Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлаштиришнинг навбатдаги мавсуми бошланди

    Яшил сайёра 1 феврал 2023 1832

    Бунинг учун самолётлар, дельтапланлар, юзлаб қишлоқ хўжалиги техникаси ва минглаб мутахассислар шай.

    Қуриган денгиз тубида чўл ўсимликларини етиштириш учун навбатдаги мавсум бошланди. Бу, ўз навбатида, қуриган денгиз қисмидан зарарли туз ва чангларнинг кўтарилишига тўсқинлик қилади.

    2018 йил декабрь ойидан ушбу дастурга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташаббус кўрсатилган эди.

    Ўтган давр мобайнида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Орол денгизининг қуриган қисмида 1 миллион 620 минг гектар майдонда саксовул, тамарикс ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат ўрмон барпо этилди.

    Оролқумда 2023 йил давомида яна 100 минг гектар майдонда ўрмонзорлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

    Мавсумнинг очилиш маросимида Фавқулодда вазиятлар вазири А. Х. Қўлдошев, Жўқорғи Кенгеси раиси А. Т. Ўринбоев, Экология партияси раиси А. Ҳамзаев ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.

    Эслатиб ўтамиз, Оролнинг қуриган тубидаги кўкаламзорлаштириш ишлари Президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т. А. Худайбергенов томонидан мувофиқлаштирилмоқда.