Лого Лого-пв-уз

    Ўқувчиларни касбга тўғри йўналтиришда Германия тажрибаси қўлланилади

    Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан битирувчиларни касб танлаши борасида ўтказилган ўрганиш ва тадқиқотлар натижалари таҳлили статистик рақамлар, хулоса ва таклифлар билан кенг оммалаштирилди.

    Институт таҳлилий натижаларга кўра, аниқланган бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Германиянинг Саксония касбга ўқитиш маркази (Bildungswerk der Sächsischen Wirtschaft GGMBH) билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

    Куни кеча томонлар ҳамкорликдаги вазифаларни белгилаш мақсадида учрашув ўтказди.

    Учрашувда аввало, айни масала, ўқувчи-ёшларни касбга тўғри йўналтирилиши ва бу борада мактаб директорлари ҳамда педагогларининг билимларини оширишда ҳамкорлик қилишга келишилди.

    Шунингдек, ўқувчиларнинг ҳаётда ўз ўрнини топа олиши ҳамда ёшлигиданоқ қайси касбга қизиқиши ва мойиллиги борлигини аниқлаш, уларга маслаҳат бериш масалаларида фикр алмашилиб, вазифалар белгиланди.

    Томонлар ўртасида шу ва таълимдаги бошқа масалаларда ҳамкорлик юзасидан Меморандум имзоланди.

    Меморандумда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ходимларини Германиянинг касбий таълим йўналишидаги тажрибаси асосида ўқитиш ва малакаларини ошириш белгиланди.

    Маълумот учун: Саксония касбга ўқитиш маркази нотижорат таълим муассасаси бўлиб, унинг қонуний мақсади Европада ёш ва катта ёшли фуқароларнинг фуқаролик, ижтимоий, иқтисодий ва илмий-техник таълимини ривожлантиришдир. Марказнинг ижрочи директори Ральф Ҳюбнер. Ташкилот 1990 йилдан буён турли соҳалар бўйича кадрларни касбга ўқитиш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.