Орол муаммоси япон нашриёти нигоҳида

    “OISCA”журналининг январь ойига мўлжалланган сонида “Олисда бўлса ҳам яқин Ўзбекистон” сарлавҳали мақола чоп этилди.

    Мақола Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Фумихико Като ва OISCA ташкилоти президенти Эцуко Наканонинг қўшма суҳбати тафсилоти шаклида ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

    Унда суҳбат иштирокчилари Ўзбекистон ва Япониянинг тарихий боғлиқлиги ва мавжуд дўстлик ришталарини, жумладан, ўтган 30 йил давомида икки давлат юқори даражадаги ишонч ўрнатиш, икки томонлама ҳамкорликнинг зарур механизмларини яратиш, халқаро майдонда яқиндан ҳамкорликни ҳамда ўзаро қўллаб-қуватлашни йўлга қўйишга эришганини таъкидлашган.

    Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга буюрган биринчи расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда унутилмас тарихий воқеа бўлгани ҳолда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада жадал ривожлантириш учун яхши замин яратиш имконини бергани алоҳида қайд этилган.

    Асосий эътибор Ўзбекистондаги бугунги экологик ҳолат ва долзарб масалаларга қаратилар экан, иқлим ўзгариши ва экологик масалалар мамлакатга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатаётганлиги, хусусан, бу жараёнлар Марказий Осиёда дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда анча жадал кечаётгани баён қилинган.

    Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш борасида қатъий саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганлиги маълум қилингани ҳолда Япония кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг атроф муҳитини ҳимоя қилиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганлиги ва кўплаб экологик муаммоларнинг ечимида кўмак кўрсатаётгани қайд этилган.

    Орол денгизидаги экологик муаммо мақоланинг асосий мавзуси сифатида қаламга олинар экан, ушбу экологик фожиаси ерларнинг деградацияси ва чўлланиши, ичимлик суви етишмаслиги, тўйиб овқатланмаслик, маҳаллий аҳоли саломатлиги ва турмуш шароитининг оғирлашиши каби салбий оқибатларга олиб келгани таъкидланган.

    Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Орол ҳалокати оқибатларини минималлаштириш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш бўйича бир қатор узоқ муддатли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, жумладан, 2018 йилда Туркманистонда ўн йиллик танаффусдан сўнг Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши бўлиб ўтгани ва шу йили Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил қилингани қайд этилган.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2021 йил 18 май куни «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциянинг қабул қилингани ва ушбу резолюцияга дунёнинг 60 га яқин давлати, жумладан, Япония ҳаммуаллифлик қилгани алоҳида таъкидланган.

    Шу билан бирга, мақолада 2022 йил ноябрь ойида OISCA ташкилоти томонидан 10 йил давомида Орол денгизининг қуриган ҳудудининг 40 минг гектар майдонини кўкаламзорлаштириш лойиҳасига старт берилгани, мазкур лойиҳа Оролбўйидаги экологик вазият ва аҳоли фаровонлигини яхшилашга кўмаклашишига умид билдирилган.

    Маълумот учун: 1961 йилда Токио шаҳрида ташкил қилинган OISCA (The Organization for Industrial, Spiritual and Cultural Advancement) нодавлат халқаро ташкилотининг асосий фаолияти экологик, ижтимоий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан инсоният ривожига хизмат қилишга йўналтирилган. Шу мақсадда ташкилот томонидан ёшлар салоҳиятини ошириш, экологик таълим бериш, қишлоқларни ривожлантириш, ўрмонлар ва денгиз ресурсларини сақлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа ва дастурлар амалга оширилади. Бугунги кунга қадар дунёнинг 41 дан ортиқ мамлакатида 20 га яқин ана шундай дастурлар ҳаётга тадбиқ этилган.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates