан учрашувлар ўтказилар эди. Бу тадбирлар юртимиз санъат мухлисларига завқ-шавқ бағишлаб, уларнинг дунёқараши кенгайишида муҳим аҳамият касб этарди...

    Ана шундай завқли кино байрами негадир тўхтаб қолган эди. Президентмизнинг 2021 йил 19 июндаги қарори билан бу фестиваль “Ипак йўли дурдонаси” номи билан қайта тикланадиган бўлди. Насиб этса, жорий йил 28 сентябрь - 3 октябрь кунлари ушбу санъат байрамини мамлакатимиз санъат мухлислари томоша қиладилар.

    Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Бастакорлар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам Президент қарорлари эълон қилинди. Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилди ва бу эзгу ишлар давом этмоқда.

    Булардан аён бўладики, Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари шиори остида Учинчи Ренесанс пойдеворини қўяётган Янги Ўзбекистон учун адабиёт ва санъатнинг ўрни, роли ва аҳамияти жуда катта. Зеро, миллий юксалишни таъминлаш учун иқтисодий бойликнинг ўзи етарли эмас, маънавий бойлик ҳам сув ва ҳаводек зарур. Бинобарин, инсонни иқтисодий қашшоқлигини қариндош-уруғлар, дўст-биродарлар кўмагида бартараф этиш мумкин, аммо маънавий қашшоқликни ҳар бир инсон ўзи ҳал қилиши лозим. Бу борада биров ёрдам беролмайди, фақат ўргатиши, йўл-йўриқ кўрсатиши мумкин, холос. Қайси жамиятнинг барча аъзолари ҳам моддий, ҳам маънавий бой бўлса, ўша жамият ривожланишга, тараққиётга эришади. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 19 январда ўтган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотиларининг ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир” деди. Бу фикр 2017 йил 3 августдаги учрашувда айтилган фикрлар, илгари сурилган таклиф ва тавсияларнинг мантиқий давомидир. Зеро, Шавкат Мирзиёев ҳар соҳада изчилликни, тизимли ишлашни хуш кўради, бошқалардан ҳам шуни талаб қилади. Шу маънода Президентимизнинг беш йиллик фаолиятига назар солсак, деярли ҳар бир маърузаси, нутқи ва суҳбатида адабиёт ва санъат, маънавият ва маърифат масалаларига тўхталиб ўтганини кўрамиз.

    ...Мақоламизни Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни оқ отга миндиргани воқеаси билан бошлаган эдик. Энди айтинг, Президентимизнинг адабиёт ва санъат аҳлига – ижодкор зиёлиларга кўрсатаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги (ҳар йили ўнлаб ижодкорлар давлатимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллар билан тақдирланаётганини ҳам эсдан чиқармайлик) уларни оқ отга миндиришдан камми?! Султон Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга ҳиммат кўрсатган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев қанча ижодкорларга беминнат ва беғараз ҳиммат кўрсатаётир?! Бунинг ҳисоби борми? Алишер Навоий-ку султон Ҳусайн Бойқаронинг ишончини ўн чандон, юз чандон ошириб адо этган. Биз – бугунги ўзбек ижодкорлари Президентимизнинг ишончини қанчалар оқлаяпмиз, у кишининг марҳамати ва ҳимматига нечоғли жавоб бера оляпмиз? Ўйлайманки, ҳар бир ижодкор — у шоир ва ёзувчими, рассом ва композиторми, хонанда ва созандами, кино ва театр вакилими, журналист ва блогерми — бу ҳақда жиддий фикр қилмоғи, бошқача айтганда, ҳуқуқи билан бирга, бурчини ҳам унутмаслиги керак. Зотан, ҳаммамиз шу Ватан, шу халқ фарзандимиз. Фарзанд эса ота-она олдида доимо қарздор. Шуни сира унутмайлик, азиз оқ отли ижодкорлар.

    Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

    Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates