Оролбўйи минтақаси – ижтимоий йўналтирилган инвестицияларни жалб қилиш макони

    Яшил сайёра 3 май 2022 1305

    Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Европа Иттифоқига аъзо бир қатор давлатлар делегацияларининг Қорақалпоғистонга, Оролбўйи минтақасига расмий ташрифини ташкил қилди.

    1960 йилларга қадар дунёда йириклиги бўйича кўллар ўртасида тўртинчи ўринда бўлган Орол денгизининг қуриб бориши жаҳон миқёсидаги энг катта антропоген экологик офатлардан бири бўлиб, унинг салбий оқибатлари миллий ва минтақавий чегаралардан ташқарига чиқиб бормоқда. Бу офат эпицентри Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган минтақада яшаётган миллионлаб одамларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатига салбий таъсир кўрсатяпти.

    Орол фожиаси фонида ривожланаётган инқироз бир қатор салбий оқибатларга, жумладан ерларнинг деградацияси ва чўлланиши, ичимлик сувининг етишмаслиги, маҳаллий аҳоли соғлиғининг ёмонлашишига олиб келади. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ва экологик вазият салбий таъсирларнинг кучайиши билан мураккаблашиб боряпти.

    Ташрифнинг биринчи кунида Европа Иттифоқи делегациясининг Орол денгизи тубининг қуриб қолган қисмига 27 мингта дарахт экиш акцияси расман бошланди. Европа Иттифоқи элчилари Мўйноқ туманида дарахтларнинг биринчи партиясини экиб, хотира лавҳасини ўрнатди ва шу билан Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларнинг минтақанинг «яшил» келажагига қўшган ҳиссасини қайд этди.

    Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси фаолияти доирасидаги экологик ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистоннинг яқин ҳамкоридир.

    Ҳозирги кунда ЕИ томонидан Жамғармага 5 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилди. Финляндия ва Норвегия ҳам ҳар бири 1 миллион евродан ўз ҳиссаларини қўшди. Бундан ташқари, Европа инвестиция банки ва Kreditanstalt für Wiederaufbau (KfW, Германия) томонидан 125 миллион евро ва 31,5 миллион евро миқдорида аралаш молиялаштириш шаклида молиявий ресурслар ажратилди.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси объектларига ташриф чоғида иштирокчилар маҳаллий аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш хизматлари билан таъминлаш, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан танишдилар, минтақага инвестицияларни янада кириб келишининг аҳамияти ва Жамғарма фаолиятини янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

    Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган қиймати 210 миллион доллардан ортиқ бўлган истиқболли дастур ва лойиҳалар тақдим этилди. Томонлар ушбу лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, уларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

    «Орол денгизининг йўқ бўлиб кетиши миллий чегаралардан ташқарига ёйилиб кетаётган фожиадир. Европанинг ривожланишнинг яшил йўналиши ҳамда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига мувофиқ, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар экологик таназзулнинг олдини олиш ва фожиадан зарар кўрган аҳолининг барқарорлигини юксалтириш борасидаги барча саъй-ҳаракатларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр. ЕИ БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига 5 миллион евродан ортиқ маблағ ажратди ва бу билан табиий офатнинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича юқори даражадаги содиқлигини таъкидлади.

    Айни пайтда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Оролбўйи минтақасини «яшил ривожлантириш» бўйича қиймати 150 миллион евродан ортиқ бўлган инвестициявий лойиҳа ишга тушириляпти. Лойиҳа Оролбўйи минтақасида ўрмон, сув ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ирригация тизимларини модернизация қилишни ўз ичига олади.

    Европа Иттифоқи Ўзбекистонга совға сифатида ҳамда мамлакат Ҳукуматининг чўлланишга учраган ерларни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил охиригача ЕИга аъзо 27 давлат номидан 27 000 та тўп дарахт экиш мажбуриятини ўзига олади. Шу орқали, биз келажакда «яшил» инвестициялар ва Оролбўйи минтақасида экотизимни яхшилаш ва барқарор ҳаётга йўл очиб беришга умид қиламиз», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан жаноби олиялари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида.

    Қорақалпоғистонда делегация аъзолари Жўқорғи Кенгес раиси М.K.Камалов, Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон давлат университети раҳбарияти билан учрашди.

    Учрашувлар чоғида олий таълим тизимини ривожлантириш, Европа ва Қорақалпоқ университетлари ўртасида талабалар алмашинуви дастурларини ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасининг барқарорлигини таъминлаш услубларини ёйиш, туризмни ривожлантириш ва бошқа соҳаларни ўз ичига олган инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

    Тахтакўпир тумани ўрмон хўжалигидаги лойиҳа ҳудудига делегациянинг ташрифи ҳам ташкил этилди. У ерда Европа томонига Траст жамғармаси ҳисобидан амалга оширилган лойиҳалар натижалари тақдим этилди.

    Хусусан, лойиҳалар доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди:

    1. Нукус шаҳри, Беруний ва Қўнғирот туманлари перинатал марказлари замонавийлаштирилди. Натижада атрофдаги 5 туманда яшовчи 11,5 минг киши ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олинди. Ҳозирги кунда 27 та тиббиёт муассасаси лаборатория ва 35 таси телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланяпти.

    2. Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларидаги 20 та тиббиёт муассасаси ва 15 та мактабда сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ишлари бошланди. 2 та мактабда замонавий АКТ дарслари ташкил этиляпти.

    3. Тахтакўпир туманидаги 5 та (Белтов, Тазаконис, Мулик, Маржанкўл ва Жанадарё) қишлоқ фуқаролар йиғинида 3,5 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

    4. «Темир» ва «аёллар» дафтарларига киритилган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 та кичик корхонага ёрдам берилди. 3 та агросаноат кооперативида замонавий ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, шунингдек, жунни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш ишлари олиб бориляпти.

    7та хонадонга боғдорчилик, паррандачилик, асаларичилик учун янги ускуналар етказиб бериш режалаштирилган. Натижада Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларида 200та янги иш ўрни яратилади.

    5. Тахтакўпир ўрмон хўжалигида питомниклар майдони 12 гектардан 50 гектаргача, ўрмон экиш ҳажми – 2 200 гектардан 5 000 гектаргача, чўл ўсимликлари кўчатларини йиғиб олиш йилига 8 тоннадан 65 тоннагача оширилди. Оролбўйи Халқаро инновация марказида сувни тежайдиган технологияларни намойиш этиш учун майдон яратиляпти.

    6. Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларида 40та инновацион лойиҳани қўллаб-қувватлаш, 26 минг нафар болани дегелминтизация қилиш, 10 минг нафар қизда камқонликнинг олдини олиш, 1 500 оилани соғлом турмуш тарзига ўргатиш, 400 нафар ёшни ижтимоий тадбиркорликка жалб этиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

    Қорақалпоғистон Республикасига ташриф давомида делегация аъзолари ҳудуднинг бой маданий мероси ва табиий объектлари билан ҳам танишдилар.

    Ташриф натижасида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга қаратилган лойиҳавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.