Қолган қисми қайта тикланувчи энергия манбаалари: ГЭСлар ва қуёш фотоэлектр станциялари томонидан етказиб берилади. Жорий йил охирига бориб, улар сафига шамол электр станцияси қўшилиши кутиляпти. Умуман олганда, 2026 йилга бориб, мамлакатда ҳосил қилинадиган электр қувватининг 30 фоизини “яшил энергия” ташкил этиши режалаштирилган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, Ўзбекистондаги дарё оқимларининг назарий гидроэнергетика салоҳияти йилига 88,5 миллиард кВт соатни, техник гидроэнергетика салоҳияти эса 27,4 миллиард кВт соатни ташкил этади. Ҳозирда ушбу имкониятларнинг тўртдан биридан фойдаланилмоқда.
Гидроэнергетика соҳасида йилига ўртача 6 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Унинг аҳоли жон бошига улуши 168 кВт соатни ташкил этади. 2022 йилда жами электр энергиясининг 9 фоизи (6,5/74,3 миллиард кВт соат) ва амалдаги қувватларнинг қарийб 12,9 фоизи (2 072/16 030 MW) ГЭСлар томонидан ишлаб чиқарилган.
ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР ВА АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР
Тасаввур қилиб кўринг. Одиий бир қишлоқ. Кимдир далада, кимдир томорқада деҳқончилик қилади, бошқа бири чорва билан шуғулланади, яна бири автомобиллларга хизмат кўрсатувчи оддий уста...
Ҳар бир оила ўзини боқади. Бу ерда ҳеч ким оч қолмайди, лекин айни пайтда аксар кишилар жуда зўр ҳам яшамайди. Кўпчилик оилалар ҳаёти бир зайл кечади. Уй-рўзғор ишлари, мол-ҳолга қараш, нон-овқат қилиш, кир-чир ювиш, ер чопиш, ўт ўриш ишларининг ҳаммаси қўлда бажарилади.
Туман марказидан нарида бўлгани учун лампочкани аранг қизартирадиган электр энергияси эса, қўл телефонларини қувватлантиришга, телевизорларнинг кўрсатишига етмайди. Бунинг устига, шу қувватнинг ҳам бўлганидан, бўлмагани кўпроқ.
Энди эса, бошқа бир манзарани тасаввур қилайлик. Шу қишлоқда электр узлуксиз тўла қувват билан ёна бошлади. Энг аввало, аёлларнинг ташвиши енгиллашади: кийим-кечакларни кир ювиш машинасига солади, сутни сепараторда айлантириб, ёғи ва қатиғини ажратиб олади, чойни электрчойнакда қайнатади. Пишириқ ва енгилроқ овқатлар учун ҳам электр плита ҳозиру нозир. Кундалик юмушларнинг енгиллашиши, ўз навбатида, хотин-қизларнинг бўш вақтини кўпайтиради. Улар ўзлари қизиққан юмушлар ва болалари тарбияси билан кўпроқ шуғулланади.
Автомобилларга оддий хизмат кўрсатиб келаётган уста ёнида электр хизмати кўрсатувчи, диагностика қилувчи, машиналар сиртига нозик ишлов берувчи, шиналарини таъмирловчи шогирдлар пайдо бўлади. Ун тегирмони, нонвойхона, ателье, қўл телефонини тузатиш устахонаси ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарининг ишлашига йўл очилади. Мактаблардаги компьютер синфларидаги таҳсил тубдан ўзгаради, интернет тармоғи ва телевизорларнинг доимий ишлаши билан аҳолининг саводхонлиги, маданий-маърифий савияси ҳам ортиб боради...
Бугунги кунда бундай қулайликларни қишлоқ ҳудудидан ўтган сой ёки каналнинг оқимига қараб, микро ва мини гидро электр станция ўрнатиш орқали яратиш мумкин. Улардан қуввати ортиқроқ ГЭСларнинг қурилиши эса, имкониятларни янада кенгайтиради.
Худди шундай имкониятларнинг ишга солинишидан шу йилнинг ўзида ўн минглаб хонадонлар баҳраманд бўла бошлади. Хусусан, Самарқанд вилоятининг бир қатор туманлари ҳудудидан ўтган Дарғом каналида иккита кичик ГЭС ишга тушди. Уларнинг бири Тойлоқ туманидаги Новзандак маҳалласи ҳудудида қурилган "Шовдор-1" ГЭСи май ойидан бошлаб кунига 7,2 МВт миқдорида узлуксиз электр энергияси етказиб беряпти. Бу 10 минг хонадонни “яшил энергия” билан таъминлаш учун етарли бўлади.
— Ушбу кичик гидроэлектростанция Хитойнинг “ТВЕА” компаниясининг 15 миллион долларлик инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилди, — дейди "Шовдор-1" кичик ГЭСи бошлиғи Фарҳод Тоҳиров. – Унга иккита замонавий генератор ўрнатилган. Уларнинг ишлаши, ҳосил қилинган қувватни ягона электр энергетика тизимига узатиш жараёнларини инсон иштирокисиз “ақлли технологиялар” бажаради. Бироқ, бу ишлар малакали мутахассислар томонидан кузатиб борилиши, зарур пайтда, масалан, сув оқими бироз ошган ёки камайган пайтда унга ўзгартиришлар киритилиши керак. Ёки электрон дастур бирор жойда носозлик пайдо бўлганини кўрсатса, зудлик билан созлашга тўғри келади. Лекин шу пайтгача бундай муаммога дуч келмадик. Станциямиз худди энг соз соатдек ишлаб турибди.
Кичик ГЭС жамоаси ўн кишидан иборат. Бошқа электр станцияларда катта тажриба орттирган Фарҳод Тоҳиров бош-қош бўлиб турган 9 нафар шогирдининг ҳаммаси олий маълумотли муҳандис ёшлар. Уларнинг айтишича, станция ишга тушгандан буён бирон бир носозлик рўй бермаган, аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб бериляпти.
Дарғом канали ўтган, Новзандакдан беш ярим километрча юқорида бўлган Элипок маҳалласи ҳудудида ҳам хитойлик ҳамкорлар маблағлари ҳисобидан яна бир кичик ГЭС барпо этилди. Ушбу станция ҳам ўн минг аҳолини мунтазам электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга. Кундалик бу вазифа узлуксиз бажариб келиняпти. Уни ҳам янги иш ўринларига эга бўлган ёш муҳандислар бошқармоқда.
Каналнинг яна юқорироқ томонига юрсангиз, Галаботир маҳалласида "Шовдор-3" кичик ГЭСининг биринчи генераторида сўнги созлаш ишлари кетаётганининг гувоҳи бўласиз. Иккинчисининг ҳам тез орада қувват бериши учун 180 нафардан зиёд қурувчи ва 20 дан зиёд махсус техникалар сафарбар этилган. Бу лойиҳа россиялик ҳамкорларнинг 18,4 миллион долларлик инвестициявий маблағлари ҳисобидан амалга ошириляпти. Станциянинг соатига 6,4 МВт электр энергияси ишлаб чиқариши кўзда тутилган.
“Самарқанд ГЭСлар каскади” унитар корхонасининг маълумотига кўра, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада кўпроқ қондиришни таъминлаш мақсадида канал ҳудудида хусусий инвесторлар ёрдамида яна 9 та микро ГЭС қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, хусусий инвесторларга қуввати 500 кВтгача бўлган микро гидроэлектрстанцияларни қуриш учун таклиф этилаётган лойиҳалар мавжуд. Жумладан, Тойлоқ туманида яна 3 та, Ургут тумани Айланма Дарғом каналида 6 та микро ГЭСлар қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, инвесторлар ёрдамида Иштихон туманидан оқиб ўтган Миёнқол-Хатирчи каналида 2 та, Зарафшон дарёсининг Булунғур тумани ҳудудида 3 та, Жомбой тумани қисмида 2 та, жами 16 та микро ГЭС қуриш таклифлари берилган.
Шу йил июль ойининг охирларида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Испай маҳалласи ҳудудидадан ўтувчи сойда ҳам микро ГЭС иш бошлади. У “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида барпо этилди. Сойнинг узунлиги 13 километр, секундига 2,4 куб метр сув ўтказиш имкониятига эга. Ўрганишлар баҳор келиши билан ундан оқадиган сув кўпая бошлашини, ёз ойларида янада жўшишини. куз-қиш мавсумида анчайин камайишини кўрсатди.
Шундан келиб чиққан ғолда, лойиҳачилар соатига 200 кВт қувват берадиган микро станция қуриш мумкинлиги бўйича тўхтамга келинди. Уни қуриш, агрегатларни ўрнатиш ва созлаш билан боғлиқ барча юмушлар “Ўзгидроэнерго” АЖ таркибидаги қурувчи ва муҳандислик корхоналари томонидан амалга оширилди. Хусусан, гидрогенераторлар “Сувсаноатмаш” АЖ ишлаб чиқариш негизида, саноат кооперацияси асосида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда тайёрланди. Натижада ягона тармоққа йилига 1,75 миллион кВт/соат`етказиб берадиган митти станция мана бир ярим ойдирки, аҳоли уйларини чароғон этиб келяпти.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Угам дарёсида умумий қуввати 4500 кВтга тенг бўлган 3 та мини гидпр иншоотлар каскади қурилиши, Ғазалкент туманида қуввати 600 кВтга тенг бўлган 2 та кинетик агрегатли микро ГЭС қурилиши бўйича “Гидропроект” АЖ томонидан ишчи лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда, Уларнинг ўртача йиллик ишлаб чиқариш қуввати
20 миллион киловатт-соатга тўғри келади. Ушбу лойиҳа туфайли Бўстонлиқ ва Ғазалкент туманининг 4200 та хонадонини ёки 16 минг 800 нафар аҳолисини экологик тоза электр энергия билан таъминлаш имконияти яратилади.
Андижон туманининг Завроқ маҳалласидан ўтган каналда қуввати 200 киловатт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 миллион киловатт-соат бўлган микро ГЭС ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Ушбу лойиҳа туфайли Андижон туманининг 300 та хонадонини ёки 1 минг 200 нафар аҳолисини экологик тоза электр энергия билан таъминлаш имкони яратилди. Хусусий сармоя ҳисобига қурилган митти ГЭСнинг умумий қиймати 3,4 миллиард сўмни, ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплаш муддати 4,4 йилни ташкил этади.
Олтинкўл тумани Улуғнор каналида қурилган ихчам ГЭС ўзига хос аҳамиятга эга. У бевосита каналнинг устига қурилган. Қуввати 50 киловатт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 360 минг киловатт-соатни ташкил этган мазкур “иншоот” 150 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлай олади. Бунинг учун чархпалак типидаги агрегат “Сувсаноатмаш” АЖда миллий бренд асосида ишлаб чиқарилди.
Андижон вилоятида аниқланган дастлабки рўйхатга кўра, умумий қуввати 19 мегаваттлик жами 52 та микро ГЭС қуриш режалаштирилган. Шундан, жорий йилда умумий қуввати 2 минг 130 киловаттли 7 та қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, сув босимида ишловчи 3 та микро ГЭС, 2 та сув юзида сузиб турувчи кинетик гидроагрегат ҳамда 2 та чархпалак туридаги лойиҳанинг ишга туширилиши кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш туфайли маҳаллий ҳудудда узлуксиз электр энергияси таъминотига эга бўлиш билан бир қаторда, 40 га яқин янги иш ўрни яратилади. Қурилиш-монтаж ишлари тендер савдолари орқали аниқланган маҳаллий пудрат ташкилоти томонидан 45 кунда амалга оширилади. Бундан ташқари, 2023–2024 йилларда Андижон вилоятида қуввати 6,9 мегаватт, ўртача йиллик энергия ишлаб чиқариш қуввати 33 миллион киловатт-соатга тенг “Жанубий Фарғона каналида ЖФК-3 ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Уни ишга тушириш орқали келгусида Булоқбоши туманидаги 14 минг хонадонни экологик тоза энергия манбаи билан таъминлаш мумкин бўлади.
ГЭСларни бунёд этишда бошқа инновацион имкониятларни ишга солишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналиш ГЭСлар ва сув омборларига ёндаш ҳудудларда умумий қуввати 100 мегаватт бўлган шамол ҳамда қуёш электр станциялари қуриш, сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали агрегатлар ўрнатиш назарда тутилган умумий қуввати 4,2 мегаваттлик пилот лойиҳаларни қамраб олган. Уларни амалга оширишга доир ўрганиш ишлари ижобий натижа берди. Шу боис, 2023 йил якунига қадар ГЭС ва сув омборлари ҳудудларида қуввати 10 мегаваттлик қуёш электр қувватларини ишга тушириш орқали “гибрид станциялар” яратилиши таъминланади.
Яна бир эътиборли томони, 2023 йилда жамият томонидан қуввати 26 мегаватт бўлган 34 лойиҳа ишга туширилади. Шундан 22 таси сув босимида ишловчи микро ГЭСлар бўлса, қолгани сув юзасида сузиб турувчи “кинетик” агрегатлардир. Натижада 47,6 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади, 48 минг 600 хонадон электр энергияси билан таъминланади ва 106 та янги иш ўрни юзага келади.
Шунингдек, жорий йилда жами 60 та, шундан “Ўзгидроэнерго” АЖ томонидан 22 та сув босими билан ишловчи ва 12 та сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали қурилма, хусусий сектор томонидан 16 та сув босими билан ишловчи агрегат ва 10 та чархпалак типидаги “иншоот” ишга туширилади.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳудудларда инновацион технологиялар (сув тўлқинлари, турбулент оқимли гидротурбина, шнекли турбиналар)дан фойдаланган ҳолда, қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд. Мисол учун, суғориш каналларидаги барча сув олиш нуқталарига 18,5 минг дона турбулент оқимли гидротурбиналарни ўрнатиш натижасида 1,1 миллион уй хўжалигини соф электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Бу юртимиздаги жами уй хўжаликларининг 15 фоизини ташкил этади.
ҚАРОРЛАР ҚАНДАЙ ИЖРО ЭТИЛЯПТИ?
— Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида хусусий сектор иштирокида қуввати 125 мегаватт, йиллик ўртача ишлаб чиқариши 675 миллион киловатт-соат бўлган 250 та микро ГЭС лойиҳасининг манзилли рўйхати шакллантирилган, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов. — Бу жараёнда ҳам уларнинг географик жойлашуви, сув оқимларининг барқарорлиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, иқлим ўзгаришлари туфайли сувлар камайиши юзага келаётганини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳаларни ишлашда жорий сув ҳажмидан 15 фоизга пасайтириб оляпмиз. Бундан ташқари, катта агрегатлар ёнига кичик-кичик агрегатлар ҳам қўйиляпти.
Айни пайтга қадар 50 дан ортиқ лойиҳанинг паспорти, ер майдонлари топотасвирга туширилиб, уларнинг контурлари аниқланди. Уларнинг 17 таси бўйича тадбиркорларга тақдим этиш учун ишчи ҳужжатлар ишлаб чиқилди, 14 таси юзасидан ер майдонлари маҳаллий идоралар билан келишилиб, “E-auksion” электрон платформасида савдоларга киритилган. Жорий йил охиригача яна 50 та микро ГЭС бўйича лойиҳа ташаббускорлари аниқланади. Яна шунча гидроиншоот бўйича ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, электрон аукционга қўйиш устида иш кетяпти.
Президентининг 2023 йил 30 мартдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар кўлами янада кенг. Унга мувофиқ, 2023–2030 йилларга мўлжалланган гидроэнергетикани янада ривожлантириш дастури тасдиқланди. Мазкур дастурга қўшимча истиқболли лойиҳалар киритилиши ҳисобига 2030 йилга бориб ҳосил қилиниши белгиланган 3 минг 416 мегаватт электр қуввати ҳажми қарийб 5 минг мегаваттга етказилади.
Ҳудудлар кесимида олганда, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида умумий қуввати 876 мегаватт бўлган Юқори Пском, Қоронғитўғай, Толдиқсой ГЭСлари, Ойгаин гидроэлектрстанциялари каскади ҳамда Юқори Пском гидротўплаш электр станцияси, Наманган вилояти Норин дарёсида умумий қуввати 225 мегаватт бўлган Норин, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида умумий қуввати 264 мегаваттлик Юқори Тўпаланг ГЭСлар каскадини қуриш мўлжалланмоқда.
2023–2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини оширишнинг янгиланган мақсадли кўрсаткичлари белгилаб олинди. Шунингдек, республиканинг 2023–2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва 2023–2027 йилларда амалга ошириладиган умумий қуввати 748,5 мегаватт бўлган 9 та, 2024–2030 йилларда мавжуд гидро салоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, янги қувватларни яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган 47 та инвестициявий лойиҳа ҳамда 2023–2025 йилларда кооперация асосида маҳаллийлаштириш учун таклиф этилаётган асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг рўйхати ҳам тасдиқланди.
Мустақиллигик ьайрами арафасида “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги 100 ёшга тенг бўлган “Бўзсув ГЭС-1” модернизациядан сўнг янгиланган ҳолда иш бошлади. Унинг аввалги қуввати 4 МВт (4 та гидроагрегат) бўлган, узоқ йиллар давомида эксплуатация қилингани сабабли 2 МВт га пасайиб қолган эди. Модернизация ишларидан кейин ГЭСнинг энергетик қуввати 6 МВт (2 та замонавий гидроагрегат) га етказилди. Янгиланган ГЭС йилига ўртача 44,4 миллион кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқаради.
“Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги “Оқ-қовоқ ГЭС-1” да ҳам худди шундай тадбир ўтказилди. Натижада аввал 34,7 МВт бўлган иншоотнинг қуввати модернизациядан кейин 39,7 МВт га етказилди. У Чирчиқ шаҳри аҳолиси ҳамда иқтисодий секторига йилига 213,8 миллион кВт соат электр энергияси етказиб бериш имкониятига эга бўлди.
Икки ГЭСдаги модернизация ишлари ХХРнинг соҳада етакчи корхоналаридан бири бўлган “CNTIC” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Жорий йилдаги йирик ишларга келганда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қуввати 196,8 мегаватт бўлган 7 та катта лойиҳа амалга оширилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 556,2 миллион киловатт-соат бўлган мазкур лойиҳалар ижроси таъминланиши натижасида 190 та янги иш ўрни яратилади.
Дастурга мувофиқ, 2030 йилга бориб соҳада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий этилган лойиҳаларнинг қувватини 445 мегаваттга етказиш ҳамда бу мақсадлар учун 831 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция жалб этилиши борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу умумий қуввати 46 мегаватт бўлган 5 та ГЭСни ишга туширишни назарда тутади.
Юртимизда гидроэнергетика соҳаси, хусусан, микро ва кичик ГЭСларни кенг кўламли қуриш ва зарурий ускуналарни маҳаллийлаштириш борасида ҳам ишлар кенг кўлам касб этиб боряпти. Хитой Халқ Республикасининг гидроэнергетика соҳасида юқори тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic” ва Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory” компаниялари билан ҳамкорликда мамлакатимизда қуввати 2 мегаваттдан 15 мегаваттгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш ишларига киришилди. Режага мувофиқ, мазкур ишлар икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган. Жамият тизимидаги корхоналар ишлаб чиқариш базасида 2024 йил 1 январга қадар қуввати 1 мегаваттгача бўлган, 2025 йил 1 январгача қуввати 15 мегаваттгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур турбина ва гидроагрегатлар ўзбек миллий бренди – “Made in Uzbekistan” номи остида тайёрланиб, қўшни давлатлар бозорига ҳам таклиф этилади.
Яна бир муҳим жиҳат, ўз соҳасида жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланган “Fitch Rartings” халқаро кредит рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолиятини баҳолаб келади ва тўрт йилдан бери ўз мавқеини барқарор ҳолатда сақлаб турибди. Жорий йилда ҳам жамият BB- (барқарор) халқаро кредит рейтингини сақлаб қолди ва бир поғонага ошириб, b+ даражага кўтарди. Бу билан у Ўзбекистонда шу даражага эга бўлган топ корхоналар рўйхатидан жой олди.
2023 йилда берилган рейтинг ўтган молия йилининг таҳлили натижалари сарҳисобига берилган баҳо ҳисобланади. “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг молиявий-иқтисодий бизнес стратегияси ҳолатини мустаҳкам ўсиб бораётгани ижобий баҳолади. Жамият
томонидан 2022 йилда саккизта лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида қўшимча 178 МВт ишлаб чиқариш қуввати яратилди ҳамда унинг умумий ҳажми 2230 МВтга етказилди.
Қўлга киритилган ютуқ келгусида “Ўзгидроэнерго” акцмядорлик жамиятининг иқтисодий барқарорлигини янада оширишга хизмат қилади ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий кредитларни давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш имкониятини беради.
Табиий савол туғилади, шовуллаб оқадиган сой ва ариқлари бўлмаган жойларда электр таъминотини таъминлаш учун қандай имкониятлар бор? Бундай шароитларда яшаётганаҳоли хонадонлари томига электр панеллар ва адирликларда шамол трубиналарини ўрнатиш қўл келади. Бу хусусдаги мушоҳадалар эса кейинги таҳлилларимизга мавзу бўлади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи